Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:22

Инсон ҳуқуқлари сотиб олинмайдиган нарса


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:zT4Vdcq5ArMRQM:http://www.ej.ru/upload/entry/4358/2.jpg АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аҳволига оид яқинда эълон қилинган сўнгги ҳисоботида бу мамлакатдаги коррупция даражасини танқид остига олди.

Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига баҳо берар экан, мамлакатдаги коррупция муаммосини четлаб ўта олмади. Уларнинг қайд этишича, Ўзбекистондаги коррупция бирор олий ўқув юртига кириш учун пора беришдан бошланиб, йўл ҳаракати нозирлари-ю, судьяларни сотиб олишгача бориб етади. Коррупциянинг бу қадар кўлами инсон ҳуқуқлари поймол этилишига қандай дахли бор, деган савол пайдо бўлиши мумкин.

“Коррупция ва инсон ҳуқуқлари бузилиши доимо ёнма-ён юришини кузатиш мумкин. Бу икки иллат ўртасидаги алоқа жуда ҳам кучли”,- дейди коррупцияга қарши курашувчи “Transparency international” ташкилотининг постсовет давлатлар бўйича раҳбари Миклош Маршалл.

“Transparency international” ташкилоти Ўзбекистонни дунёдаги энг коррупциялашган 5 та давлатдан бири, деб эътироф этади.

“Бу ерда коррупциянинг энг ёмон комбинацияси мавжуд. Ҳамма нарса коррупцияга ботган ҳокимият тепасидаги элита томонидан назорат қилинади. Кундалик ҳаётда эса одамлар исталган нарсасини сотиб олаверади. Коррупцияни қоралайдиган на эркин матбуот, на фуқаролик жамияти мавжуд”,- дейди М.Маршалл.

Хўш бундай вазият оддий ўзбекистонликнинг ҳуқуқларини қандай поймол этиши мумкин?

“Инсон ҳуқуқлари амалдорларнинг фуқароларга адолатли муносабатини назарда тутади. Инсон ҳуқуқлари, деганда барча одамларнинг бир хил ҳуқуқларга эга бўлиши, уларнинг турли хизматлардан бир хилда фойдаланиши тушунилади. Коррупция пора эвазига алоҳида одамларга кўпроқ имконият бераётган бўлса, пул берган одам фойдасига суд ҳукмини чиқаришга ёрдам бераётган бўлса, инсон ҳуқуқлари қаерда қолади?! Коррупция даражасининг юқорилиги ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги боғлиқлик мана шудир”,– дейди Миклош Маршалл.

Унинг таъкидлашича, инсон ҳуқуқлари сотиб олинадиган нарса эмас. Адолатли жамиятларда қонуний жараёнлар ёрдамида инсон ҳуқуқлари таъминланади.

“Қамоқда бўлсангиз-у, қамоқхона қўриқчиларига пул бериб оила аъзоларингиз билан бошқаларга қараганда кўпроқ учраша олсангиз ёки озодликни, амнистияни сотиб ололсангиз ўта авторитар Ўзбекистон шароитида, албатта, яхшидир. Бироқ бу билан ўз ҳуқуқингизни сотиб олмаган бўласиз. Инсон ҳуқуқлари сотиб олиш мумкин бўлган нарса эмас”,- деди М.Маршалл.
XS
SM
MD
LG