Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:26

Косово мақоми борасидаги сўнгги музокаралар натижасиз тугади


Австрияда Косово ўлкаси мақоми борасида Европа Иттифоқи, АҚШ ва Россия воситачилигида ўтган халқаро музокараларнинг сўнгги давраси кутилганидек натижасиз якунланди.

Уч кун давом этган мазкур музокаралар Косово масаласи бўйича Белград ва Приштинани яқинлаштиришга қаратилган сўнгги уриниш сифатида талқин этилганди.

Лекин Сербия ва Косово ўз мавқеида қатъий қолаверди.

“Озодлик” радиосининг Косово хизмати раҳбари Мелазим Кочи Косово келажаги борасидаги саволларга жавоб қайтарди.

М.Кочи: Ҳозир биз ЕИ, АҚШ ва Россия учлигининг БМТ бош котиби Пан Ги Мунга 10 декабрь куни ҳисобот йўллашини кутишимиз керак. Кейинги қадамларни таклиф этадиган учлик ҳозирнинг ўзидаёқ Косовонинг мақоми масаласида таклиф киритилмаслигини билдирмоқда. Приштина ва Белград ўртасидаги музокараларга келсак, назаримда янги музокаралар давраси кутилмаяпти. Белград ва Приштина икки йил давомида ҳеч қандай натижасиз музокаралар ўтказди. Косоволиклар фақатгина мустақилликка рози бўлади. Сербия эса мухториятни таклиф қиляпти. Бундай икки позиция ўртасида бирор муросага эришиш жуда қийин, шунинг учун ҳам музокараларни давом эттириш мантиқсиздир.

“Озодлик”: Агар Косово ўз мустақиллигини эълон қилгудек бўлса, Сербия ўлкани иқтисодий жиҳатдан иҳоталаш ҳақида огоҳлантирган. Айни пайтда Косово раҳбарияти мустақиллик эълон қилиш ниятида эканини айтаётир ва бу вазиятда 10 декабргача нима содир бўлиши мумкин, деб ўйлайсиз?

М.Кочи: 10 декабрга қадар барибир учликнинг Пан Ги Мунга тақдим этилажак ҳисоботини кутишимиз керак. Бу муддат давомида Косово парламенти мустақиллик эълон қилмайди. Улар ўз мустақиллиги ҳақида эълон қилишдан аввал бу масалада ЕИ ва АҚШ билан маслаҳатлашиб олиши зарур. Бунгача эса январь ёки февраль ойига қадар кутишади. Чунки уларни ҳеч ким тан олмаса, мустақилликни эълон қилиш мантиқсиз қадам бўлади. Энди Сербиянинг иқтисодий изоляция қилиш таҳдидларига келсак, бу ёлғон-ёшиқдир. Бу билан Белград фақатгина, Сербиясиз эркин фаолият юрита олмайсиз, деб айтмоқчи. Лекин Косовонинг Македония ва Албания орқали муқобил йўллари бор. Сербиянинг ҳар қандай иқтисодий қамали ишламайди.

”Озодлик”: Бўлажак бош вазир Ҳошим Тачи муросага келиш жуда қийин масала эканини эътироф этди. Аммо у Косово ўз мустақиллиги ҳақида эълон қилса, яна можарога ғарқ бўлмаслигини айтди. Унинг бу гапида асос борми?

М.Кочи: Фикримча, узоқ келажакда Косовонинг мустақиллиги Болқон минтақасини барқарорлаштиради. Ҳошим Тачи шуни айтмоқчи. ЕИ Косово масаласида АҚШ позициясини бир ёқадан бош чиқариб қўллаб-қувватласа, Болқонда ҳеч қандай янги зиддият келиб чиқмайди. Энг муҳими, Косовонинг мустақиллигига қарши чиқиб, бу ерда келажакда зиддият яратилишига замин яратаётган Россиянинг мақсади НАТОнинг Болқон давлатлари томон кенгайиши олдини олиш эканини унутиб қўймасликдир.
XS
SM
MD
LG