Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:33

Россияда мухолифат намойишларини куч билан бостириш давом этаётир


Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида президент Владимир Путин режимига қарши уюштирилган намойиш тарқатиб юборилди, мухолифатнинг ўнлаб фаоллари калтакланиб ҳибсга олинди.

Мухолифатга нисбатан бундай чоралар қўлланганига улар шаҳардаги тарихий Қишки сарой яқинида намойиш ўтказишга тақиқни бузгани сабаб қилиб келтирилмоқда.

Намойишчилар ўзларининг тинч мақсадда эканини кўрсатиш учун кўксига оқ чиннигуллар тақиб олганди. Лекин улар “Яблоко” партияси қароргоҳидан намойиш жойига энди юриш бошлаган заҳотиёқ тўхтатиб қолинди.

Намойишчилардан кимдир “Миллий большевиклар” партиясининг қора байроғини кўтаргандан сўнг полиция одамларни уриб, ҳибсга ола бошлади.

Ҳибсга олинганлар орасида Гарри Каспаров бошчилигидаги “Бирлашган фуқаролар фронти” етакчилари Ольга Курносова ва Никита Белих ҳам бор.

Мухолифатнинг “Ўзгача Россия” коалицияси вакилларининг билдиришича, ҳозирга қадар мухолифат етакчиси Борис Немцов ва 300 намойишчи ҳибсда қолмоқда.

Петербургдаги намойишдан бир кун аввал Москвадаги шунга ўхшаш тадбир ҳам куч билан тарқатиб юборилган, мухолифат етакчиси Гарри Каспаров ҳибс этилган эди.

Шанба куни Москва суди Гарри Каспаровни рухсат этилмаган намойиш уюштириш ва милицияга қаршилик кўрсатиш айби билан беш кунлик қамоқ жазосига ҳукм этди.

Намойиш вақтида Гарри Каспаров президент Владимир Путин режимидан тезроқ қутилишга чақирганди.

“Бу режимнинг сақланиб қолиши Россиянинг мавжудлигига таҳдид солади. Фикримизча, ҳозирги асосий вазифа коррупциялашган, жиноийлашган ва ёлғончи режимни аста-секин емиришдир. Бу режим бугунги долзарб муаммоларни нафақат ҳал этиш, балки уларни кун тартибига қўйишга ҳам ожиз”, – деганди Г.Каспаров.

Россия Марказий сайлов комиссияси Гарри Каспаров бошчилигидаги “Ўзгача Россия” коалицияси номзодларини 2 декабр куни ўтказиладиган парламент сайловидан четлаштирган. Шундай вазиятда мухолифат партиялари мамлакат бўйлаб яна бир қанча норозилик акциялари ўтказишни режалаштирмоқда.

Кремль расмийлари бу норозилик акциялари ва юришлари Ғарб эътиборини жалб этиш мақсадида ўтказилаётганини ва намойишчилар халқ томонидан қўллаб-қувватланмаслигини айтмоқда.

Кремль эса айни пайтда президент В.Путин халқ томонидан қўллаб-қувватланадиган энг таниқли сиёсатчи эканини кўрсатувчи сўров натижаларини кўз-кўз қилаётир.

КГБнинг собиқ ходими В.Путин 2008 йил март ойида янги президент сайлангандан сўнг ўз лавозимини тарк этишни ваъда берган. Аммо у “Ягона Россия” партияси ёрдамида мамлакат сиёсатида ўз таъсирини сақлаб қолиш ниятини намойиш этаётир.
XS
SM
MD
LG