Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:25

Покистон намойишлар ўти ичида қолди


Покистонда мамлакат президенти Парвез Мушарраф фавқулодда ҳолат эълон қилганига қарши норозилик акциялари авж олмоқда. Йирик шаҳарлар намойишлар билан қамраб олинган.

Исломобод, Лаҳор, Карачи, Равалпинди ва Мўлтон шаҳарларида йирик намойишлар ўтказилди. Полиция намойишларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва тўқмоқларни ишга солмоқда.

Намойишчилар орасида мухолифат тарафдорлари, ҳуқуқшунослар ва журналистлар бор. Ҳозирга қадар Покистон хавфсизлик кучлари мухолифатнинг юзлаб лидерларини ҳибсга олди.

Фавқулодда ҳолат эълон қилингандан сўнг юзага келган вазият ҳақида оддий покистонликлар жуда чекланган ахборот олмоқда. Мамлакат бўйлаб барча хусусий ва хорижий телеканаллар ва радиолар трансляцияси тўхтатиб қўйлган. АҚШдаги Журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва ҳамда Франциядаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти П.Мушаррафни оммавий ахборот воситалари фаолиятини қайта тиклашга чақирмоқда.
Покистонлик журналистлар ҳам бўш келмай, айни талаблар билан норозилик акцияларида қатнашмоқда.

Покистон журналистлари федерацияси фаоли ва хусусий телеканал мухбири Мадор Аббос намойишлар давомида кўплаб журналистлар калтакланганини ва ҳибсга олинганини ўз кўзи билан кўрган.

“Вазият жуда таранг ва мавҳумдир. Мамлакат бўйлаб норозиликлар давомида бир неча журналист ҳибсга олинди, операторлар калтакланди. Уларнинг видеокамералари синдириб ташланди. Маълум бўлишича, Покистонда урду тилида чиқадиган энг йирик “Жаҳон” газетасининг босмахонаси полиция томонидан ўраб олинган”, – деди Мадор Аббос.

П.Мушарраф мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилар экан, ўз қарорини жангарилар уюштираётган зўравонликлар ва ҳукуматни фалаж қилган суд тизими туфайли юзага келган кескин вазият билан изоҳлаган эди. Бу қарор доирасида оммавий ахборот воситалари овози бўғиб қўйилгани эса журналистларнинг масъулиятсизлиги билан тушунтирилмоқда. Нафақат хусусий маҳаллий телеканаллар, балки “Би-би-си”, “Си-эн-эн” каби дунёнинг етакчи телеканаллари ҳам трансляция қилинмаётир.

“Одамларга етарлича ахборот етказилмаётган шароитда мамлакатдаги вазият янада таранглашмоқда. Лекин ҳукумат матбуотни мажақлаб ташлашга қаттиқ аҳд қилган кўринади”,- дейди журналист Мадор Аббос.

Сўнгги пайтларда Покистонда кучайиб бораётган хусусий телеканаллар генерал П.Мушаррафнинг қайта президент этиб сайланиши нақадар қонуний бўлганини шубҳа остига ола бошлаган эди. Бу борада Покистон Олий судининг қарори кутилаётганди. П.Мушарраф ўзига унча мойиллик кўрсатмаган суд қарорини кутмади ва Олий суд раисини алмаштирилди.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакили Винсент Броссель фикрича, бу қарор ноқонуний ишларни одамлардан яшириш мақсадида қабул қилинган.

“Хусусий телеканаллар ўтган ой давомида Олий суд бўҳронини яхши ёритиб борди. Улар ҳуқуқшуносларга қарши зўравонликлар бўлаётганини фош этди. Одамлар бу каналларга жуда боғланиб қолганди. Ахборотни назорат қила олмай қолган ҳукуматга эса бу жуда ҳам ёқмади”,– деди Винсент Броссель.

Олий суднинг президент қарорига қарши чиқаётган судьяси Шайх Икром Покистондаги фавқулодда вазиятни “Мушаррафнинг катта фитнаси”, деб атади.

“Бу фитнанинг мақсади эса битта. Генерал Мушарраф худди аввалгидай ўзининг Покистон устидан ноқонуний ва зулмона назоратини сақлаб қолмоқчи”, – деди судья Шайх Икром.

Парвез Мушарраф ўз ҳаракатлари билан президент курсисида қолишнинг қонуний чораси қолмаганда конституцияни бекор қилиб, бевосита ва фавқулодда ҳолат эълон қилиш мумкинлигини кўрсатаётгандек. Хавотирлиси шуки, бу тажриба айни муаммоларга дуч келиши мумкин бўлган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини қизиқтириб қолса, ажаб эмас.
XS
SM
MD
LG