Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:29

Ўзбекистондаги президентлик сайлови ҳақида Владимир Чуровдан сўраймиз...ми?


Ўзбекистон ҳукумати президентлик сайловини бевосита ёритиш учун дунёнинг аксар оммавий ахборот воситаларига руҳсатнома бермади. Сайлов куни давомида мамлакат чегаралари ёпилди. Бироқ шунга қарамасдан Ўзбекистондаги президентлик сайлови бир қадар дунё матбуоти нигоҳида бўлди.

“Associated Press” ахборот агентлиги Ўзбекистондаги президент сайлови кучли назорат остида ўтказилгани ҳақида ёзди.

“Мазкур сайлов Марказий Осиёдаги энг автократик ва аксилғарб давлат раҳбари президент Каримовнинг бошқарув муддатини узайтиради.” – деб ёзди “Associated Press” ахборот агентлиги.

Агентликнинг ёзишича, 18 йиллик ҳокимияти давомида собиқ коммунистик партия раҳбарларидан бири бўлган Каримов ўзининг барча сиёсий рақибларини қамади ёки мамлакатдан бадарға қилди.

“REUTERS” ахборот агентлигининг ёзишича, президент Ислом Каримов сайловда ғалаба қозонади ва қашшоқ давлатга айлантирилган Ўзбекистонда ўз назоратини ошириб боради.

“France Press” ахборот агентлиги эса, “президент Ислом Каримов Ўзбекистон ташқарисида кўпроқ 2005 йилда Андижондаги норозиликни қонли тарзда бостиргани билан маълум” - деб ёзди. Агентлик мухбири овоз бериш қутичасига бир одамнинг бир неча сайлов варақасини ташлаганини кўрганини айтади.

Ўзбекистонга киритилмаган Би-би-си телевидениеси Ўзбекистондаги сайловни Қирғизистондан туриб ёритишга мажбур бўлди.

Би-би-си мухбири Наталия Антелаванинг айтишича, Ўзбекистонда одамлар демократик ўзгаришлардан умидларини узган бўлса ҳам, президент Каримовнинг худди президен Путин қилгани каби, ёшроқ одамни ўз ўрнига тайинлаб кетишини роса хоҳлайдилар.

Ўзбекистондаги сайловларни ёритиш учун Россия телевидениеларига ҳам руҳсат берилмади.

Россиянинг “Вести 24” асосий янгиликлар канали Ўзбекистондаги сайловни ёритиш учун “Ахборот” дастуридан олинган видеотасвирни ишлатган. Телеканал ўз эътиборини И.Каримовнинг 18 йилдан буён ҳамон ҳокимиятда қолаётганига ҳам қаратган.

Россия бошқа оммавий ахборот воситалари Ўзбекистондаги президентлик сайловини ёритишда Россия марказий сайлов комиссияси раиси Владимир Чуровнинг баёноти билан чекланди. В.Чуров жумладан ўз баёнотида Ўзбекистондаги сайловнинг юқори даражада ташкиллаштирилганини алоҳида таъкидлаганди.
XS
SM
MD
LG