Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:30

Яна бир Иегово гувоҳи қамалди


Самарқанд шаҳри жиноят ишлари суди “Иегова гувоҳлари” оқимига мансуб Олим Тўраевни ноқонуний миссионерлик фаолиятида айблаб, уни тўрт йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Олим Тўраев жазони меҳнат колониясида ўтайди.

Ўтган йилдан буён Ўзбекистонда “Иегова гувоҳлари” оқимига эътиқод қилувчи жами уч киши жиноий жавобгарликка тортилган. Оқим аъзоларидан бири Ирфон Ҳамидовга 2 йиллик қамоқ жазоси тайинланганди.

Дин ва эътиқод эркинлиги ҳимоясига қаратилган “Форум 18” ахборот агентлиги вакили Феликс Корлининг айтишича, жиноий жавобгарликка тортилган “Иегова гувоҳлари” ўз уйларида тинч тарғибот ишлари билан шуғулланган.

“Ҳукумат бу каби фаолиятни жиноий ҳисоблайди. Ўзбекистоннинг диний фаолиятга оид қонунлари жуда ҳам шафқатсиздир. Рўйхатга олинган диний жамоалар фаолиятидан бошқа барча диний фаолият тақиқланган”,- дейди Феликс Корли.

“Иегова гувоҳлари” ахборот марказининг 11 март куни тарқатган хабарига кўра, Самарқандда ушбу диний жамоа вакилларига қарши Сталин давридагига ўхшаш рейдлар уюштирилган. Маст ҳолда бўлгани айтилган милиция ходимлари жамоа вакиллирига қарашли 20 хонадонга бостириб борган ва 18 кишини ҳибсга олган. Жамоанинг 17 ёшли вакили Озод Саидов рейд давомида қаттиқ калтакланган. 14 ёшли Муҳайё Абдулҳақовага эса сўроқ давомида калтаклаш билан таҳдид қилинган.

Феликс Корлининг билдиришича, аслида “Иегова гувоҳлари”нинг таъқиб этилиши Ўзбекистонда диний озчиликларга қарши узоқни кўзлаган кампаниянинг давоми, холос.

“Бундай таҳқирлашлар, таҳдидлару зўравонликлар ва жиноий жавобгарликка тортишлар Ўзбекистонда доимий равишда деярли барча диний жамоаларга қарши содир этилади. Улар диндорларни ёқтирмайди ва уларни таҳдид ўлароқ кўради”,- дейди Феликс Корли.

Ҳукумат Ўзбекистон учун ёт бўлган турли диний озчиликлар вакилларига қарши ҳаракатларини мусулмонлар жамоаси манфаати йўлида қилинаётгани билан оқлайди. Хусусан, Қуръон ва Муҳаммад САВни инкор этувчи, шу жумладан, насронийликнинг ҳам асосий ғояларига қарши чиқувчи “Иегова гувоҳлари”нинг Ўзбекистондаги фаолиятига кўп йиллар давомида тўсқинлик қилинмаганди.

“Иегова гувоҳлари” матбуот вакили Ярослав Сивульский сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг таъқиблари жамоа аъзолари эътиқодига таъсир эта олмайди.

“Биз совет даврида ва нацистлар Германиясида жиддийроқ таъқибга учраганмиз. “Иегова гувоҳлари” газ камераларига ҳам ташланган, концлагерлару гулагларга юборилган. Шунинг учун Ўзбекистондаги репрессив ҳаракатлар бу одамлар эътиқодини кучайтирса кучайтирадики, лекин воз кечтира олмайди, деб ўйламайман”,– деди Ярослав Сивульский.

Лекин Ўзбекистондаги мусулмон жамоалари ёшларни ўзга динга тарғиб этаётган “Иегова гувоҳлари” оқими устидан шикоят билан ҳукуматга бир неча бор мурожаат этгани ҳам рост. Бироқ етакчи ислом уламолари очиқдан-очиқ адоватда бўлмаган диний жамоаларнинг таъқиб этилишини ёқламайди. Ўзбекистон ҳукуматининг диний озчиликларга босим ўтказиш сиёсати халқаро инсон ҳуқуқларига нормаларига ҳам зид экани айтилади.
XS
SM
MD
LG