Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:30

Ўзбекистон президенти шайхлар билан яқинлашмоқда


5 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Бирлашган Араб Амирликлари ички ишлар вазири шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаённи қабул қилди. Учрашувда томонлар хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик масаласини муҳокама этди.

Ол Наҳаён БААнинг ўтган бир ой очида Ўзбекистонга сафар қилган иккинчи юқори мартабали расмийсидир. Октябрь ойида Тошкентга ташриф буюрган БАА бош вазири, Дубай амирлиги ҳукмдори шайх Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум Ўзбекистон билан савдо-сотиқ ва иқтисодий соҳасидаги ҳамкорликни рағбатлантиришга қаратилган ҳужжатларни имзолаганди.

Араб дунёсининг Ўзбекистонга қизиқиши ва айни пайтда Ўзбекистон президентининг араб шайхларини илиқ қабул қила бошлаши ортида қандай сабаблар бор?

БАА ички ишлар вазирини қабул қилар экан, И.Каримов бунинг сабабларини ўзаро ҳурмат ва диний бирлик билан изоҳлашга ҳаракат қилди.

БАА, қолаверса, бутун араб дунёси билан муносабатларнинг яхшиланиши Исломий маориф, фан ва маданият ташкилоти Тошкентни 2007 йилги Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинганидан сўнг кузатилди.

Тошкент шаҳри Ислом маданияти пойтахти сифатида эътироф этилганига қарамай, Ўзбекистонда мусулмонларнинг таъқиб этилиши кўп йиллардан буён араб давлатларини ташвишга солиб турган.

Собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, БАА расмийлари бу масалада бефарқ эмаслигини расмий Тошкентга билдириб қўяди.

БАА билан иқтисодий муносабатларни рағбатлантиришдан Ўзбекистон ҳам манфаатдор. БААдан Ўзбекистон бозорига мобил телефонлардан тортиб телевизорларгача бўлган кўплаб номдаги маиший жиҳозлар келтирилади. Дубай, шунингдек, ўзбекистонлик фоҳишаларнинг асосий маконларидан бири саналади.

И.Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова учун БАА Ўзбекистондаги бизнесидан олинаётган даромадларни жойлаштириш учун қулай бир давлатга айланган.

2001 йилда Г.Каримова ўзининг молиявий маслаҳатчиси Фарҳод Иноғомбоев ёрдамида БААнинг эркин савдо макони саналган Шаржа шаҳрида “REVI Holding” фирмасини ташкил этган. Ф.Иноғомбоев кейинчалик ошкор этган ҳужжатларга кўра, ушбу фирманинг ҳисоб рақамларига қисқа муддат ичида Ўзбекистондан мисли кўрилмаган маблағлар оқиб кела бошлаган.

Кейинчалик фирманинг номи “Camfed” деб ўзгартирилди. Унинг ҳамон мавжудлиги борасида ёки бугунги номи маълум эмас.

БААнинг ички ишлар вазири даражасидаги расмийсини қабул қилар экан, И.Каримов дунёнинг етакчи банклари ўз қароргоҳларини очган БАА ўзининг оиласи учун ҳамон долзарб қолаётганини намойиш этаётгандек.
XS
SM
MD
LG