Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:22

Саида Қурбонова: “Илло ёқангизда менинг қўлларим”


Жиззахлик фермер аëл, ҳуқуқ ҳимоячиси Саида Қурбонова Ўзбекистонда қора совуқ забтига олган халқнинг қишга ғамлаган захиралари таги кўриниб қолган кунларда аҳолининг турмуш шароити ҳақида гапириб берди.

Озодлик: Ҳозир бир қоп буғдой ҳам муаммо бўлиб турган экан?

Саида Қурбонова: Ҳа, ҳозир шунақароқ. Бу йил буғдой бўлмади. Тўғри, меҳнат қилишди, дон экишди, лекин ҳосил бўлмади.

Озодлик: Қора қозон қайнаб турибдими?

Саида Қурбонова: Қора қозон наридан бери қайнаяпти. Фақат муаммомиз магазиндан берилаëтган ун. Ҳозир одамлар жон бошига 3 килодан берилаëтган унга қараб турибди.

Озодлик: Бир-икки қоп жамғариб қўйган буғдой йўқми?

Саида Қурбонова: Жамғариб қўйилган буғдой жуда ҳам кам одамларда бор.

Озодлик: Қора қозонда нима қайнаяпти: картошка,ëғ, гўшт?

Саида Қурбонова: Қозонда, асосан, картошка ва макарон қайнаяпти. Гўшт қаëқда дейсиз? Фермерларга ойлик бера олишмаяпти-ку.

Озодлик: Бу яқин орада тўкинчилик бўлармикин?

Саида Қурбонова: Ҳамма умид қилиб турибди, лекин билмадим. Тўкинчилик бўладиганга ўхшамаяпти.

Озодлик: Бозорда нархлар тушдими?

Саида Қурбонова: Ҳозир магазинда берилаëтган ëғ билан бозорда сотилаëтган ëғнинг нархи бир хил. Лекин уннинг нархи тушганича йўқ.

Саида Қурбонова халқнинг мана шу оғир кунларидан таъсирланиб, “Кетаяпмиз бир манзил сари” номли шеър ҳам ёзган:

Эй, сиз кўкрак муштлаб, ватан деганлар,
Ва уни бурдалаб, сотиб еганлар,
Аввал туфлаб, сўнгра ялаб олганлар,
Туфлагани халқни талаб олганлар.
Ҳақ номила ëлғон қасам ичганлар,
Ору номус, ҳатто ҳақдин кечганлар,
Иймонини ўз нафсига сотганлар,
Хиëнатнинг ботқоғига ботганлар.
Қаро юз деб туҳмат тошин отганлар,
Бир бошимга минг битта дор тортганлар,
Азал айро тушган сизла йўлларим,
Илло ëқангизда менинг қўлларим,
Кетаяпмиз шошиб бир манзил сари.

Дон экиб, қопида дони йўқ элим,
Нон чопони бўм-бўш, нони йўқ элим,
Орзуси армонга айланган элим,
Қўрқувдан тиллари бойланган элим.
Тўрт фасл меҳнатинг битмайди-я ҳеч,
Шунда ҳам қорнингга етмайди-я ҳеч,
Оға-иним юпун, синглим камқоним,
Дардинг аритолмай қийналди жоним.
Қорни оч бўлса-да, лафзи ҳалолим,
Меҳнати арзону қадри малолим,
Азал бирга тушган сизла йўлларим,
Қўлингизни тутиб маҳкам қўлларим,
Кетаяпмиз шошиб бир манзил сари.
XS
SM
MD
LG