Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:31

Сайловми ёки “миллий камтарлик” намойишими?


“Ижтимоий фикр” маркази ўзбекистонликларнинг аксарияти сайловда қатнашиш ниятини билдирганини эълон қилди. Айни сўров натижаларига ишониладиган бўлса, сайловчиларнинг деярли 10 фоизи президент сайловини рад этиши мумкин.

Сайловни кузатиш учун келган собиқ совет давлатлари вакиллари ҳали бошланмаган сайлов халқаро меъёрларга мос ўтказилишини ва ўзлари учун барча имкониятлар яратилгани ҳақида айтмоқда.

Сайловчилар билан учрашаётган президентликка номзодлар мамлакатда бўлаётган барча ижобий ишларни амалдаги давлат араҳбари Ислом Каримов номи билан боғлаб гапирмоқда.

Кўчалар тозаланаётир, сайлов участкалари янги бўёқдан чиқмоқда. Хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Бундай шароитда И.Каримовнинг қайта президент этиб сайланишига ҳеч нарса халақит қилмайдигандек.

Аммо кузатувчилар фикрича, сайловни ташкиллаштириш учун кўрилган бундай чоралар натижасини ҳозирдан айтиш мумкин бўлган президент сайловини янада дискредитация қилмоқда.

Ўзбекистондаги президент сайлови арафасида “Ижтимоий фикр” дунё тажрибасига таяниб, сайловчиларнинг кайфиятини ўргангандир. Бироқ сайловда 90 фоиз аҳоли иштирок этишини эълон қилиш учун мингта одам сўралган, холос.

“Бундай расмий сўров натижалари Ўзбекистондаги реал вазиятдан йироқ бўлган оддий тарғибий қадамдир”, – дейди “Ўзметроном” сайти муҳаррири Сергей Ежков.

Мамлакатдан ташқарида яшаётган ўзбекистонлик миллионлаб фуқаронинг овоз бериш тартиби борасида Марказий сайлов коммиссияси ҳеч қандай ахборот бермади. Бу фуқароларнинг овозлари гўё Ўзбекистондаги сайлов натижалари учун аҳамиятсиздек.

Президентликка номзодлар вилоятлар бўйлаб сафар қилиб, сайловчиларга ўзи президент бўлса, нима қилиши ҳақида гапириш ўрнига амалдаги президент сиёсатини мақташ учун вақт сарфламоқда. Етарлича имзо тўплай олмагани сабабли президентлик пойгасидан тушиб қолган “Миллий тикланиш” партияси раҳбари, парламент депутати Хуршид Дўстмуҳаммедов фикрича, президентликка номзодларнинг бундай сайловолди кампаниясини миллий камтарлик, деб қабул қилиш мумкин.

МСК бугунги кунда журналистлар саволларига жавоб бериш ўрнига турли “советча” тадбирлар ҳақида эълон қилмоқда. Шулардан бири сайлов давомида энг яхши сайлов участкаси комиссияси учун кўрик танловидир.

“Бу советча аҳмоқликнинг энг ёмон кўринишидир. Бу МСК раиси ва матбуот марказининг интеллектуал даражаси қандайлигини кўрсатади. Сайлов комиссияларини участкаларни тозалаш ва бўяшга рағбатлантириш ўрнига уларнинг холислигини таъминлаш керак”,- дейди Сергей Ежков.

Ўзбекистонга етиб келган МДҲ кузатувчилари сайловни ҳозирдан халқаро меъёрларга мос тарзда ўтказишга имконият яратилганини билдирмоқда. МДҲ ижроия қўмитаси томонидан юбориладиган бу кузатувчилар қўллаб-қувватлов гуруҳи, деб ҳам айтилади.

Афтидан, Ўзбекистондаги президент сайловининг белгиланган сценарий асосида боришига ҳеч нарса халақит қилмайди. Қандайдир унсурлар халақит қилишга уриниши олдини олиш учун ҳар эҳтимолга қарши бутун мамлакатда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
XS
SM
MD
LG