Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:24

Афғонлар норозилик намойишларини давом эттирмоқда


Афғонистонда Данияда Муҳаммад САВ мазах қилинган карикатуралар чоп этилишига қарши намойишлар давом этмоқда. 9 март куни минглаб афғон талабалари мамлакат шарқидаги Нангаҳор вилоятидаги асосий йўлни тўсиб олди.

Бир кун аввал намойишлар Ҳиротда бўлиб ўтган бўлса, 9 март куни Жалобод шаҳри ёнида давом этди. Нафақат Дания газеталарида карикатураларнинг пайдо бўлгани, балки Қуръони карим ҳақида Нидерланияда эълон қилиниши кутилаётган фильм ҳам мусулмонлар ғазабини қўзғамоқда.

Покистонга элтувчи йўлни тўсиб олган минглаб афғон талабалари Дания ва Нидерландия байроқларини ёқиб, “Данияга ўлим! Нидерландияга ўлим!” деб ҳайқирди.

Муҳаммад САВнинг 2006 йилда чоп этилган карикатуралари кўплаб мусулмон давлатларида қонли зўравонликларга сабаб бўлганди. Орадан икки йил ўтгач, карикатуралар муаллифини ўлдиришга ҳаракат қилганликда айбланиб 3 киши ҳибсга олингандан сўнг унга хайрихоҳлик қилиб Дания газеталари барча 12 расмни яна нашр этиб юборди.

Айни пайтда Нидерландия парламенти аъзоси Герт Уилдерс жорий ойда Қуръон танқид қилинган фильмни намойиш этишни режалаштирмоқда.

Афғонистонда намойишни давом эттирган Нангаҳор вилояти талабалари умумий баёнот қабул қилиб, дунё мусулмонларни Дания ва Нидерландияга қарши туришга чақирди.

“Биз Афғонистон ҳукуматини Дания ва Нидерландия билан дипломатик алоқаларни тўхтатишга чақирамиз. Дания ва Нидерландия қўшинлари мамлакатдан чиқариб юборилиши шарт. Дунё бўйлаб барча мусулмон биродарларимизни Дания ва Нидерландия маҳсулотларини бойкот қилишга даъват этамиз”,- дейди намойишчилардан бири.

Афғонистон ҳукумати Дания карикатураларининг қайта нашр этилишини Исломга қарши ҳужум сифатида баҳолади. Бундай масъулиятсиз ҳаракатлар мужоҳидлар ва жангарилар сафини кенгайтириши мумкин.

“Толибон” ҳаракати карикатуралар қайта нашр этилишини ва Нидерландияда намойиш этилиши кутилаётган фильмни мусулмонларга қарши салб уруши, деб атади.

Шанба куни минглаб афғон намойишчилари Ҳирот шаҳрида юриш қилиб, Дания ва Нидерландияга лаънатлар ёғдирди.

Ўзини Муҳаммад Акбар, деб таништирган намойишчилардан бири Исломни оёқ ости қилаётганларга қарши курашаётган мужоҳидлар сафига қўшилишини билдирди.

“Пайғамбаримиз, йўлбошчимиз Муҳаммад САВни ҳақоратлаганларга қарши жиҳод эълон қилишимиз керак. Бунга қарши намойишлар ўтказишимиз керак”,– деди Муҳаммад Акбар.

Ўтган ҳафтада ўхшаш намойишлар пойтахт Кобул ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтказилганди. Афғонистон парламенти Дания ва Нидерландия ҳукуматини Исломга қарши куфрона ҳаракатларни тўхтатишга чақирди.

Исломий давлат бўлмиш Афғонистонда Муҳаммад САВ шаънига айтилган ҳар қандай ножўя гаплар учун ўлим жазоси тайинланади.

Бугунги кунда Афғонистонда Нидерландиянинг қарийб 1 500 ҳарбийси НАТО кучлари таркибида хизмат қилмоқда. Даниянинг Афғонистондаги ҳарбийлари сони 600 нафардан ошади.
XS
SM
MD
LG