Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:20

Ўзбекистондаги бугунги аҳвол учун Ғарб ҳам жавобгар...ми?


Германия расмийларининг Ўзбекистонга узлуксиз сафарлари доирасида Тошкентга немис парламентининг депутати Марилуиз Бек ҳам келиб қолди. “Яшиллар партияси”дан Бундестаг аъзоси Бек хоним қайсидир маънода Ўзбекистон расмийлари билан мулоқотнинг давомийлигини таъминлайди.

Ўзининг бу сиёсатини Европа Иттифоқига ҳам юқтирган Германия нималарга эришди-ю, мулоқотнинг пировард натижаси қандай бўлади?

Германияда ўз фаолиятини давом эттираётган ўзбекистонлик таниқли журналист Галима Бухорбоева Тошкентга жўнаб кетишидан аввал депутат Марилуиз Бек билан учрашган. Журналист немис депутати билан бўлиб ўтган суҳбат ўзини жуда ранжитганини яширмайди.

Унинг фикрича, Марилуиз Бек каби Ғарб сиёсатчилари Ўзбекистондаги айнан бугунги аҳвол учун билвосита жавобгардир.

“Бу аёл Ўзбекистон учун бир қадар куйинаётгандек таассурот қолдирди. Унинг гапларидан тушунишимча, у қандайдир ксенофобиядан азият чекмоқда. Чунки унинг назарида қийноқлар, инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши ва ҳатто Андижон қирғини каби воқеалар Ўзбекистон шароитида нормал ҳодисадир. Унинг фикрича, Ўзбекистон ҳукуматининг бошини силаб турсак, 10-15 йилдан кейин қандайдир ижобий ўзгаришлар содир бўла бошлайди”, – дейди Галима Бухорбоева.

Унинг айтишича, Германиянинг Ўзбекистон масалалари билан шуғулланувчи сиёсатчилари орасида Каримов режимига мутлақо бефарқ бўлганларни ҳам, бу режимни қаттиқ ҳимоя қилаётганларни ҳам учратиш мумкин.

“Аслини олганда, немис сиёсатчилари Ўзбекистондаги демократия учун курашишга мажбур эмас. Лекин улар Каримов ўз халқига нисбатан олиб бораётган ўйинга арашмаслиги керак. Фикримча, Каримов режими билан мулоқот қилаётган Марилуиз каби сиёсатчилар Ўзбекистонга зиён етказмоқда”,- деди Галима Бухорбоева.

Бироқ Ўзбекистон билан мулоқот ва муроса сиёсатини юргизаётган Германия мамлакатдаги манфаатларини ҳимоя қила олди. Ўзбекистон-Ғарб муносабатлари инқирозга юз тутган маҳалда Германия ҳарбийлари Термиздаги ҳарбий базани тарк этгани йўқ. Германия ўзининг Ўзбекистондаги бизнес манфаатларини ҳам йўқотмади. Бу сиёсатни немислар “реалполитик”, деб атайди ва уни бутун ЕИга юқтиришга ҳаракат қилади.

Лондонлик таҳлилчи Ширин Акинернинг сўзларига кўра, Германиянинг мулоқот ва муроса сиёсати шубҳасиз иш бераётир.

“Мулоқот жуда муҳимдир. Фикримча, мулоқот ёрдамида улар кўп нарсага эришди ва ҳукуматга босим ўтказа олди. Айрим сиёсий маҳбусларнинг озод қилингани ҳам яхши бўлди. Лекин яқин орада бу сиёсатнинг жиддий самарасини кўра олмаймиз. Менимча, ҳеч бир хорижлик Ўзбекистондаги вазиятга жиддий таъсир қила олмайди. Тўғри, мулоқот томонларнинг бир-бирини яхшироқ тушунишга ёрдам беради, лекин ҳеч нарсани ўзгартирмайди”, – дейди профессор Ширин Акинер.

Германиянинг саъй-ҳаракатлари сабабли келаси ойда ЕИ Андижонда юзлаб намойишчининг ўлдирилиши ортидан Ўзбекистон ҳукуматига қарши жорий этилган санкцияларни қайта тикламаслиги мумкин. Марказий Осиё давлатлари билан яқинлашар экан, Германия ва ЕИ давлатлари ўзининг энергетик эҳтиёжларини қондириш мақсадини кўзлаётганини яширмайди. Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларини давом эттириш учун ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга эҳтиёж кун сайин ортмоқда.
XS
SM
MD
LG