Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:21

Россия Европада хавфсизлик учун муҳим шартномадан вақтинча чиқди


Россия парламентининг қуйи палатаси - Давлат думаси Кремлнинг Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартномадаги иштирокни вақтинча тўхтатиш ҳақидаги таклифини бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Энди бу қарор парламентнинг юқори палатаси томонидан тасдиқланиши керак.

Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартномага эришиш учун НАТО ва собиқ Варшава пактига аъзо давлатлар 10 йил сарфлаган. Ниҳоят 1992 йилда кучга кирган шартнома Атлантика океани ва Урал оралиғида жойлаштирилган танклар, артиллерия ва ҳарбий самолётлар сонини чеклайди. Шартномага қанчалик риоя этилаётганини назорат қилиш учун томонлар бир-бирининг ҳудудида текширувлар ўтказиш ҳуқуқини олди.

Варшава пакти инқирозга учрагандан сўнг қурол-яроғ чекловини унга аъзо бўлган ҳар бир давлатга жорий этиш мақсадида 1999 йилда шартнома янгиланган кўринишда Истанбулда муҳокама этилди. Бироқ шартноманинг бу янги кўринишини фақатгина Беларус, Қозоғистон, Россия ва Украина ратификация қилди.

НАТОга аъзо давлатлар шартномани ратификация қилмади ва буни Россиянинг Истанбулда олган мажбуриятини бажармай, Грузия ва Молдовадаги қўшинларини олиб чиқмагани билан изоҳлади.

Ўшандан буён бу масала Россия ва НАТО ўртасидаги асосий келишмовчилик ҳисобланади.

Бу масала очиқ қолаётган бир пайтда АҚШ Марказий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизимини жойлаштириш режаси ҳақида эълон қилди. Москванинг Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартномадан чиқиши АҚШнинг мана шу режасига жавоблардан биридир.

Давлат думаси қарорига шарҳ берган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мамлакат шартноманинг ўзгартишлар киритилган кўринишини бекор қилмаётганини билдирди.

“Биз шунчаки бугунги кун талабларига жавоб бера олмай қолган шартномадаги иштирокимизни тўхтатяпмиз. Биз шартноманинг бошқа аъзоларидан унинг ўзгартирилган версиясини ратификация қилишини кутиб қоламиз”, – деди Сергей Лавров.
XS
SM
MD
LG