Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:30

Ислом Каримовнинг тамойиллари бозор ислоҳотларини секинлаштирмоқда


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:jdXN0pkvwacZjM:http://www.pbs.org/nbr/site/images/070427_World_Bank.jpg Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон ҳукуматининг ёндашуви билан бозор ислоҳотларини амалга ошириш узоқ йилларни талаб этиши тўғрисида огоҳлантирди.

Ўзбекистондаги 2010 йилга қадар қашшоқликни камайтириш стратегиясига баҳо берган ушбу энг нуфузли молиявий ташкилотлар ҳукумат стратегияси аввалги сиёсатнинг давоми эканини айтмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати қабул қилган мамлакатда қашшоқликни камайтириш стратегиясини диққат билан ўрганган Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси мутахассислари ўз тавсияларини 8 саҳифада баён этди.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 30 фоизи қашшоқликда кун кечираётган бўлса, 2010 йилга қадар ҳукумат бу кўрсаткични 20 фоизгача камайтиришни мўлжалламоқда. Бунинг учун иқтисодиёт бошқарувини яхшилаш, бюджетнинг ижтимоий соҳаларга йўналтирилган сарф-харажатларини ошириш каби чоралар кўрилаётгани айтилмоқда.

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси тавсияларида Ўзбекистон ҳукумати стратегиясида аниқлик етишмаётгани, бу эса стратегия ижросини қийинлаштириши мумкинлиги бот-бот таъкидланган.

Мазкур нуфузли халқаро молиявий ташкилотлар президент Ислом Каримовнинг иқтисодиётни босқичма-босқич ривожлантириш тамойили бозор ислоҳотларини жуда секинлаштираётганини эътироф этади.

Ўзбекистондаги қашшоқликнинг асл кўлами борасида бир қадар шубҳалар ҳам бор. Шунинг учун қашшоқликни камайтиришга қаратилган чоралар унинг кўламини аниқ белгилашдан бошланиши кераклиги айтилади тавсияномада.

Жаҳон банкининг Тошкентдаги ваколатхонаси ходимаси Ирина Цой бу тавсиялар мажбурий эмаслиги, бироқ ҳукумат уларга аҳамият бериши аниқ эканини таъкидлади.

“2-3 йилдан сўнг ҳукумат ўз стратегиясини қайта кўриб чиқади ва ўшанда бу маслаҳатларни инобатга олиши мумкин. Бироқ исталса, стратегия ижроси давомида ҳам бу маслаҳатлар тадбиқ этиб борилиши мумкин”,- деди И.Цой.

Ўзбекистон ҳукуматининг “Аҳоли фаровонлигини ошириш чоралари”, деб номланган стратегияси ўтган йил ўрталаридан буён ҳаётга тадбиқ этила бошлангани айтилади.

Бироқ страгетиянинг ижобий таъсири ҳақида на шаҳарликлар, на қишлоқ аҳли бирор гап айтаётир.

Ўзбекистонда аҳоли турмуш даражасининг пасайиб бораётганини халқаро мустақил кузатувчилар ҳам қайд этмоқда.

Лондондаги Африка ва Осиё тадқиқотлари қироллик институти таҳлилчиси Алишер Илҳомовнинг айтишича, Ўзбекистондан одамларнинг оммавий тарзда четга ишлаш учун чиқиб кетаётгани турмуш даражасининг тушиб бораётгани борасида ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмайди.

“Ҳозир Ўзбекистонда камбағал ҳисобланадиган Қирғизистон ва Тожикистон каби давлатларга ҳам меҳнат миграцияси бошланди. Ўзбекистон аҳолиси сарсон-саргардон бўлиб четга чиқиб кетаётган бўлса, мамлакатда иқтисодий ўсиш бор, деб бўлмайди”, – деди А.Илҳомов.

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон иқтисодиёти тез суръатлар билан йилига ўртача 5 фоизга ўсаётганини эътироф этади.

Бироқ Алишер Илҳомовнинг таъкидлашича, бу эътироф Ўзбекистон ҳукумати билан сиёсий муросанинг натижаси, холос.

Айнан шундай сиёсий муроса ўлароқ, Ўзбекистон ҳукуматининг асосий тамойиллари билан келиша олмаган бу ташкилотлар қашшоқликни камайтириш стратегиясини қўллаб-қувватлашга тайёр.

“Умуман олганда, биз ҳукумат стратегиясини олқишлаймиз ва уни амалга ошириш учун ёрдам беришга ҳаракат қиламиз”,- дейди Жаҳон банкининг ходимаси Ирина Цой.
XS
SM
MD
LG