Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:18

Бахтиёр Ҳамроев қамоқдаги ўғли билан учрашди


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроев Зафаробод туманидаги 64/78- қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган ўғли Ихтиёр билан икки соатлик учрашувга эришди.

Бир неча кун муқаддам Ихтиёр қамоқхонада унга нисбатан қийноқ ва таҳқирларга норозилик сифатида ўзига тан жароҳати етказган, яъни қорнига пичоқ урганди. Кейинчалик унинг ҳатто шифохонага олиб борилмай, қориндаги очиқ тан жароҳати билан жарима изоляторида ётгани ҳақида хабар қилинганди. Буни аниқлаштириш учун борган отаси эса на қамоқхона маъмурияти, на вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан жавоб ололган эди.

“Ўғлимнинг сўзларига кўра, 29 ноябрь куни кечки соат 22.40 лар атрофида колониядаги режим учун масъул капитан Нурулло Саъдуллаевнинг оғзаки буйруғи билан у алоҳида хонада олиб борилган ва ҳақоратлар билан сўроқ қила кетилган. Гўёки у кундуз соат 16-00 ларда кимнидир ҳақорат қилган эмиш. Шу “қилмиш”ни бўйнига олишга мажбур қилмоқчи бўлишган”,- дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Аммо Ихтиёр бунга рози бўлмаган ва ҳар қандай ҳужжатни имзолашдан бош тортган. Зудлик билан прокурор ва адвокатни талаб қилган. Бундан ғазабга тушган колония масъули эса уни бўйнидан бўғиб, калтаклашга тушган.

“Ўғлим амнистияга илинмаслиги учун улар шундай айбловни тиркашга уринган. Бунинг учун бошқа бир маҳбус кўрсатма беришга мажбур қилинган. Охир-оқибат ўғлим бунга норозилик тарзида кичкинагина пичоқча билан қорнининг ўнг томонига урган. Шу жароҳати билан ҳам уни 10 кун жарима изоляторида сақлашди”,- дейди Б.Ҳамроев.

Унинг айтишича, 10 кун давомида жарима изоляторига атиги уч бор шифокор келган ва жароҳатни боғлаб кетган. Ҳозирга келиб эса Ихтиёрнинг аҳволи сал ўнгланган.

“Энг хавфлиси, яраланганининг биринчи кунида унга игнада қандайдир дори қуйишган. Шундан сўнг ўғлим уч кунгача ўзига кела олмабди. Бунинг қанақа дори эканини эса шифокор айтишдан бош тортибди. Ўғлим хавотирда. Булардан ҳамма нарсани кутса бўлишини айтди”,- деди Б.Ҳамроев.

Кўплаб халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ихтиёр Ҳамроев отасининг касбий фаолияти учун жазога тортилганини айтмоқда ва Ихтиёр тақдиридан хавотир билдириб, унинг зудликда озод этилишини талаб қилмоқда.

“Халқаро амнистия” ташкилоти вакили Мейзи Вейчердинг мустақил кузатувчилар Ўзбекистон қамоқхоналарини назорат қилиш имкониятига эга бўлмагани учун у ерда нималар бўлаётганини ҳеч ким аниқлаш имконига эга эмаслигидан хавотир билдирди.

“Ихтиёрнинг олдига киришга ҳеч кимга рухсат берилмаган. Қамоқхоналар аҳволини мустақил кузатиш тизими йўқ. Шу боис, у ерда нималар бўлаётганини ҳеч ким билмайди. Бизгача етиб келган маълумотларга кўра, унга ёрдам кўрсатилиши учун тиббиёт ходимларининг киришига рухсат берилмаган”,- дейди Мейзи Вейчердинг.

У ҳибсга олинган ва қамоққа маҳкум қилинган фуқароларнинг адвокат олиш, ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи ҳам мунтазам поймол қилинаётганини урғулаб, яна Ихтиёр Ҳамроев вазиятига тўхталди.

“Адвокатга Ихтиёр билан учрашишга рухсат берилган, аммо оила аъзоларига рухсат берилмаган. Бундай вазиятда қамоқда аслида нималар бўлаётганини билиш ниҳоятда қийин. Бундай воқеалар жазога тортилмаслигини билган расмийлар билганини қилади, деган тушунчани кучайтиради”,- деди Мейзи Вейчердинг.
XS
SM
MD
LG