Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:34

Ўзбекистоннинг Қийноқларга қарши қўмитага “сюрпризи”


Диний айбловлар билан Андижон шаҳридаги Т-1 сонли қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган маҳбус Фитрат Салоҳиддинов оғир қийноқлар остида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи хабар тарқатди.

Мазкур гуруҳ раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, 12 ноябрь куни эрталаб соат 10 да Ф.Салоҳиддиновнинг жасади уйига олиб келинган, ҳуқуқ-тартибот идораларининг қатъий назорати остида 3 соат ичида шошилинч дафн қилдирилган.

“Мен борганимда марҳумнинг уйи фуқаролик кийимидаги ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ўраб олинган, ҳеч ким ичкарига қўйилмаётган экан. Ҳатто яқин қариндошлари ҳам телефон рақамларини беришга қўрқди. Аммо бу маҳбус қийноқлар остида вафот этгани аниқ. Буни тасдиқловчи манба бор бизда”,- деди С.Икромов.

Ўз вақтида Андижон қамоқхонасида бир ой ўтириб чиққан андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Акбаржон Орипов бу қамоқхона азалдан қаҳри қаттиқ назоратчилари ва ўта шавқатсиз ички режими билан маълумлигини айтади.

“Бу қамоқхонанинг ўзи ҳам жуда эски, хароб аҳволда. Маҳбусларнинг қийноққа солиниш эса одатий манзара. Қийноққа солинаётганларнинг оҳ-воҳлари йўлакларда тинмай эшитилиб туради. Андижон воқеаларидан кейин қамоқхона раҳбарияти алмашди ва эшитишимча, ҳозир у ерда ички назорат яна ҳам кучайтирилган, ташқарига ахборот чиқиши жуда қийин”,- дейди А.Орипов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи шу кеча-кундузда тарқатган яна бир хабарда эса Навоий шаҳридаги 64/46-қамоқхонада 25 та диндор маҳбус намоз ўқигани учун ўта оғир қийноқларга солингани ва бу қийноқлар ўлим ҳолатининг олдини олиш учун санитар врач кузатувчи остида амалга оширилгани айтилади. Жумладан, 5 маҳбус радио товуши баланд қилиб қўйилган хонага олиб кирилиб, роса калтакланган, тепага кўтарилиб, ташлаб юборилган. Шундан сўнг бир маҳбус номаълум манзилга олиб кетилган, бири ўз қон томирини кесган, яна бири эса иккинчи қаватдан ўзини ташлаган. Ҳозир кейинги икки маҳбус ўта оғир аҳволда экани хабар қилинмоқда.

“Афсуски, ташкилотимизда бундай хабарлар жуда кўп ва биз бу маълумотларни тасдиқловчи фактлар, фотосуратлар жам қилинган 56 саҳифалик ҳисоботни БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасига тақдим қилганмиз. Қўмитанинг Женевада ўтаётган йиғилишида мен ҳам қатнашишим керак эди. Аммо менга номаълум сабабларга кўра, йиғилишга бора олмадим”,- дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси, “Эзгулик” жамияти ҳисоботлари ҳам қўмитага тақдим қилинган. Бу ҳисоботларда ҳам мамлакатдаги қамоқхоналарда қийноқлар қўлланилаётгани, қийноққа солинган маҳбусларнинг яқинлари арзи беэътибор, қийноқларни амалга оширган амалдорлар эса жазосиз қолаётгани айтилган.

Қийноқларга қарши қўмитада 12 ноябрь куни Ўзбекистондан келган бир неча юқори мартабали давлат расмийлари, жумладан, Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Эсонмурод Қаниязов, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази вакиллари расмий ҳисобот ҳам тақдим қилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида расмий делегацияга бош бўлган адлия вазири ўринбосари Эсонмурод Қаниязов қўмита йиғилишида маъруза қилгани, Ўзбекистон томонидан тақдим қилинган учта ҳисобот тинглангани хабар қилинмоқда.

ТИВ хабарида бу ҳисоботларда сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вазият яхшилангани, айбланувчиларни ҳибсга олиш ҳоллари эса 2 баробар камайгани, БМТнинг 2002 йилда Ўзбекистонга келган қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовеннинг 22 бандли тавсияларига биноан ишлаб чиқилган давлат режаси бажарилгани айтилган.

Ўзбекистондаги қийноқлар масаласидаги тингловлардан сўнг БМТ экспертлари расмий ҳисобот ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ноҳукумат ташкилотлар тақдим қилган мустақил ҳисоботлар бўйича Ўзбекистон расмийларини саволга тутди.

Ўзбекистон расмийларининг жавоблари мазмуни ва умуман Ўзбекистондаги қийноқлар вазияти бўйича жами ҳисоботлар юзасидан БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси жавоби, қўмита матбуот вакилининг сўзларига кўра, барча давлатлар бўйича тингловлар ниҳоясига етиб бўлганидан сўнг, яъни 24 ноябрь куни эълон қилинади.
XS
SM
MD
LG