Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:25

Газ бўҳронининг олди олинди, бироқ муаммо ўртадан кўтарилмади


Украинанинг газ қувурлари яна газга тўлиб оқмоқда. 3 кун давомида газ таъминоти борасида тортишган Россия ва Украина ниҳоят келишувга эришди. Бироқ яна бироз ўтиб бу икки давлат ўртасида айни муаммо пайдо бўлмаслигига ким кафолат бера олади?

Ҳафта бошида Россиянинг давлатга қарашли “Газпром” компанияси Украинадан 600 миллион доллар газ қарзини талаб қилиб, газ таъминотини икки баробар қисқартирди, талаб бажарилмаса, газ таъминотини янада камайтириш билан пўписа қилди. Икки давлат президентларининг сўнгги телефон суҳбатигина муаммони вақтинча бўлса ҳам бартараф этишга ёрдам берди.

Икки давлат ўртасида амалга оширилаётган газ олди-соттисининг асосий оғриқли нуқтаси ўртакаш компаниялар бўлиб қолмоқда. Ўртакашлик вазифасини ярми “Газпром”га тегишли “РосУкрЭнерго” ва Украинанинг “Нафтогаз” давлат компанияси ҳамда “РосУкрЭнерго”га тегишли “УкрГазЭнерго” компаниялари бажаради.

Газ савдосининг бундай мураккаб механизмига қарши чиққан бош вазир Юлия Тимошенко бу йўл билан украиналик истеъмолчилар ҳисобига катта маблағларнинг ўзлаштирилаётганини айтиб келади. Бироқ кичик элиталар манфаатини юқори қўйиб келаётган Москва бу механизмдан воз кечишга қарши чиқмоқда.

“Озодлик” радиосининг энергетика масалалари бўйича таҳлилчиси Роман Купчинский фикрича, Москва ўртакаш компаниялар ёрдамида газ нархини оширишга муваффақ бўлмоқда.

“Ўртакаш компаниялар Россия давлатининг манфаатларига тўғри келмайди. Лекин нега Россия улардан воз кечишни истамайди? Чунки бу ўртакашлар ёрдамида “Газпром” Украинанинг ички бозорига кириб, унинг 50 фоизини ўзлаштириб олмоқчи. Бу эса Украинанинг “Нафтогаз” компаниясини банкрот қилиши мумкин”,- деди Р.Купчинский.

“Газпром” Киев билан тортишув фақатгина иқтисодий характерга эгалиги борасида дунёни ишонтиришга ҳам ҳаракат қилмади. Аслида “Газпром” Кремлнинг сиёсий мақсадларини илгари сураётганини ҳамма билиб бўлган.

Газ бўҳрони Украинада “зарғалдоқ инқилоб” тўлқинида ҳокимият тепасига келган президент Виктор Юшченко ва бош вазир Юлия Тимошенко ўртасига зиддият солди. Бу воқеалар Москвани энергетика захираларидан сиёсий қурол сифатида фойланаётганликда айблашга асос бўлмоқда.

Римдаги халқаро муносабатларни ўрганувчи “Ҳокимият ва манфаатлар” ташкилоти таҳлилчиси Федерико Бордонаро Россиянинг сўнгги хатти-ҳаракатларида бир қатор сиёсий мотивларни кўради.

“Газпром”нинг барча хатти-ҳаракатлари бизнес билан боғлиқ эмас. Менимча, биринчидан, Россия “Газпром” ёрдамида Косово мустақиллини тан олган Европа Иттифоқига ҳамла қилмоқда, иккинчидан, НАТОга интилаётган Украинани жазоламоқда”,- дейди италиялик таҳлилчи.

Украина истеъмолчилари учун газ таъминотининг қисқартирилгани Европада ҳам хавотир билан кузатилди. Зеро, Европа давлатлари ўз газининг чорак қисмини Россиядан импорт қилади. Украина билан содир воқеа ЕИни Россияни четлаб ўтувчи муқобил газ таъминотчиларини қидиришга мажбур қилаётир.

“Европа “Газпром”га ҳаддан зиёд тобе бўлиш энергетик хавфсизлик нуқтаи назарда хатарли эканини билиб қолди. Шунинг учун Европа Ливия, Жазоир билан янги газ шартномаларни имзолаши ва “Набукко” газ қувурини қуриш лойиҳасини жонлаштириши мумкин”,– дейди Федерико Бордонаро.

Ҳозирча Европа Россиядан ҳар нарсани кутиши мумкин. Россиянинг янги президенти бўлган Дмитрий Медведев “Газпром”нинг собиқ раҳбари сифатида ўз мавқеини юмшатиш ниятида эмас кўринади.
XS
SM
MD
LG