Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 14:29

Ўзбекистондаги нодавлат ташкилотлари ҳамон назорат остида


Шаҳриёр Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари учун молиявий таъминот масаласи ҳануз катта муаммолигича қолмоқда. Шу кунда халқаро лойиҳа билан шуғулланаётган ННТ вакилларидан бирига кўра, Ўзбекистонда фаолиятини давом эттираётган халқаро ташкилотлар ҳам бармоқ билан санарли бўлиб, улар ҳам Ўзбекистон ҳукумати билан маълум даражада тил топиша олган ташкилотлардир, холос.

Суҳбатдошимизнинг эътироф этишича, бундай ташкилотлар фақат ҳукумат тавсия қилган ННТларгагина грант ажратадилар ва улар фаолиятини қаттиқ назорат қиладилар. “Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ёхуд бошқа қандайдир жамғармалар томонидан эълон қилинаётган грантлар билан боғлиқ аҳвол ҳам худди шундай”, деди у.

Аввалги ННТ раҳбарлари ҳозир давлат мулозими

Ўзбекистонда яшовчи яна бир ННТ вакиласининг айтишича, мамлакатда ўз-ўзини изоляция қилиш механизми ишга тушгач, бу жараённинг илк қурбонлари айнан Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга тўғри баҳо бериб келган ва асл воқеликни тадқиқ қилиш билан шуғулланган нодавлат ташкилотлари бўлганлар. Суҳбатдошимизга кўра, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг молиявий кўмаги асосида Ўзбекистонда мавжуд муаммоларни турли лойиҳалар асосида кўтариб чиқа бошлаган ННТлар ўзлари йиққан маълумотларни аҳолига етказиб беришга улгурмаёқ тазйиққа учраганлар.

Суҳбатдошимизнинг фикрича, Ўзбекистонда ННТ фаолияти учун мутлақо эркинлик йўқ, ННТлар ҳамон давлат муассасалари ёки ташкилотлари сингари ҳукуматга қарамлигича қолмоқда. Собиқ ННТ вакиласининг маълум қилишича, аввал фуқаролик секторида ишлаган баъзи иқтидорли лидерлар бугунги кунда батамом давлат тизимига жалб қилинганлар - уларга турли лавозимлар берилган.

“Муаммоларни ҳал қилиш учун ҳар нарсага тайёрмиз”

Аммо бу билан мамлакатдаги барча нодавлат ташкилотлари ёпилиб кетди, деб бўлмайди. Бугунги кунда мамлакатда фаолият олиб бораётган ва аёллар муаммолари билан шуғулланаётган ННТ раҳбари Ўзбекистондаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва аҳолига қийин вазиятларда ёрдам бериш учун ўз ташкилоти ҳукуматнинг ҳар қандай шартига кўнишга тайёр эканини билдирди.
“Афсуски, Ўзбекистонда лойиҳалар доирасида ўрганилаётган муаммолар кундан кунга авж олиб бораётгани сезилмоқда. Ўзбекистонда аёлларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш юзасидан қатор ишлар амалга оширилаётгани тўғрисида бонг урилаётган ҳозирги пайтда кўплаб ўзбек аёллари ҳали-ҳамон турли зўравонликлардан азият чекмоқдалар, хорижда эса даҳшатли қийинчиликларга дуч келмоқдалар. ОИТСга чалинаётган, турли юқумли касалликларни юқтираётган, баъзан қулларча таҳқирланаётган ёки гиёҳвандлик, одам савдоси қурбонига айланаётган аёллар миқдори йилдан-йилга кўпайиб бораётгани бунга далил бўлади”, - деди у.

Суҳбат ниҳоясида биз билан мулоқотда бўлган ННТ вакилалари яқин йиллар ичида Ўзбекистонда вазият ўзгариши ва ННТлар фаолиятига эркинлик берилишига умид қилиб қолишларини таъкидладилар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда нодавлат ташкилотлари фаолиятини чеклаш 2005 йил майида Андижонда содир бўлган фожеадан кейин кучайганди. Кейинги уч йил ичида мамлакатда турли баҳоналар билан минглаб маҳаллий нодавлат ташкилотлари ҳамда ўнлаб халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари ёпилган.
XS
SM
MD
LG