Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:25

Каримов Ашхободга ўзидан аввал эстрада юлдузлари десантини юборди


18–19 октябрь кунлари Ўзбекистон президенти Ислом Каримов давлат ташрифи билан Туркманистонда бўлади. Ушбу ташриф сўнгги йиллар манзарасида бу давлатлар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш томон ташланган энг салмоқли қадам сифатида таърифланмоқда.

И.Каримовнинг Туркманистонга давлат ташрифига қарийб ярим йилдан буён тайёргарлик кўрилмоқда. Ўтган муддат давомида икки давлат ташқи ишлар вазирлари сафар алмашди. Вазирлар ва дипломатик доираларнинг ўнлаб учрашувлари ва мулоқотлари бўлиб ўтди. Ҳатто И.Каримовнинг Туркманистонга сафари мутлақо ҳал бўлиб турган пайтда ундан аввал Ашхободга Ўзбекистон эстарада юлдузлари юборилди. Бу ерда уларнинг катта дўстлик концерти уюштирилади.

Ўзбекистонлик хонандалар ҳам Ўзбекистон-Туркманистон муносатбатлари ҳақида гапиришга ижозат олганлигини англагандай кўринади. Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланаётганидан хурсанд эканини айтди. Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаева эса икки давлат президентлари учрашувини олқишлади.

Ўзбекистон санъаткорларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон расмийлари И.Каримовнинг Ашхободга сафари борасида ҳозирча сукут сақламоқда.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги тарқатган 3 жумлалик хабардан президентларнинг қандай масалаларни муҳокама этиши ҳақида ҳам, қандай ҳужжатларга имзо қўйилиши ҳақида ҳам билишнинг имкони йўқ.

Ҳар қалай И.Каримовнинг Ашхободга икки кунлик давлат ташрифи Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов билан кўплаб масалаларни муҳокама этишга етарли бўлиши лозим. Президентлар ўртасидаги музокаралар марказида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, фуқароларнинг чегарадан ўтиши масаласи, юк транзити ва гуманитар соҳасидаги ҳамкорлик туриши айтилмоқда.

Лондодаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Марказий Осиё давлатлари бўйича тадқиқотчиси Ширин Акинер президентлар асосий эътиборини энергетика соҳасига қаратишини тахмин қилмоқда.

“Хусусан, Туркманистондан Ўзбекистон орқали Хитойга ўтувчи газ қувури лойиҳаси кун тартибидаги асосий масала бўлади. Бу масала лойиҳада иштирок этаётган барча давлатлар учун ўта муҳимдир. Бундан ташқари, Россия, Қозоғистон ва Туркманистон ўртасида келишилган нефть ва газ иттифоқи истиқболлари ҳақида гаплашилади. Чунки кичик ОПЕК номини олган бу иттифоққа келажакда Ўзбекистоннинг ҳам қўшилиши турган гап”, – деди Ш.Акинер.

Унинг таъкидлашича, И.Каримов ва Қ.Бердимуҳаммедов ўртасидаги учрашувда кўп мавзулар саҳна ортида муҳокама этилади ва жамоатчиликка ошкор этилмайди.

“Менимча, улар бир-бирига дарс беришга ҳаракат қилмайди. Лекин агар Ўзбекистон президенти Қ.Бердимуҳаммедовга нима қилиш кераклигини айта бошласа, жуда катта хатога йўл қўйган бўлади. Чунки бу каби муносабатни туркманлар кўтара олмайди”, – деди Ш.Акинер.

И.Каримов Ўзбекистонга Тожикистон ёки Қирғизистончалик боғлиқ бўлмаган Туркманистон билан эҳтиёткорона сиёсат юритиши тахмин қилиняпти.

Швециядаги Марказий Осиё ва Кавказ институти бош муҳаррири Мурод Эсенов фикрича, И.Каримов учун Қ.Бердимуҳаммедовни ўз иттифоқчисига айлантириш принципиал масаладир.

“Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида ҳамкорлик ва яхши қўшничилик муносабатларининг янги саҳифаси очилмоқда. Бу ерда мисли бир рақобат кетяпти. Ўзбекистон атрофидаги давлатлар уни четлаб, ўзаро яхши муносабатлар ўрнатяпти. Шу маънода Ўзбекистон изоляцияда қолиши мумкин. И.Каримов изоляцияда қолмаслик учун Қ.Бердимуҳаммедов билан учрашмоқда”, – деди М.Эсенов.

Қ.Бердимуҳаммедов Ўзбекистон билан ҳамкорликдан авваламбор иқтисодий фойда олиш ниятида. Туркман юклари ва газининг салмоқли қисми ҳамон Ўзбекистон орқали ўтади. И.Каримов ва Қ.Бердимуҳаммедов учрашуви давлатлар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш томон ташланган энг жиддий қадам бўлишига қарамай, унинг барча муаммоларни ҳал этмаслигини ҳам кўпчилик англайди.
XS
SM
MD
LG