Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:20

ЕИ ва МО ҳамкорлиги Россияни ён беришга мажбурлаши мумкин


Россиянинг “Газпром” монополияси хасислик билан Украинага босим ўтказиб, таъминотни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилаётган газ Марказий Осиё давлатларидан арзон нарҳда сотиб олинган.

Душанба куни “Газпром” Украинага етказиб бериладиган газ миқдорини 25 фоиз камайтирганди. “Газпром” Украинадан жорий йил газ таъминоти учун шартномага имзо қўйишни ва расмий Киев тан олмаётган 600 миллион доллар газ қарзини тўлашни талаб этаётир. Бу талаблар бажарилмаса, 4 март куни кечқурун газ етказиб бериш яна 25 фоиз қисқартирилади. “Газпром” қарорини компания матбуот вакили Сергей Куприянов эълон қилди.

“Музокараларда олға силжишнинг йўқлиги, Украинанинг “Нафтогаз” компанияси газни харид қилиш бўйича шартномани имзоламагани, шу жумладан, Украинага етказилган газ ҳақи тўланмагани сабабли 4 март соат 20.00дан украиналик истеъмолчиларга газ таъминотини яна 25 фоиз қисқартиришга қарор қилинди”,- деди С.Куприянов.

“Газпром”нинг билдиришича, Украинага узатиладиган газ миқдорининг қисқартирилиши Ғарбий Европадаги истеъмолчиларга таъсир қилмайди.

Россия, асосан, Марказий Осиёдан жаҳон нархларидан анча арзонроққа сотиб олинган газни савдо қилаётир. Бу газни Россия МДҲнинг айрим мамлакатлари ва Европага сотади. Россиянинг газдан сиёсий босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланаётгани минтақадаги газ таъминотчи ва истеъмолчи давлатларни муқобил йўлларни излашга мажбур қилаётир.

Ўз газини сотишда Россияга деярли қарам Марказий Осиё давлатларининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари етарли бўлмоқдами?

Швецияда нашр этиладиган “Марказий Осиё ва Кавказ” журнали бош муҳаррири Мурод Эсеновнинг айтишича, Марказий Осиё давлатлари қанчалик жиддий ҳаракат қилаётганига қарамай, Россияни четлаб ўтувчи муқобил газ қувурларнинг пайдо бўлиши узоқ истиқболда қолмоқда.

“Янги экспорт йўналишини очиш учун жиддий сармоялар, кейин эса вақт лозим. Масалан, транскаспий газ қувури лойиҳаси пайдо бўлганига 10 йил бўлди. Бу лойиҳа сармоясиз қолмоқда. Афғонистон орқали газ қувурини қуриш лойиҳаси бундан баттар аҳволда, у ерда на сармоя, на хавфсизлик мавжуд”,– деди Мурод Эсенов.

Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова фикрича, газ таъминоти диверсификацияси Марказий Осиёнинг барча давлатлари учун ўта муҳим бўлса ҳам бунга халақит қилувчи кўпгина сиёсий омиллар бор.

“Бу ўта сиёсийлаштирилган масала бўлгани сабабли, табиийки, нафақат иқтисодий даромад ва чиқимлар, балки у ёки бу йўналишдаги сиёсий дивидентларга ҳам аҳамият берилади. Бошқа томондан, бугунги кунда мавжуд битта йўналиш Россия орқали ўтади”,- деди С.Шерматова.

Яқиндан бошлаб Марказий Осиё давлатлари газ иттифоқини ташкил этиш ғояси тарғиб этила бошланди.

Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсим Сатбоевнинг билдиришича, минтақадаги газ йўналишларини ўзлаштиришни ўзининг стратегик мақсадига айлантирган Россия ушбу ғоянинг асосий тарафдори ҳисобланади.

“Бундай иттифоқнинг пайдо бўлиши ҳозирча эҳтимолдан йироқ. Чунки Қозоғистон ва Туркманистон газ таъминотининг муқобил вариантларини топа олади. Қозоғистон Хитой ва Озарбойжон томон газ қувурлари қуриш лойиҳасини бошлади. Туркманистон яқинда Хитойга қувур қуришни бошлайди. Ўзбекистон эндигина муқобил йўллар ҳақида ўйламоқда. Нима бўлган тақдирда ҳам Марказий Осиё давлатлари “Газпром” таъсирига тушишни истамаётир ва газ нархларини ошириш орқали ўз шартларини қўйишга интиляпти”,- деди Дўсим Сатбоев.

Россия атрофидаги ҳар бир давлат ўзининг Украина ҳолига тушиб қолишидан қўрқади. Россия эса, бир томондан, муқобил йўлларни қидираётган газ таъминотчилари ҳисобланган Марказий Осиё давлатлари, бошқа томондан, ўзига тобе бўлишни истамаётган газ истеъмолчилари бўлмиш Европа давлатлари билан нозик сиёсат юритишга ўрганиши керак.

Европа Иттифоқи ҳузуридаги Осиё тадқиқотлари институти таҳлилчи Жон Куиглейнинг сўзларига кўра, Европа ва Марказий Осиё давлатларининг ҳамкорлиги Россияни жиддий ён беришга мажбур қилиши мумкин.

“ЕИ учун энергетик захиралар таъминоти ва хавфсизлиги жуда муҳимдир. ЕИнинг яқинда қабул қилинган Марказий Осиё стратегияси бу муаммоларга алоҳида эътибор беради. ЕИ бу муаммони Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни яхшилаш орқали минтақавий даражада ҳал этиш ниятида. Марказий Осиё давлатлари бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилса, нархларни ҳам ўзлари белгилайди, шартларни ҳам ўзлари қўйиши мумкин”,- деди Жон Куиглей.
XS
SM
MD
LG