Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:21

Хуршидни ким ўғирлади?


Қозоғистондаги ўзбек қочқинлари Олмаота шаҳрида ғойиб бўлган Хуршид Шамсуддинов Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилганини ёзиб, БМТ, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларига мурожаатнома йўллади.

Мазкур мурожаатномага имзо чеккан 50 қочқин халқаро жамоатчиликни Хуршид Шамсуддиновни топишга кўмаклашишга чақирган.

28 ёшли Хуршид укаси Рустам Шамсуддинов диний-сиёсий фаолиятда айбланиб ҳибсга олингандан кейин таъқиблардан қочиб Қозоғистонга келган ва БМТ қочқинлар идорасидан қочқинлик мақомини сўраган эди. Аммо у 23 ноябрь куни куни тушдан сўнг Олмаотадаги уйидан чиққанича дом-дараксиз йўқолган.

БМТнинг қочқинлар идораси Қозоғистон ҳукуматини мазкур ҳодиса юзасидан дарҳол тергов бошлашга чақирган.

“Душанбадан буён биз Қозоғистон расмийлари билан алоқада бўлиб, бу ишни дарҳол тергов қилиш кераклигини билдирдик”,– деди идора мулозими Нарасимха Рао.

Ўзбекистонлик қочқинлар Х.Шамсуддиновнинг йўқолгани бўйича ҳануз жиноят иши очилмаганини унинг айнан Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилганига далил сифатида келтирмоқда.

Ўзбекистонда қидирувга берилган айрим қочқинлар ўз хавфсизлиги борасида жиддий хавотирда.

Ўзбекистонда диний-сиёсий айблар билан қамалиб чиқиб, ундан кейин ҳам тугамаган таъқиблар сабабли Қозоғистонга қочиб, сиёсий бошпана олган суҳбатдошлардан бири Ўзбекистон сўрови билан Қозоғистонда ҳам таъқиблар бошланганини билдирди.

Ўзбекистонлик қочқинлардан яна бирининг айтишича, сўнгги бир йил давомида Қозоғистон ўзбекистонлик қочқинлар учун хавфли ҳудуд бўлиб қолган, шу боис ҳам улар яшаш жойлари ва мобиль телефонлари рақамини тез-тез ўзгартириб туради.

“Хуршид Шамсуддиновнинг ўғирлаб кетилиши бизнинг хавотиримизни янада оширди,- дейди Олмаотада яшаб, уйдан чиқишга ҳам ҳайиқиб қолган ўзбекистонлик қочқин аёл. – Қозоғистон жанубида ҳам вазият жиддий. Бу ерда нонвойхонада ишлаётган наманганлик ва андижонлик диндор йигитлар бирдан йўқолиб қолди. Кейинроқ улар ўғирлаб кетилиб, суд қилиниб, қамаб юборилганини эшитдик”.

Ўзбекистонлик қочқинларнинг, айниқса, қўшни Қирғизистон, Қозоғистон ва Россияда кучли таъқиб этилиши борасида хабарлар кун сайин кўпаймоқда.

Қидирувдаги қочқинларнинг аксарияти Ўзбекистонда диний-сиёсий ва аксилконституциявий фаолият учун айбланаётганлардир.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар ва БМТ қочқинлар идораси уларни диний эътиқоди учун таъқиб этилаётганлар, деб ҳисоблайди. Ўзбекистон ҳукумати эса халқаро ташкилотларни террорчи ва экстремистларни ҳимоя қилишда айблайди ва халқаро ҳамжамият эътирозларига қарамай, қочқинларни хорижда ҳам таъқиб этишга уринади.
XS
SM
MD
LG