Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:35

Кучерский "кимнингдир жонига қаттиқ теккандай"


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:N3w6pt-sa9-4qM:http://www.mecenat100.ru/img_data/ii/neravno/kucherski.jpg Навоий тоғ-металургия комбинати бош директори Николай Кучерский “Озодлик” билан суҳбатда комбинат фаолиятини кузатувчи ҳукумат кенгаши ташкил этилгани унинг ишига ёрдам беришини таъкидлади.

Ўтган ойда Ўзбекистон президенти ҳукумат кенгаши ҳақидаги фармонни имзолаганида “Росбалт” ахборот агентлиги бу ўзгаришлар олтин ва уран қазиб чиқарувчи дунёдаги энг йирик ширкатлардан бирининг шахсан Ислом Каримов назорати остига ўтганини англатишини ёзганди.

Комбинат бош директори, сенатор Николай Кучерский бундай иддаоларни қатъиян инкор этди.

“Бировнинг хаёлига ҳар бало келиши мумкин. Бу ёлғон ҳаммаси. Комбинат аввал қандай бўлса ҳозир ҳам шундай нормал ишлаяпти. Президент комбинатни ўз шахсий назоратига олгани ҳақидаги хабарлар уйдирмадир. Унинг қиладиган бошқа ишлари ҳам кўп. Биз ёмон ишлаганимизда ҳам бошқа гап эди”,- деди Николай Кучерский.

Унинг айтишича, давлат унитар ширкатини кузатувчи кенгашнинг ташкил этилгани компанияни янада ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этишга йўналтирилган.

“Кузатувчи кенгашлар Ўзбекистоннинг кимё, нефть-газ, авиация, йўл–алоқа соҳаларида бор. Ҳозир эса ҳукумат ёрдамида муаммоларимиз ечимини тезлаштириш мақсадида биз учун ҳам кузатувчи кенгаш ташкил этилди. Кузатувчи кенгашлар барча давлатларда бўлгани каби бизда ҳам мавжуд бюрократик тўсиқларни енгишга ёрдам беради”,- деди Н.Кучерский.

Жорий йил бошидан буён Навоий тоғ-металургия комбинатида ўтказилган текширувлар давомида ширкат раҳбари Н.Кучерский Москвага қочиб кетгани ҳақидаги хабарларни унинг ўзи рад этди ва бундай уйдирмаларни душманлари тарқатаётган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

“Менимча, ташқарида кимнингдир жонига қаттиқ теккандайман. Лекин ичкарида ҳаммаси тинчлик. Мен ҳатто Москвага ҳам ҳукумат рухсати билан жўнайман. Шунинг учун рухсат олиб 4 кун давомида Москвадаги 83-клиник шифохонасида бўлдим. Қанд меъёрини ва ошқозонимдаги ярани текширтирдим. Роппа-роса 4 кунни Москвада ўтказиб, бешинчи куни мен Тошкентда бош вазир қабулида бўлдим”,- деди Николай Кучерский.

Унинг таъкидича, Навоий тоғ-металургия комбинати таркибига кирувчи ширкатлар йилдан-йилга маҳсулот ҳажмини ошириб бормоқда. Ҳозир комбинат олтин ва уранни қазиб олувчи энг йирик компаниялар ўнталигига киради. Ўзбекистонда йилига қазиб олинадиган 86 тонна олтиннинг 57-59 тоннаси Навоий тоғ-металургия комбинати ҳиссасига тўғри келади.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати 2012 йилгача мамлакатда қазиб олинадиган олтин ҳажмини икки баробар ошириш ниятида. Дунё бозорида олтин нархи доллар қийматининг пасайишига мувофиқ равишда кескин ўсмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда йилига қазиб олинадиган олтиннинг қиймати икки ярим миллиард доллардан ошиб кетди. Ҳукуматнинг соҳа устидан назоратни кучайтираётгани ҳам шу билан изоҳланади.
XS
SM
MD
LG