Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 10:34

Рус журналисти Украинадан сиёсий бошпана олди


Украина россиялик мухолифатдаги журналистга сиёсий бошпана берилганини эълон қилди. “Озодлик” билан суҳбатда Александр Косвинцев ўзини Россияни тарк этишга мажбур қилган сабаблар ва хориждаги янги ҳаёти ҳақида сўзлаб берди.

А.Косвинцев Россиянинг Кемерово вилоятидаги “Русский репортёр” газетаси бош муҳаррири бўлган ва бир вақтнинг ўзида мухолифатдаги Бирлашган фуқаролик фронтининг Кемероводаги бўлимига раҳбарлик қилган. У 2006 йил декабрь ойида Россияни тарк этган ва ҳозир Киевда истиқомат қилади.

“Озодлик”ка берган интервьюсида А.Косвинцев 2005 йилда Кемероводаги Бирлашган фуқаролик фронтига раҳбар бўлгач, ўзининг номига таҳдидлар ёғила бошланганини айтди.

“Мен ҳуқуқ-тартибот идораларидан жуда жиддий огоҳлантиришлар эшитдим. Менга эҳтиёт бўлишимни ва ёлғиз юрмаслигини тавсия қилишарди. Акс холда калтаклашлари ва чўнтагимга наркотик солиб қўйишлари мумкинлигини айтишарди”, – деди А.Косвинцев.

Унинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари журналистик фаолияти сабабли ҳам уни мунтазам таҳқирлаган ва ҳатто Кемерово губернатори Аман Тулеев вилоят прокуратурасидан уни тергов қилишни талаб қилган.

“Кемерово губернатори прокуратурага юборган хатида менинг фаолиятимни синчковлик билан кузатиш ва чора кўриш ҳақида кўрсатма берган. Бу чоралар менга провокация уюштириш, телефонларимни эшитиш, кузатув остига олиш ва ҳоказо ҳаракатларни ўз ичига олган эди. Бу эса уларнинг ҳаракатлари сиёсий мотивларга асосланганини кўрсатади”,- деди журналист.

Инглиз тилидаги “Москоу Таймс” газетаси Кемерово прокуратурасининг матбуот котибига таяниб ёзишича, губернатор А.Тулеев ҳақиқатан ҳам журналистга чора кўришни илтимос қилган, бироқ тергов бошлаш учун асоснинг йўқлиги сабабли унга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Бугунги кунда А.Косвинцев Украинадаги “Вечерние вести” газетаси бош муҳаррири бўлиб ишламоқда. У бу ерга ишга келиши билан газетада Россиядаги сиёсий жараёнлар ва Путин сиёсати танқидий нуқтаи назарда ёритила бошланди.

“Журналист сифатида мен украиналикларга Путин режимининг асл моҳияти ҳақида айтишга ҳаракат қиламан. Биз бу режим ҳақидаги кўплаб фактларни ошкор қиламиз”,- деди у.

А.Косвинцев Россия ҳукуматини унинг сиёсий бошпана олиш учун берган аризасини бекор қилишга уринганликда айблайди. Айни пайтда унинг Украинадан сиёсий бошпана олгани борасида Россия расмийлари муносабат билдирмаётир.
XS
SM
MD
LG