Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:22

Ҳавьер Солана Ўзбекистонни четлаб ўтади


Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана 8-10 октябрь кунлари Марказий Осиё давлатлари бўйлаб сафар қилишни режалаштирмоқда. У 3 кунлик сафари давомида Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда бўлади.

ЕИ Марказий Осиё бўйича янги стратегиясини эълон қилгандан буён тузилма ва минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатларда жимжитлик ҳукм сурмоқда. Ҳ.Солананинг сафари бу муносабатларга жон киритиши керак.

Ҳ.Солананинг матбуот вакили Кристина Галлаҳ “Озодлик” билан суҳбатда ушбу ташриф рамзий аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

“Бу минтақа биз учун аҳамиятли эканини кўрсатиш, бу ердаги мамлакатлар билан стратегик мулоқотни чуқурлаштириш ниятида эканимизни намойиш этишнинг энг яхши йўли уларга сафар қилишдир. Ҳ.Солана мазкур уч давлатни бир неча сабабдан келиб чиқиб танлади. У Ўзбекистон элчиси билан Нью-Йоркда учрашишга улгурганди. Тожикистон президенти билан ҳам у тез-тез алоқада бўлиб туради. Сафарга ажратилган вақтнинг қисқа экани эътиборга олинса, бизнингча тўғри давлатлар танланган”, – деди Кристина Галлаҳ.

Ҳ.Солананинг минтақа раҳбарлари билан музокаралари, асосан, икки асосий масала хусусида бўлади. Бу энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва наркотикларнинг ноқонуний савдосига қарши биргаликда кураш масалаларидир.

ЕИ энергия захираларга бой Марказий Осиё давлатлари билан яқин ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда мазкур минтақа раҳбарларини Россия ва Хитой анчадан буён авраб келади.

ЕИнинг мақсадлари ҳам аниқ, бироқ бу мақсадлар томон ҳали аниқ ҳаракат қилингани йўқ. Туркманистондан Озарбойжонга транскаспий газ қувурини қуриш режаси ҳамон режалигича қолмоқда.

Марказий Осиё минтақаси Афғонистондан Европа давлатларига етказиб бериладиган наркотиклар учун ҳам асосий коридор ҳисобланади. Европа кўчаларида сотиладиган героиннинг 90 фоизи Афғонистон далаларида етиштирилган кўкноридан олинган.

3 октябрь куни Европарламентдаги чиқишида Ҳ.Солана Ғарб давлатларининг Афғонистонни барқарорлаштириш йўлидаги саъй-ҳаракати учун Марказий Осиё давлатлари муҳим омил сифатида хизмат қилишини билдирганди.

“Мен Афғонистонга чегарадош давлатларга сафар қилиб, наркотиклар савдосининг олдини олиш учун ҳамкорликни кучайтириш масалаларини ўрганаман. Афғонистондаги муаммоларни тасаввур қилиб кўринг. Абгор хавфсизлик вазияти, марказий ҳукуматнинг мамлакатни тўла назорат қилмаётгани ва боз устига, наркотиклардан келаётган пуллар... Бу пуллар мамлакатда коррупцияни ривожлантиришга қодирлиги эса вазифамизни оғирлаштирмоқда. Шунинг учун наркотикларга қарши кураш Афғонистонни барқарорлаштириш йўлидаги асосий стратегиямиз бўлиши керак”, - деганди Ҳавьер Солана.

Ҳ.Солана ўз гапига аниқлик киритмаган эса-да, кўкнори етиштириш Афғонистонга қўшни давлатларда ҳам кўпайиб бораётганини айтди.

Ҳ.Солананинг Ўзбекистонга сафар қилмаслик қарори ЕИнинг президент Ислом Каримов билан мулоқот ўрнатиш ҳаракатлари берк кўчага кирганини кўрсатади.

Туркманистон эса ЕИнинг Марказий Осиёдаги энг яхши ҳамкорига айланмоқда ва бу алоқалар янада кенгаядиганга ўхшайди. Зеро, жорий йил охирига қадар президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов ҳам Брюсселга сафар қилишни режалаштирмоқда.
XS
SM
MD
LG