Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:35

TNK-BP навбатдаги нишонга айланди


Буюк Британиянинг “Бритиш петролиум” (BP)компанияси ва Россиядаги бир гуруҳ миллиардерларга тегишли TNK-BP ширкати нефть ва газ бизнеси давлат назоратига ўтаётган Россияда кучли босим остида қолаётир.

Куни-кеча Москва милицияси TNK-BP нефть компанияси қароргоҳида рейд ўтказди. Шундан сўнг Россия ҳукумати мамлакатдаги хорижий нефть компанияларини тугатишга бел боғлагани борасидаги хавотирлар янада кучайди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакиласи Ирина Дукунина аввалига хавфсизлик идораси ходимлари беш йил аввал TNK-BP таркибига кирган “Сиданко” ширкатига тегишли ҳужжатларни қидирганини билдирди. Бироқ кейинроқ у мазкур рейд TNK-BP компанияси фаолиятини текшириш билан боғлиқ бўлганини тан олди.

Чоршанба кунги рейдлар аввалига TNK-BPнинг Москвадаги қароргоҳида, сўнг кечга бориб BP офисида ўтказилди. Компания ходимлари бино ташқарисига чиқарилмади.

Компаниянинг ўз исми ошкор этилишини истамаган ходими мазкур рейдларда Федерал хавфсизлик хизмати формасини кийган одамлар ҳам бўлганинини маълум қилди. Бироқ ФХХ TNK-BP компаниясида ўтказилган тинтувларда иштирок этганини рад қилди.

Кузатувчилар таъкидича, хавфсизлик ходимларининг хориж компаниясига бостириб бориши барча нефть ва газ компанияларни ўз назоратига олмоқчи бўлаётган давлатга қарашли “Газпром” ширкати буюртмаси билан амалга оширилган.

Россия ҳукумати TNK-BPга берилган Сибирдаги жуда катта Ковикта газ майдонини ўзлаштириш лицензиясини тортиб олиш билан таҳдид қилди. Айни пайтда бу майдонни ўзлаштириш ҳуқуқи “Газпром”га ўтказилмоқда.

TNK-BP ва BP компаниялари тинтув қилиниши Россия ва Буюк Британия ўртасидаги муносабатлар совуқ уруш давридан буён энг ёмон аҳволга тушиб қолган бир пайтга тўғри келмоқда. Москва ва Лондон ўртасидаги муносабатлар таранг қолаётгани Россия томони 2006 йилда Лондонда ФХХнинг собиқ ходими Александр Литвиненконинг ўлдирилишига алоқадорликда гумон қилинаётган ФХХ ходими Андрей Луговойни экстрадиция қилишдан бош тортаётгани билан боғлиқ.

Иқтисодчи ва “Эхо Москви” радиоси таҳлилчиси Юлия Латинина фикрича, Буюк Британия компаниясининг нишонга олингани ортида ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий сабаблар бор.

“Биз нима бўлаётганини ҳали яхши тушунаётганимиз йўқ. Лекин содир бўлаётган воқеалар BP компаниясининг Россиядаги ҳамкорлари билан эмас, кўпроқ британияликларнинг ўзлари билан боғлиқ. Бу эса аслида нима бўлаётганини кўрсатади. Эндиликда Буюк Британия Россияда огоҳ бўлиши керак”,– дейди таҳлилчи.

Сўнгги бир неча йил давомида Россия ва Буюк Британия бир-бирининг дипломатларини мамлакатдан чиқариб юбориш билан овора бўлди. Йил бошида Россия ҳукумати Британия кенгашининг барча ўқув марказларни ёптириб ташлади. Бу эса Россияда Буюк Британиянинг фақатгина бизнес манфаатлари нишонга олинмаётганини кўрсатади.
XS
SM
MD
LG