Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:25

Швед ҳакери ўзбек элчихоналари электрон почталарини вайрон қилди


21 ёшли швециялик ҳакер Дан Дегерсад ўзининг Интернет саҳифасига Ўзбекистоннинг дунё мамлакатларидаги 26 та элчихонаси ва 6 та консуллигининг электрон почтасига кириш маълумотларини жойлаштирди.

Бу билан у Ўзбекистон ҳукуматининг махфий ёзишмаларини ўқиш имкониятини элга дастурхон қилди.

Ўзбекистондан ташқари, асосан, Осиё қитъасидаги давлатлар элчихоналари ва вазирликларига қарашли жами юзта электрон почтага кириш маълумотлари ошкор қилинди. Бу ерда Эрон, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон элчихоналаридан тортиб, Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги, Гонгконгдаги сиёсий партиялар ва нодавлат ташкилотлар, Далай Ламанинг Япония ва Шарқий Осиёдаги ташқи алоқалар офисининг электрон почта маълумотлари ҳам бор.

Дан Дагерсад бу маълумотларни ўзининг DErangedSecurity.com сайтида ошкор этиш орқали мазкур давлатлар ҳукуматларини ахборот хавфсизлиги борасида огоҳлантиришни мақсад қилганини айтади.

Бу каби махфий маълумотларни жойлаштиргани учун Дан Дегерсад жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

“Агар Ўзбекистон элчихонаси бу борада шикоят қилса, қонунга биноан полиция бу ишни кўриб чиқади”, - дейди Швеция хавфсизлик идорасининг ўз исмини ошкор этишни истамаган мулозими.

Эсини танигандан бери компьютерлар билан шуғулланган Дан Дегерсад Швеция жанубидаги Мальмо шаҳрида ахборот хавфсизлигини таъминлаш хизматларини кўрсатувчи ўз компаниясига эга. Ахборот хавфсизлиги масаласига ҳукумат идораларининг қанчалик масъулиятсизлик билан қараётгани анчадан буён унинг жиғига тегар эди.

“Электрон почталарга кириш жуда ҳам осон, - дейди Дан Дегерсад “Озодлик” мухбири билан суҳбатда. - Бу фақат мен ёки дунёдаги энг илғор компьютер мутахассислари қўлидан келадиган иш бўлганда эди, муаммо бўлмасди. Муаммо шундаки, бу исталган одамнинг қўлидан келади. Шахсан мен 2 минут ичида хоҳлаган одамни бунга ўргатишим мумкин”.

Дан Дегерсад бунинг учун қамалишдан чўчимаслигини билдирди.

“Эрондан менга телефон қилишди ва жуда мулойимлик билан раҳмат айтишди. Тушунишимча, ҳиндистонликларнинг энсаси қотди. Эрон вакилларидан бошқа ҳеч ким мен билан гаплашишни истамади”, - дейди ҳакер.

Унинг айтишича, электрон почтага кириш маълумотлари ошкор этилган давлатларни атайин танламаган. Шунчаки бу давлатлар элчихоналари ўзлари ишлатаётган компьютер дастурларини яхши билмагани учун бу маълумотлар унга маълум бўлиб қолган.

“Улар ҳар гал электрон почтасини очганида менга уларнинг мактубларининг нусхаси келади. Лекин уларни ўқимайман, чунки мақсадим бу эмас”, - деди Дан Дегерсад.

Гарчанд Дан Дегерсад жиноий жавобгарликка тортилишини мумкинлигини англаса-да, ўзининг қилган ишига кимнингдир эътироз билдиришига ишонмайди.

“Улар бир оз ўзини босиб олгач, менинг мақсадим уларнинг компьютер тизимига кириш бўлмаганини тушунади ва хавфсизлик масаласида жиддий муаммоси борлигини англайди”, - дейди ёш ҳакер.

Айни пайтда швециялик ҳакернинг қилган ишини оқлаётганлар ҳам, қоралаётганлар ҳам топилади.

Компьютер хавфсизлиги дастурлари ишлаб чиқадиган “Симонтек” компанияси ахборот хавфсизлиги таҳлилчиси Пер Ҳелквистнинг таъкидича, давлатлар махфий ҳужжатларини ошкор этилишига йўл қўйиш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

“Адоватли ҳакерларнинг бу маълумотларни қўлга киритишини тасаввур қилиб кўринг. Бу маълумотлар ёрдамида улар анча бузғунчилик қилиши мумкин. Улар нафақат электрон почтани ўқиши, балки элчихона вакили сифатида исталган мазмундаги хатларни юбориши ҳам мумкин бўлади”, - дейди Пер Ҳелквист.

Бошқа давлатлар элчихоналарининг ахборот хавфсизлиги ҳақида қайғураётган Дан Дегерсанд ўз хизматларини таклиф этиш орқали пул ишлаш ниятида бўлса ҳам ажаб эмас. Бошқа томондан, бу иши унинг ўзи учун анча муаммо яратаётгани ва у кўпгина давлатлар душманига айлангани ҳам ҳақиқатдан йироқ эмас.
XS
SM
MD
LG