Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:30

Ислом Каримовда “йиртқичлар” рўйхатидан чиқиш имконияти бор


Ислом Каримов 2005 йилнинг 17 май куни Ўзбекистонга қарши ахборот хуружи бошлангани ҳақида ғазаб билан гапирди.Унинг эркин матбуотга қарши ғазаби ҳали-ҳамон ҳовуридан тушай демаяпти.
Ислом Каримов 2005 йилнинг 17 май куни Ўзбекистонга қарши ахборот хуружи бошлангани ҳақида ғазаб билан гапирди.Унинг эркин матбуотга қарши ғазаби ҳали-ҳамон ҳовуридан тушай демаяпти.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг 7 йилдан бери эълон қилиб келинадиган “Эркин матбуотга ҳужум қилувчи йиртқичлар” рўйхатидан 7 йилдан бери тушмай келаётир.

Бу йилги рўйхатда 49 давлат раҳбарлари, президентлар, бош вазирлар ва қироллар бор.

“Эркин матбуотга ҳужум қилувчи йиртқичлар” сафида постсовет давлатларнинг бошқа раҳбарлари, жумладан, Беларус президенти Александр Лукашенко, Озарбойжон раҳбари Илҳом Алиев, шунингдек, Владимир Путин ва Нурсултон Назарбоев ҳам бор.

Улар шердек ирилламас, албатта. Лекин “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти журналистларга ва эркин матбуотга ҳужум қилгани учун уларни “йиртқич”, деб атайди. Ўзига берилган бу таърифга эътироз билдирадиганлар бўлса, ташкилот ўз фикридан қайтиши ҳам мумкин. Масалан, янги рўйхатдан ҳокимиятни ўз укасига тўлиқ топширган Фидел Кастро, парламент сайловини қўлдан бой берган Покистон президенти Парвез Мушарраф ҳамда қамоқдаги журналистларни озод қилиб, матбуот эркинлигини бўғишни тўхтатган Эфиопия бош вазири Мелес Зенави ва Африкадаги Свазиленд давлати қироли Мсвати III тушириб қолдирилди.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакиласи Элза Видалнинг айтишича, эркин матбуот йиртқичлари қаторига киритилган раҳбарларни рўйхатдан ўчириш учун аниқ ва содда шартлар бор.

“Биз шунчаки шовқин-сурон кўтаришни хоҳлаганимиз учун бу рўйхатни тузганимиз йўқ. Агар биз бугун йиртқич, деб атаётган одамлар вазиятни ўзгартирмоқчи бўлса, марҳамат, эркин матбуотни тинч қўйиб, журналистларни озод қилсин. Ҳеч кимни, шу жумладан, Каримовни ҳам бу рўйхатга боғлаб қўйганимиз йўқ”,- деди Элза Видал.

“Эркин матбуотга ҳужум қилувчи йиртқич” номини мерос сифатида ҳам қабул қилиб олиш мумкин. Худди рўйхатга қўшилган Фидел Кастронинг укаси Раул ёки марҳум Туркманбошининг вориси Қурбонқули Бердимуҳаммедов каби...


“Бердимуҳаммедовга тўхталсак, жорий йилда биз ҳам уни шу рўйхат билан яқиндан таништиришга қарор қилдик. Чунки Туркманбошининг ўлимидан сўнг бир йил давомида унга матбуот эркинлигига қанчалик содиқ эканини кўрсатишга имконият бердик. Қилинган кўпгина баёнотларга қарамай, у Туркманистон матбуоти учун бирор фойдали иш қилмади”,- деди Элза Видал.

Худди шу тариқа Россиянинг янги президенти Дмитрий Медведев ҳам келаси йилгача ўз мамлакатида ижобий ўзгаришларни бошламаса, В.Путинга берилган “йиртқич” номини ўзига мерос қилиб олиши мумкин.

Айни пайтда президент Каримовнинг эркин матбуот йиртқичлари қаторига 7 йил аввал киргани ҳам, бу ерда ҳамон қолаётгани ҳам янгилик эмас. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти таъкидича, Каримов ҳокимияти давомида Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги батамом тугатилиб, журналистлар мунтазам равишда қамоққа олинган ёки мамлакатдан қувиб чиқарилган.

“Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият учун шахсан президент Каримов масъул эмас, деб айтишнинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Фикримизча, президент Каримов асосли равишда эркин матбуотга ҳужум қилувчи йиртқичлар қаторига киритилган ва ўз сиёсатини ўзгартирмас экан, ушбу рўйхатда қолаверади”,- деди Элза Видал.
XS
SM
MD
LG