Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:19

БМТда Ўзбекистондаги қийноқлар масаласи муҳокама этилади


БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси 9 ноябрь куни Ўзбекистондаги қийноқлар масаласини муҳокама қилади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ва маҳаллий ташкилотлар қўмитани Ўзбекистон ҳукуматини кескин қоралашга чақирмоқда.

Роппа-роса 5 йил аввал БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен Ўзбекистонга сафар қилиб, бу мамлакатда қийноқлар “мунтазамлик касб этиши” ҳақида хулоса берганди.

Энди БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси Ўзбекистондаги қийноқлар масаласини махсус муҳокама этиб, бир ой ичида бу борадаги ўз қарашини яна бир бор эълон қилади.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг 7 ноябрда эълон қилинган 90 саҳифалик ҳисоботида Ўзбекистонда даҳшатли қийноқлар кенг миқёсда қўлланилаётгани алоҳида қайд этилган.

Ушбу ҳисобот ёрдамида ташкилот БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси эътиборини Ўзбекистондаги қийноқлар жиддий муаммо эканига яна бир бор қаратиш ниятида.

“Биз қийноқларга қарши қўмита Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам қўлланиши, вазият мутлақо ўзгармаганини англайди, деб умид қиламиз”, – деди ҲРУнинг Женевадаги вакиласи Жулиетта Риверо.

ҲРУ ҳисоботида Ўзбекистонда маҳбусларга қўлланилаётган қийноқлар кўламидан ташқари уларнинг даҳшатли турлари ҳақида ҳам алоҳида тўхтаб ўтилган.

“Бу ҳисобот мамлакатдаги судлов жараёнининг барча поғоналарида ҳибсга олинганларга босим ўтказилаётгани ёки қийноқларга солинаётганини кўрсатади. Маҳбусларга бундай муносабатда бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан бирортаси ҳам жазога тортилмаган. Қийноқлар қурбонлари берган кўрсатмаларга асосланилган ҳисоботда маҳсусларни противогаз ва полиэтилин пакетлар билан бўғиш, турли усуллар билан жинсий таҳқирлаш, электрошок ва тўқмоқлар билан калтаклаш ҳолатлари акс этган”, – дейди Жулиетта Риверо.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ҳам БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасига мамлакатдаги қийноқларга оид муқобил ҳисоботни тақдим этди.

Гуруҳ раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, Ўзбекистондаги қийноқлар муаммоси йил сайин оғирлашмоқда. Милиция ва Миллий хавфсизлик хизмати терговчиларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақида суд жараёнларида тез-тез эшитиш мумкин. Судланувчиларнинг ўзларига нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақидаги баёнотлари судда инобатга олинмайди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, қийноқлардан шикоят қилган ўзбекистонлик минглаб фуқароларнинг мурожаатлари мукаммал ҳужжатлаштирилган бўлиб, бундай фактлар эртами-кеч айбдорларни жазолаш имконини беради.
XS
SM
MD
LG