Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:31

Икки ўзбек мардикори калтаклаб ўлдирилди


Россиянинг Москва вилоятидаги Раменск туманида икки ўзбек мардикорининг ўлиги топилди. Бири 20, яна бири 28 ёшли ўзбеклар билан бирга 31 ёшли тожикистонлик ҳамда улар ишлаб турган автосервис эгасининг ёндириб юборилган жасади топилган.

Дастлабки тергов тахминига кўра, мардикорлар аёвсиз равишда калтаклаб ўлдирилган. Автосервис эгасини ҳам уриб ўлдириб, кейин сервиси билан бирга қўшиб ёқиб юборишган.

Бу эса сўнгги ойлар ичида Россиянинг Москва, Санкт-Петербург шаҳарлари ва Москва вилоятида содир этилаётган ана шундай ўта ваҳший жиноятлардан биридир. Жиноятлар сони ортиб бормоқда-ю, бироқ унинг жавобгарлари ҳануз кўринмайди.

Россияда марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари аёвсиз калтаклангани ҳақида деярли ҳар куни, икки кунда бир эшитяпмиз. Меҳнат муҳожирлари уриб ўлдириб юборилаётгани ҳақида ҳам деярли ҳар икки –уч кунда бир эшитишга кўникдик. Ҳаттоки бундай жиноятларни содир этаётган жиноятчиларнинг кимлиги ҳақида ҳам аниқ шаклланган тасаввур бор – тақирбошлар.

Аммо мана бир неча йиллардирки, вазият мутлақо ўзгаришсиз. Тақирбошлар дейилаётган жиноятчилар меҳнат муҳожирини аёвсиз уради, уриб ўлдириб қўяди, воқеа жойига милиция келади, безорилик, деган тахмин билан тергов бошланади ва матбуот ўзбекистонлик, тожикистонлик, қирғизистонлик, деган маълумот билан чекланган хабарни эълон қилади. Битта фарқли жиҳати - матбуот бу ҳақда негадир баҳор ойларида тез-тез хабар қилади. Яъни одатда Россияга меҳнат муҳожирлари оқими кескин ортадиган баҳор ойларида жиноятнинг кўлами кенгаяди.

Аммо бунинг сабаблари ва жиноятларни содир этганларнинг топилишига шу тақирбошларнинг калтаги бошида синиб турган меҳнат муҳожирларининг ўзлари ҳам ишонмайди ва улар учун ҳозир бу муҳим эмас, афтидан.

22 ёшли фарғоналик Зикриёхон бундан бир йил муқаддам, яъни ўтган баҳорда 5 та тақирбошнинг қўлига тушиб, уларнинг чангалидан чалажон бўлса ҳам тирик чиққанига хурсанд.

“Москва яқинида ишлаб юрганимда электричкада қайтиб келаëтган эдим. Кўпчилик бўлиб менга ташланишган. Худога шукур, тирик қолганман. Темир ва шунга ўхшаган нарсалар билан уриб ташлашган. Мен ўша жойда ўзимга келиб келмай, 3-4 соат қолиб кетганман”,- дейди Зикриё.

Зикриё россиялик бир тўда ёш болалар уни нимага калтаклашганини ҳар ҳолда яхши тушунади.

“Ўзининг миллатига мансуб бўлмаганларни калтаклашни шиор қилиб олганми, билмадим. Москвада нима қиляпсан, деб уриб ташлаяпти. Ўзини миллатидан бошқалар, яъни “қора”ларни уриб ташлаяпти”,- деди Зикриё.

Битта ўзи бешта йигитнинг ур-тепида қолиб кетганидан кейин Зикриёхон 1 ой шифохонада ётди. Қовурға уч жойидан синган, қўл-оёқ ҳам майиб-мажруҳ эди. Бир ойлик ва фалон пуллик муолажадан сўнг қоматини бир амаллаб тикка қилиб чиқди. Кейин эса яна иш жойига қайтди. Ҳеч кимга арз қилмади.

Яъни милиция ёки бошқа органларга мурожаат қилишдан фойда йўқ. Буни шу Зикриёхонга иш бериб турган россиялик иш берувчининг ўзи ҳам тушунадиган бўлиб кетган.

“Хўжайин яхши. Ҳозир вақтлироқ кетинглар, дейди. Кундуз куни одам кўплигида кетаман. Одам кўплигида ишга бораман. Ҳозир шунақа”,- деди Зикриё.

Ҳаёт шу, хуллас. Эрталаб одамларни орасида саҳарлаб ишга етиб олиш, кечқурун яна одамлар орасида, кун ботмай туриб уйга етиб олиш.

Озодлик: Энди калтак ебсиз, анча қийналибсиз. Шунга қарамай, бу ерда қолишга мажбурмисиз?

Зикриëхон: Ҳа, ҳозир қолишга мажбурман. Акамни Ўзбекистонда қамаб қўйган. Уйга пул жўнатиш керак.

Озодлик: Нимага?

Зикриëхон: Диний мотивлар бўйича қамашган. Яқинда 9 йил муддат бериб юборишди.

Озодлик: Оилада нечта ўғилсизлар?

Зикриëхон: 2 та ўғил, битта қиз. Онам салкам элликка кирди. Дадам вафот этган. Бу ерда юришимдан мақсад пул жўнатиш.

Озодлик: Мактабни битириб Россияга келганмисиз ëки бошқа ишлар билан шуғулланганмисиз?

Зикриëхон: Олийгоҳда ўқиганман. 4-курсдаман. Нима қиламиз, энди оилани боқиш керак.

Озодлик: Ўқишни ташлаб Россияга келдингизми?

Зикриëхон: Ҳа.

Озодлик: Ўзи 4-курсда экансиз. Биратўла битириб қўя қолмадингизми?

Зикриëхон: Энди ҳаëт оғирлашиб қолган пайтда унга қараб ўтираманми!? Уйга пул жўнатсам, акамни бориб кўришса, шунинг ўзи яхши мен учун.

Демак, 22 ёшли Зикриёхонга ҳозир тинчроқ ҳаёт шу — ўзини эҳтиёт қилиш, эплаб пул топиш ва уйда ёлғиз қолган онаси билан синглисига вақтида пул жўнатиб туриш. Чунки улар 9 йилга қамалиб кетган акадан хабар олиши керак. Диний мотивда қамалган ёшгина аканинг панжара ортидаги аҳволи Россияда тақирбош қўлидан омон чиққан уканинг аҳволидан оғирроқ чунки. Шунинг учун ҳам Зикриёхонга ҳозир ўзганинг юртида ҳақ талашиш, меҳнат муҳожирларини тобора оёқости қилаётган тақирбошларни қўллаётганликда айбланган Россия ҳукумати остонасига юкиниб бориш мутлақо керак эмас. Бунга пул ҳам, вақт ҳам, бир чеккаси ёш туриб, ҳаётдан куйган кўнглида тоқат ҳам йўқ.

Бу шу кунларда, меҳнат муҳожирлари оқими кучайган бир пайтни мўлжаллаб, уларга тақирбошларнинг ҳужуми ҳам кўпайган вақтда – Москва вилоятида ишлаб юрган ўзбек меҳнат муҳожирининг ҳаёти. Мустақил манбаларда айтиладиган яна икки ярим миллион ўзбекистонликнинг аҳволи ҳам айнан шундай бўлмаса-да, бироқ енгилгина ҳам эмас.
XS
SM
MD
LG