Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:27

Руслан Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмайди...ми?


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:WI2FKhWYMCf5GM:http://www.boxnews.com.ua/photos/905/Ruslan-Chagaev1.jpg “Ўзметроном” сайти ошкор этилмаган манбага таянган ҳолда Жаҳон бокс уюшмаси йўналиши бўйича жаҳон чемпиони Руслан Чагаев ўз оила аъзоларини Ўзбекистондан Германияга кўчиришга қарор қилгани ҳақида хабар тарқатди.

Сайт муҳаррири Сергей Ежков Р.Чагаев ҳатто Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечиши ҳам мумкинлигини тахмин қилди.

“Гап шундаки, бу тахмин аввал кузатганимиз кўплаб мисолларга асосланган. Бизга маълум бўлишича, Руслан опаси Луизани ва бошқа қариндошларини мамлакатдан олиб чиқмоқчи. Унинг Германияга кўчиб кетаётгани мантиқий қарордир. Профессионал спортчиларимиз муваффақиятга эришмоқчи бўлса, Ўзбекистонни тарк этиши тўғри, деб ўйлайман”,– деди Сергей Ежков.

Бироқ Р.Чагаевнинг промоутери бўлган Германиянинг “Юниверсум” компанияси Русланнинг Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечаётгани ҳақидаги хабарлар миш-мишдан ўзга нарса эмаслигини билдирди.

“Юниверсум” промотерлик компанияси матбуот вакили Кристоф Ҳоверкант Русланнинг Германияда яшаётгани унинг Ўзбекистон билан муносабатларига мутлақо алоқаси йўқлигини маълум қилди.

“У Гамбургда яшайди, бироқ унинг ватани Ўзбекистон бўлиб қолаётир. У машқларини бу ерда қилгани сабабли шу ердан янги уй сотиб олди. Лекин у Ўзбекистон фуқароси, у Ўзбекистон мадҳияси остида рингга чиқади ва Ўзбекистон байроғини кўтаради. Бундан бошқа барча гаплар миш-мишдир”,- деди Кристоф Ҳоверкант.

29 ёшли Руслан Чагаев яқинда Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида ўтказилган жангда британиялик Мэт Скелтон устидан ғалаба қозониб, жаҳон чемпиони унвонини сақлаб қолган эди.

“Оқ тайсон” лақаби билан танилган Р.Чагаев журналистларнинг исталган саволига жавоб беришдан ҳам чўчимайди. Руслан турмуш ўтоғи ва болалари билан бирга икки ҳафталик таътилга чиқиб кетгани боис, у билан бевосита гаплашишнинг имкони бўлмади.

Р.Чагаев “Озодлик”ка берган сўнгги интервьюсида ўзининг президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовани яқиндан танишини ошкор этган эди.

Р.Чагаев ҳақида пайдо бўлаётган хабарларда унинг ўз қариндошларини Ўзбекистондан олиб чиқаётгани ва эҳтимол мамлакат фуқаролигидан воз кечаётгани айнан Гулнора Каримова билан муносабатларнинг ёмонлашгани билан боғлиқлиги айтилади. Бироқ бундай иддаоларни балки Р.Чагаевнинг ўзи инкор этар.

Лекин Р.Чагаев яна Ўзбекистон мадҳияси остида рингга чиқиб, Ўзбекистон байроғини кўтарадими? Бу саволларга таниқли боксчининг фақат келаси жанглари ойдинлик киритиши мумкин.

Профессионал спортчиларнинг Ўзбекистонни тарк этиши аввал ҳам кузатилган. Икки йил аввал таниқли гимнастикачи Оксана Чусовитина Ўзбекистон фуқаролигидаги воз кечиб, Германия фуқаролигини олган эди. Шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов ҳам Германиянинг Кельн шаҳрида ёш шахматчиларни тайёрламоқда.
XS
SM
MD
LG