Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:38

Манфаатлар табрик йўллашга мажбурлайди


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:9kuPE7z4uF187M:http://pics.top.rbc.ru/top_pics/uniora/97/1199561952_0297.250x200.jpeg НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер қайта президентликка сайлангани муносабати Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовга табрик йўллади. Кузатувчилар бу табрик НАТО Ўзбекистондаги сайловни демократик, деб эътироф этаётганини англатмаслигини айтмоқда.

И.Каримов, аксар кузатувчилар фикрича, шубҳали тарзда қайта сайланганига қарамай, НАТО ўз табриги орқали Ўзбекистон билан мулоқотни давом эттириш ниятида эканини намойиш этмоқда.

И.Каримов учун президент этиб сайланишдан кўра, дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилиш қийинроқ кечаётгандек.

Мухолифат таъбирича, конституцияга зид равишда, халқаро кузатувчилар фикрича эса нодемократик сайлов орқали ўз президентлик ваколатларини яна 7 йилга узайтирган И.Каримов номига табрик мактублари аслида ёғилиб келаётгани йўқ. Келаётганлари ҳам асосан, Ўзбекистонда ўз манфаатларини кўраётган давлат раҳбарлари-ю, ташкилотларга тегишли.

8 январь куни эълон қилинган табриклар орасида Украина ва Бирлашган Араб Амирликлари президентлари, Грузия ва Исроил парламентлари ҳамда ЮНЕСКО раҳбаридан келганлари бор.

Ўзининг икки жумлалик табрик хатида эса НАТО бош котиби альянснинг Ўзбекистон билан мулоқот ва ҳамкорликни ривожлаштиришни давом эттиришга мойил қолаётганига И.Каримовни ишонтиришга ҳаракат қилган.

Ушбу табрик НАТО расмийларининг Ўзбекистон борасида қилган аввалги барча баёнотларини тасдиқлайди.

2006 йил ноябрь ойида НАТОнинг Ригада бўлиб ўтган саммити давомида “Озодлик” мухбири саволига жавобан Яап де Ҳооп Схеффер НАТО Ўзбекистон билан алоқаларни қайта тиклаш ниятида эканини билдирганди.

“Ўзбекистон НАТОнинг Евроатлантик ҳамкорлик кенгаши анжуманларида иштирок этмаётгани учун афсус билдиришдан ўзга иложим йўқ. Менга қолса, уларни эртагаёқ кўришни хоҳлар эдим. Андижон борасида келишмовчиликларимиз бор, албатта. Аммо уларни муҳокама этиш учун Ўзбекистон расмийларига ажратилган бўш ўриндиқлар билан гаплашиш оғир”,- деганди НАТО бош котиби.

Ўтган йили НАТО бош котибининг Марказий Осиё ва Кавказ даватлари бўйича махсус вакили Роберт Симмонс “Озодлик”ка берган интервьюсида НАТО ва Ўзбекистон муносабатиларнинг яхшиланиши учун маълум муддат лозимлигини айтган эди.

“Бизнинг умидимиз муайян муддатдан сўнг муносабатлар яхшиланаётганини кўришдир ва менимча, президент Каримов ҳам бизнинг ниятларимизни билиб, НАТО борасидаги баёнотлари юмшатди”, – деганди Р.Симмонс.

Роберт Симмонс янглишмади. НАТОнинг Андижондаги қонли воқеаларга қатъий муносабатига қарамай, ўтган йили Ўзбекистон ва альянс ҳамкорлигини қайта тиклаш бўйича келишувга эришилди, сўнг Ўзбекистоннинг НАТОдаги вакили ўрни қайта тикланди.

НАТО бош котибининг И.Каримовни табриклаши эса эришилган бу натижаларни мустаҳкамлаб олишга қаратилган қадамдир. Ўзбекистоннинг Брюсселдаги НАТО масалалари бўйича маслаҳатчиси альянс табриги расмий Тошкент томонидан ижобий қабул қилинганини айтди.

НАТОнинг расмий Тошкент билан муносабатларни ёмонлаштирмасликка интилиши кўп жиҳатдан бу давлатдаги воқеликка асослангани айтилади. Воқелик эса эътироф этилиши ёки этилмаслигидан қатъи назар, И.Каримовнинг Ўзбекистон раҳбари бўлиб қолаётганидир.

Вашингтондаги таҳлилчи Абдуманноб Пўлатовнинг айтишича, геосиёсий омиллар сабабли ва Афғонистонда ҳарбий амалиётларини давом эттираётган aльянс Ўзбекистон раҳбарияти билан мулоқотда бўлишга мажбур бўлиб қолаверади.

“НАТО Ўзбекистон ҳукуматини сайлов демократик бўлмади, деб танқид қиладиган бўлса, ҳамкорлик яна тўхтайди. Бунинг натижасида Ўзбекистон Хитой ва Россия билан янада яқинлашади. Буни НАТО истамайди. Бошқа томондан, Афғонистонда асосий масъулият НАТО зиммасига юклатилган ва Афғонистондаги ҳар қанақа амалиёт учун Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш керак”,- деди А.Пўлатов.

НАТОнинг Ўзбекистонга нисбатан қўллаётган стратегияси Ғарбнинг айрим давлатлари томонидан қўллаб-қувватланади, бошқалари томонидан қораланади. Бироқ ҳозирча Ўзбекистон режимига ён босиш ҳам, кескин танқидлар билан унга босим ўтказиш сиёсати ҳам мамлакатдаги демократик жараёнларга айтарлик таъсир қилмагани кузатилади.
XS
SM
MD
LG