Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:32

Элса Видал: Ўзбекистонда ижобий ўзгаришларга умид қилмаган бўлардим


Матбуот эркинлигини ҳимоя қилувучи “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти беш йил давомида ўлдирилган журналистлар сони қарийб 250 фоизга ортганини эълон қилди. Ташкилот ҳисоботида 2007 йилда дунё бўйлаб камида 86 журналист ўлдирилгани қайд этган.

“Улардан ярмидан кўпи Ироқда нобуд бўлди ва бунчалик кўп журналист ҳали ҳеч бир давлатда ўлдирилган эмас” – дейлади қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг сўнгги ҳисоботида.

2003 йил март ойида АҚШ қўшинлари Ироққа бостириб кирганидан буён бу ерда камида 207 журналист ўлдирилган. Бу эса Вьетнам уруши, собиқ Югославиядаги қирғин, Жазоир ва Руандада содир этилган қатлиом давомида нобуд бўлган журналистлардан кўпроқдир.

2007 йил 24 октябрь куни Қирғизистонда фаолият юритган ўзбек журналисти – президент Ислом Каримов режими танқидчиси Алишер Соиповнинг ўлдирилиши ҳам “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг “2007 йил - матбуот эркинлиги” ҳисоботида акс эттирилган.

Кўпчилик халқаро кузатувчилар А. Соиповнинг Ўзбекистон махфий хизматлари томонидан бартараф этилганини айтадилар.

Москвадаги экстремал журналистика марказининг раҳбари Олег Панфиловнинг таъкидича, Алишернинг ўлими Ўзбекистон ҳукумати ўз танқидчиларига нисбатан кўрган кескин чорасидир.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакиласи Элса Видал ҳам А.Соиповнинг ўлими шубҳасиз унинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлганини алоҳида таъкидлайди.

“Алишер Соипов касбий фаолияти туфайлигина ўлдирилганига тўлиқ ишонч бор. Лекин унинг ўлими юзасидан эҳтиёткорлик билан баёнот қилишимиз керак. Чунки ишончли маълумотларнинг камлиги сабабли, Ўзбекистон ҳукумати учун бизни ёлғон-яшиқ тарқатишда айблашга осон бўлиб қолади.”- деди Э.Видал.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг сўнгги ҳисоботида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг аҳволи 15 саҳифада батафсил акс эттирилган. Ташкилотнинг постсовет давлатлари бўйича раҳбари Элса Видал ўтган йил ноябр ойида илк бор Тошкентга норасмий тарзда сафар қилиб, вазиятни бевосита ўрганишга муваффақ бўлди. Унинг “Озодлик” радиосига айтишича, Ўзбекистонда эркин журналист бўлиш кўплаб муаммоларга дуч келиш демакдир.

“Ўзбекистонда журналист бўлиш катта хатарни бўйинга олишни ва ҳуқуқий ҳимоясиз ишлашни тақозо этади. Ўзбекистон ҳукумати журналистларига аккредитация бермасдан уларни ноқонуний вазиятга қўйиб келади. Шунинг учун айримлар журналистикани ташлаб кетяпти”

Элса Видал Ўзбекистонда давлат бутун оммавий ахборот воситалари устидан назорат ўрнатганининг гувоҳи ҳам бўлди.

“Сиз журналист сифатида мустақил ва расмий нуқтаи назардан фарқ қилувчи ахборотни тарқатсангиз, дарров таъқибу таҳдидларга дуч келасиз. Айрим ҳолларда бу қилмиш учун калтаклаб кетишлари, қамашлари ва гувоҳи бўлганимиздек, ўлдиришлари ҳам мумкин.” – деди Э.Видал.

Матбуот эркинлигини ҳимоя қилувчи нуфузли халқаро ташкилот бўлмиш “Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Ўзбекистонни йиллар давомида сўз эркинлигини буғувчи энг абгор давлатлар тоифасига киритади. Ва Тошкентга қилган сафаридан сўнг Элса Видал бу мамлакатда ижобий ўзгаришлар содир бўлишига умид кам, деган хулосага келди.

“Келаси 2008 йил билан бирор умид боғламаган бўлардим. Ўзбекистон халқига сабр тилайман, чунки яқин йилларда Ўзбекистонда бирор соҳада ўзгаришнинг содир бўлиши эҳтимолдан йироқ. Балки Каримов истеъфога чиққандагина бирор ўзгаришлар содир бўлади” – дея хулоса қилади “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг вакиласи.
XS
SM
MD
LG