Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:31

Ихтиёр озодликка чиқди


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:XlwEYjnZkBTy8M:http://www.fergana.info/gallery/data/media/30/umida.jpg 2 февраль куни таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг ўғли Ихтиёр амнистия асосида қамоқдан озод этилди. Шунингдек, шартли жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Умида Ниёзовага ҳам амнистия қўлланилиб, шартли жазо муддати тугатилди.

Иккала ҳодиса Ўзбекистон ва Ғарб давлатлари ўртасидаги муносабатларни яхшилашга қаратилган мулоқотларнинг натижаси, деб кўрилмоқда.

Шахсан Ихтиёр Ҳамроев ва Умида Ниёзова учун уларнинг бирдан жазодан озод этилиши кутилмаган ҳодиса бўлди.

Б.Ҳамроевнинг ўғли Ихтиёр отасига босим ўтказиш мақсадида 2006 йил август ойида безориликда айбланиб қамалгани айтилади. Отасининг бир ярим йил давомида ўғлини озод қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларининг барчаси бесамар кечди.

Жиззах Алоқа технологиялари институтининг иккинчи курс талабаси бўлган 22 ёшли Ихтиёр диний-сиёсий фаолиятда айбланган бошқа маҳбуслар қаторида қамоқхона низомини бузганлик баҳонаси билан амнистияга тушмай келди. Ихтиёр қамоқхонада ўтказган бир ярим йил давомида қамоқхона назоратчилари томонидан калтаклангани, қийноқларга солингани ва бу таҳқирларга норозилик сифатида ўзига пичоқ ургани маълум. Энди жазо муддати тугашидан 1,5 йил аввал озод бўлган Ихтиёр ўзини ҳимоя қилган халқаро ташкилотларга миннатдорлик билдириш имкониятига эга бўлди.

“Аллоҳга шукр, ўғлим ўтган йили ноябрда эълон қилинган амнистия бўйича озодликка чиқарилди”,- деди унинг отаси Бахтиёр Ҳамроев.

Амнистия асосида шартли жазо муддати тугатилган Умида Ниёзова ўтган йили Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, контрабанда ва констутициявий тузумга қарши материаллар тарқатганликда айбланиб, 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди. Кучли халқаро босим натижасида апелляция суди жазони шартлига алмаштирган эди. Сўнгги ойлар давомида У. Ниёзовага унинг шартли жазо муддати бекор қилинмаслиги айтилганди.

“Бир ой аввал адвокатим билан бирга амнистия ҳақида сўраганимизда, бизга шартли жазо учун амнистия йўқлигини айтилиб, расман рад жавоби берилган эди. Лекин кеча уйимга телефон қилишиб, тезда етиб келишимни илтимос қилишди ва амнистия қўлланилгани ҳақида қоғоз кўрсатишди”,- деди У.Ниёзова.

Унинг айтишича, амнистия қўлланилишини фақатгина сиёсий сабаблар билан изоҳлаш мумкин.

Худди шундай фикрда бўлган Бахтиёр Ҳароев ҳам ҳукумат қадамларини расмий Тошкентнинг АҚШ ва Европа Иттифоқи билан олиб бораётган мулоқотлари билан изоҳлади.

Ўтган ой ўрталарида ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел президент Ислом Каримов қабулида бўлиб, унга ЕИ ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солананинг муносабатларни яхшилаш имкониятини қўлдан бой бермаслик таклифи битилган мактубини топширган эди. Пьер Морел сўнгги хабарлар ЕИни хушнуд қилганини айтиб, Ўзбекистон ҳукумати балан мулоқотнинг шу қабилда давом этишига умид билдирди.

Ўзбекистоннинг Ғарб давлатлари билан муносабатларни яхшилаш ниятида эканини И.Каримов ўтган йили конституция куни муносабати билан қилган нутқида очиқ билдирганди.

Кузатувчилар фикрича, яқин келажакда бошқа сиёсий маҳбусларнинг озод этилишини ҳам кутиш мумкин. Лекин гап эҳтимол Андижон воқеаларидан аввал қамалган кўплаб мухолифат вакиллари ҳақида бормаётир. Айни пайтда халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари айрим ҳуқуқ ҳимоячиларининг озод этилиши Ғарб давлатлари билан муносабатларни яхшилаш воситасига айланганидан хавотир билдирмоқда. Бир вақтнинг ўзида мамлакатда ўзга фиркни бўғиш, ҳуқуқ ҳимоячилари ва диндорларни қамаш давом этмоқда. Ўтган ойда мухолифатчи шоир Юсуф Жума ва икки ўғлининг қамалганини мисол сифатида келтириш мумкин.
XS
SM
MD
LG