Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:32

“H&M” ўзбек пахтаси душманлари сафига қўшилди


Европада кийим-кечак ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича иккинчи ўринда турувчи “H&M” компанияси БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларни пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланаётган Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказишга чақирди.

Дунёда етакчи тикувчилик компанияларидан бири саналган “H&M” ўзига Ўзбекистон пахтасидан ясалган матоларни етказиб берадиган воситачиларига нисбатан чора кўриш ниятида.

Эстониядаги энг йирик “Kreenholm” тўқимачилик ширкати ҳам Ўзбекистон пахтасидан фойдаланишни тўхтатганини эълон қилди.

“Ўзбекистонда пахта етиштириш учун болалар меҳнатидан фойдаланилмагани исботлангунга қадар биз Ўзбекистон пахтасини ишлатмаймиз”,- дея баёнот берди ширкат бош бошқарувчиси Матти Ҳараёки.

Аввалроқ Буюк Британиядаги кийим-кечак ишлаб чиқарувчиси йирик “Continental clothing” компанияси болалар меҳнати ёрдамида терилган Ўзбекистон пахтасини мутлақо ишлатмаслиги ҳақида баёнот берган ва барча компанияларни бу ташаббусга қўшилишга чақирганди.

Шу тариқа, Ғарбдаги йирик компаниялар Ўзбекистоннинг болалар меҳнатидан фойдаланиб етиштирилган пахтасидан воз кеча бошлади.

“Озодлик” мухбири Швециянинг “H&M” компанияси матбуот хизмати вакиласи Анна-Корин Бёрна билан суҳбатлашиб, мазкур ҳаракатлардан кўзланган мақсад ва унинг таъсири борасида қизиқди.

“Албатта, Ўзбекистон пахтачилигидаги вазият мутлақо номақбулдир. Биз бу вазиятга пахтани яхшилаш ташаббуси билан чиқаётган BCI ташкилоти ва БМТ ёрдамида таъсир ўтказиш ниятидамиз. Бугунги кунда биз дунёда 700дан зиёд пахта таъминотчиси билан шартномага эгамиз. Бу шартномаларда пахта етиштириш ва қайта ишлаш силсиласида болалар меҳнатидан умуман фойданмасликни талаб қилганмиз. Афсуски, бунинг таъсири унча узоққа ёйилмайди”,- дейди Анна-Корин Бёрна.

Унинг сўзларига кўра, “H&M” компанияси Ўзбекистон билан бундай шартнома тузмаган. Аммо жаҳон бозоридаги пахтанинг келиб чиқишини аниқлаш кейин бўлгани боис, компания кимлар орқалидир Ўзбекистон пахтасини ҳам сотиб олаётганини инкор қилмайди.

“Аммо таъминотчиларимиз ўзбек пахтасини ишлатаётганини аниқлай олсак, уларга қарши чора кўришимиз мумкин. Лекин ўзимизча катта таъсир кўрсата олмаганимиз туфайли биз бу масала юқори даражасида сиёсий босим ёрдамида ҳал этилиши кераклигини билдиряпмиз”,- деди Анна-Корин Бёрна.

Анна-Корин Бёрнанинг билдиришича, айни пайтда “H&M” BCI ва ЮНИСЕФ билан биргаликда қўшимча яна қандай ишлар қилиш мумкинлиги юзасидан маслаҳатлашувлар олиб бормоқда. Лекин бу иш жуда кўп ҳаракатлар талаб этади.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон пахтани экспорт қилиш бўйича иккинчи, етиштириш бўйича бешинчи ўринни эгаллаб турибди. Пахта экспорти Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда Ўзбекистон пахтасининг асосий истеъмолчилари Бангладеш, Хитой, Эрон, Покистон, Россия, Жанубий Корея ва Вьетнам ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG