Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:31

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси глобал кампания бошлаяпти


Ўтган 2007 йилда бевосита ўз касбий фаолияти сабабли дунё бўйлаб камида 65 журналист ўлдирилди. 2007 йил журналистика тарихида энг кўп журналист ўлдирилгани қайд этилган иккинчи йил бўлди.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг “Матбуотга ҳужум” номли янги ҳисоботида бунчалик кўп журналистлар фақатгина 13 йил аввал ўлдирилгани қайд этилади.

Қўмита ҳисоботини тақдим этган “Си-эн-эн” телеканали халқаро мухбири Кристиан Аманпур журналистлар қотиллари 85 фоиз ҳолатларда жазосиз қолишини билдирган.

Бундай вазиятни ўнглаш мақсадида Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳақ қарор топиши учун глобал кампания бошлашини маълум қилди.

Қўмита таклиф этган чоралар қотиллик юзасидан кечиктирмасдан синчковлик билан тергов ўтказиш, журналист ўлими борасидаги барча ахборотни жамоатчиликка ошкор этиш, ҳуқуқ-тартибот ва прокуратура идораларига босим ўтказиб, уларни чора кўришга мажбур қилиш ва ниҳоят, марҳум журналист оила аъзоларига ёрдам бериш каби ҳаракатларни ўз ичига олади.

Москвадаги Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфиловнинг айтишича, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси бошлаётган янги кампания Қирғизистонда ўлдирилган журналист Алишер Соиповнинг қотилларини жазога тортишга ёрдам бериши мумкин.

“Бу иш эҳтимол қўшни Ўзбекистон махфий хизматлари билан қанчалик боғлиқ мураккаб бир иш бўлмасин, профессионал даражада ўтказилган мустақил журналистик тергов бу ишга анча ойдинлик киритиши мумкин ва бундай тергов материаллари жамоатчиликка ошкор этиб борилиши керак”,- деди О.Панфилов.

А.Соиповнинг ўлдирилиши борасида мустақил тергов ўтказишга бел боғлаган ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатулло Раҳматуллаев ҳукумат олиб бораётган терговнинг боши берк кўчага кириб қолганини билдирди.

А.Соипов ҳали тириклигида Ўзбекистон махфий хизматларидан мунтазам равишда таҳдидлар эшитиб келди. А.Соипов шундоқина ўзбек махфий хизматлари қўли етадиган Ўш шаҳридан туриб Андижондаги қонли воқеаларни фош этган ўзбек журналистларидан бири эди, унинг “Сиёсат” газетаси Ўзбекистон ҳудудига тез тарқай бошлаганди. Айнан шу сабабли махфий хизматлар А.Соиповга қарши нафрат кампанияси ҳам олиб боргани айтилади.

Ўшда ва қўшни Ўзбекистон телевидениесида унинг номини тириклигида ҳам, мана энди ўлдирилганидан кейин ҳам булғашга ҳаракат қилинмоқда. Иззатулло Раҳматуллаев бугунги кунда журналистнинг қотилини топиш у ёқда турсин, унинг ёрқин хотирасини асраб қолиш ҳам бир муаммога айланганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG