Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:20

Ўзбекистонга тўғридан-тўғри хорижий сармоя кам кирмоқда


БМТ Савдо-сотиқ ва ривожланиш кенгашининг йиллик ҳисоботида ўтган 2006 йилда дунёда тўғридан-тўғри сармоялар оқими 38 фоиз ортиб, жами бир триллион 306 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани айтилади.

Дунё бўйлаб тўғридан-тўғри сармоялар 3 йилдан буён мунтазам ортиб бормоқда. Бу эса дунёнинг кўпгина давлатларида, шу жумладан, МДҲ ҳудудида ҳам иқтисодий ўсиш кузатилаётганидан дарак беради.

АҚШ хориж сармояларини жалб этиш бўйича ҳамон биринчиликни қўлдан бой бермаётир. Ривожланаётган мамлакатлар орасида Хитой етакчилик қилаётган бўлса, МДҲ мамлакатларида энг кўп тўғридан-тўғри хориж сармоясини Россия жалб этмоқда.

2006 йилда Ўзбекистон тўғридан-тўғри сармоя энг оз кирган давлатлардан бири бўлди.

БМТ ҳисоб-китобига кўра, ўтган йили Ўзбекистон атиги 164 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хориж сармоясини кирита олган, холос.

БМТ ҳисоботи муаллифларидан бири Калман Калотайнинг “Озодлик”ка айтишича, Ўзбекистонга киритилган сармоя миқдори ниҳоятда оздир. Масалан, Қозоғистон 6 миллиард доллар хориж сармоясини жалб этган. Ўзбекистонга киритилган сармояларнинг асосий қисми нефть ва газ соҳасига тўғри келади.

“Бундай сармоялар эса оддий аҳоли турмуш даражасига катта таъсир этмайди. Уларни сохта сармоялар, деб айта олмаймиз. Лекин бундай сармоялар олувчи мамлакат ичида ёйилмайди. Тўқимачилик саноатидаги каби кўплаб иш жойларини пайдо қилмайди ҳам”, – деди К.Калонтай.

Расмий Тошкент БМТ Савдо-сотиқ ва ривожланиш кенгашининг бундай хулосаларига аввал ҳам рози бўлмаган, ҳозир ҳам рози бўлмайдиганга ўхшайди.

Бироқ Калман Калотай фикрича, Ўзбекистонга киритилаётган сармояларнинг озлигига мамлакат ҳукумати тавсияларни эшитишни истамагани сабабдир.

“Хориж сармояларнинг камлиги Ўзбекистондаги сиёсий беқарорлик, бизнес муҳитнинг абгорлиги билан изоҳланади. Хориж шартномалари билан боғлиқ муаммолар манзарани тўлдириб турибти. “Ньюмонт” компанияси билан содир бўлган биргина воқеани эсга олинг. Ҳамкасбларим Ўзбекистондаги сармоя муҳитини яхшилаш бўйича 1998 йилдаёқ ҳукуматга ўз тавсияларини берган. Лекин бу тавсиялардан жуда оз қисмигина амалга оширилди”, – деди Калман Калотай.
XS
SM
MD
LG