Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:32

Тоҳир Йўлдош жамиятнинг энг жабрдийда қатламига юзланди


Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош Қурбон ҳайити муносабати билан оммавий ахборот воситалари орқали Марказий Осиё мусулмонларига навбатдаги аудиомурожаатини йўллади.

Электрон почта орқали олинган ва Тоҳир Йўлдошнинг овози эканига ишонилаётган аудиомурожаатда ЎИҲ раҳбари илк бор ўз ватанидан ташқарида хор бўлиб ишлаётган МО фуқароларини жиҳодга чақирган.

АҚШ ЎИҲни энг хавфли террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган эса-да, Тоҳир Йўлдошнинг оғир аҳволда ишлаётган меҳнат муҳожирларини ўз сафига чорлаши унга сиёсий устунлик бериши мумкин.

Т.Йўлдош аудиомурожаатини Марказий Осиё мусулмонларини Қурбон ҳайити билан табриклашдан бошлаган ва давомида ўзи учун одатий бўлган жиҳод қилиш ва халифалик барпо этиш ғоясини илгари сурган. Бироқ бу галги мурожаатида ЎИҲ раҳбари ватанидан ташқарида ишлаб хор бўлаётганларга аниқ бир мужда йўллади.

“Солиҳ аждодларимиз ҳаргиз кофиру мунофиқларга таслим бўлиб яшамаган эди. Улар мардикорлик ва қуллик қилмаган эди. 100 йил қулликда хор бўлиб яшагандан кўра, бир кун бўлса ҳам ҳурриятда азиз бўлиб яшашни Ислом бизга таълим берган эди. Эй мусулмон йигитлар! Чет элга чиқиб қул, мардикор бўлишингизга биз ҳаргиз рози эмасмиз”,- дейди Т.Йўлдош мурожаатда.

Т.Йўлдошнинг бу мурожаати ўзбекистонлик кўплаб мардикорлар Россияда қул сифатида ишлатилаётгани тўғрисидаги хабарлар кўпайган бир вақтга тўғри келмоқда. Хусусан, шу кунларда Россиянинг Орёл шаҳрида ўзбекистонлик йигирмадан ортиқ меҳнат муҳожирини қул қилиб ишлатган россиялик бир гуруҳ фуқаро устидан суд жараёни давом этмоқда.

Марказий осиёлик қочқинларга ёрдам берувчи “Фуқаровий кўмак” қўмитаси вакиласи Елена Рябинина фикрича, Т.Йўлдош ўз нутқида қийналаётган меҳнат муҳожирларга урғу бераётгани Россиядаги мураккаб шароитда ўз самарасини бериши мумкин.

“Россияда меҳнат муҳожирларини қул сифатида ишлатиш ҳолатлари бор. Бу ҳолатларга қарши Россия ҳукумати чора кўраётгани йўқ. Лекин бу ёвузлик томири иш жойлари яратмаган, диндорларни таъқиб этиб, уларни қамоқда ўрта аср давридаги қийноқларга соладиган Ўзбекистон режимидир. Шунинг учун Тоҳир Йўлдошнинг ташкилоти террорчи бўлишига қарамай, унинг ғояларини қувватловчилар бу ерда ҳам, Ўзбекистонда ҳам топилади”, – деди Е.Рябинина.

Аудиомурожаатдан “жиҳод” сўзи олиб ташланса, унинг мухолифатнинг оддий сиёсий баёнотларидан фарқи йўқдек. Лекин Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётган инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳром Ҳамроев ҳатто оғир вазиятда ишлаётган ўзбекистонликлар ўз норозилигини билдириш учун Тоҳир Йўлдошга юзланиши амримаҳол эканини таъкидлади.

“Ҳақиқатан, ўзбекистонликлар пичоқ суякка тақалар даражада қул каби ишлатиляпти. Лекин халқ шундай даражага келдики, оиласини ўйлаб машаққат чекиб ишлаяпти. Кўпчилик жиҳод йўли билан муаммолар ҳал бўлмаслигини англайди. Лекин бундай баёнотлардан таъсирланади, албатта”, – дейди Б.Ҳамроев.

Т.Йўлдош қуллик меҳнати ҳақида гапираётганда кўпроқ юз минглаб ўзбекистонлик ишлаётган Россия ва Қозоғистонни назарда тутгани аён. Лекин иш шароити анчайин яхши бўлган Европа, АҚШ ва Жануби-шарқий Осиё давлатларида ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирларга олисда қолган режимга қуролли қаршилик кўрсатиш ғояси ёт кўринади.

“Бизни бу ерда ҳеч ким мусулмонсан, деб таҳқирлаётгани йўқ. Намозимизни ўқиймиз. Ишлаб, пулимизни вақтида оляпмиз. Оилаларимизга юз фоиз ёрдам беряпмиз. Бизнинг жиҳодимиз шу”, – дейди Жанубий Кореяда ишлаётган Умиджон.

Т.Йўлдошнинг меҳнат муҳожирларига қилган сўнгги хитоби мутлақо ҳафсаласи пир бўлганлар учун мўлжалланган, дейиш мумкин.

ЎИҲ қолдиқлари ва унинг раҳбари Тоҳир Йўлдош ҳозир Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош тоғли Вазиристон минтақасида қўним топгани айтилади. Расмийлар 2001 йилдан буён давом этаётган аксилтеррор амалиётлардан сўнг ҳаракатнинг анчайин тарқоқ ва заиф ҳолатга келганини айтмоқда.

Шу муддат давомида Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилгани ҳақида ҳам бир неча бор хабарлар тарқатилди. Лекин навбатдаги овозли номаси унинг октябрь ойида ўлдирилгани ҳақидаги энг сўнгги хабарни рад этади.
XS
SM
MD
LG