Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 12:34

Афзал Рафиқов: “Кино, аввало, тарбияласин”


Бугун урчиб кетган кинолар суратга олинаëтган камералардан бири.
Бугун урчиб кетган кинолар суратга олинаëтган камералардан бири.

1973 йилда Раж Капур суратга олган “Бобби” фильми ўзбек экранларига ҳам чиқарилди. Уйимиз ëнидаги “Космос” номли усти очиқ кинотеатрда ота-онам билан биргалашиб бу кинони кўргани бордик.

Ота-онам кино кўришар, мен эса ëғоч скамейка тагида укаларим билан ўйнаб ўтирардим. Ëмғир томчилагандек бўлди. Қарасам онам тинимсиз йиғлаяпти. Иккита ходага тортилган улкан сурп экранда эса хушрўй бир йигит Риши Капур “Main Shayar to nahin” (Мен шоир эмасман асло) дея қўшиқ айтаëтган эди.

Фильмда ўта бой оиланинг фарзанди ўртаҳол оиладан чиққан қизга ошиқ бўлади. Ота-она никоҳга рози бўлмайди. Изтиробли тўқнашувлардан сўнг фильм бахтли бир якун топади.

Кинонинг бор-йўқ мазмуни шундан иборат. Аммо бу кино ичига қандай синоат кўмилибдики, ëшу қарини бирдай ҳаяжонга солди. Гарчи ҳинд киноларида бўса тақиқланган бўлса-да, икки ëшнинг бир-бирига яқинлашиш саҳнаси ўспирин болалар миясидан тутун чиқарар эди.

Хўш, ҳинд кинофильмларининг жозибаси нимада? Нега ҳинд фильмлари ўзбек томошабинларининг севимли эрмаги бўлиб қолмоқда? Биз бу саволни ўзбекистонлик таниқли театр ва кино арбоби Афзал Рафиқовга бердик.

Афзал Рафиқов: Ўтган асрнинг иккинчи ярмидаги ҳинд фильмларини оладиган бўлсак, улар ниҳоятда бизга яқин эди. Бу фильмлар совет давридаги сиëсатга ҳам тўғри келар эди. “Дайди”, “Жаноб 420”, “Она Ҳиндистон” каби фильмлар ўша пайтда бекорга келмаган. Бу фильмлар бу ерда олиб борилган сиëсатга жавоб берган. Ҳинд киносининг ривожланиши, шаклланиши, дунëга танилиши, асосан, Раж Капур номи билан боғлиқ. Раж Капур ижоди чўққиси айнан ўша кезларга тўғри келган. Шунинг учун ҳам Раж Капур жаҳон киносини тарихида ҳам ўзини бетакрор ўрнига эга. У пайтларда мен ўзим ҳам анча ëш бўлганман. Содда эдик. Шунинг учун бу фильмлар бизга ҳам маъқул бўларди.

Озодлик: Ўша пайтларда театр артистлари орасида “Тарковский, Федерико Феллинининг киноларига заковатли, ақлли кишилар боради. Ҳинд фильмларига кўчадаги хотинлар боради” деган гаплар бор эди.

Афзал Рафиқов: Русчада бунақани “крайност”, дейди. Бунақага берилиш керак эмас .Дунë фақат оқ ва қора рангдан иборат эмас. Дунë рангбаранг. Шунинг учун бу паст фильм, бу зўр фильм, деб бўлмайди. Униси ҳам, буниси ҳам зарур ва ҳар бири ўз вазифасини бажаради. Мен оқ-қора қилиб ажратиб ўртасига девор қўйиб қўймаган бўлардим.

Озодлик: Ҳиндистонга савдо билан борадиганлар: “Халқ оч. Лекин ҳиндларнинг фильмлари жозибадор. Худди жаннатдан тайëрланган репортажга ўхшайди”, деган гапларни айтишади. Яъни ëлғон, ҳаëтдан узилган, деган айбловни қўйишади. Бунга сиз қандай қарайсиз? Кино ҳаëтни акс эттириши керакми ëки эртакдаги орзуларними?

Афзал Рафиқов: Кинонинг вазифаси унданда кенгроқ, назаримда. Кино, авваламбор, тарбиялаши керак. Кино ҳаëтнинг оғир тарафини оладими, енгил тарафини оладими, хурсандчилик тарафини оладими, қайси бир тўғри келса ўшани ишлатаверади. Кинонинг мақсади фақатгина кўнгилочишдан иборат эмас. Масалан. йилига 300-400 кино чиқарадиган бўлсангиз...

Озодлик: Бир йилда 660 та чиқяпти.

Афзал Рафиқов: Мана, кўряпсизми. Лекин уларнинг ҳаммаси бадиий жиҳатдан пухта, юқори маҳорат билан олинган шедевр бўла олмайди. Улар ичида кўнгил очадигани ҳам бўлади, бошқачаси ҳам бўлади. Демак одамларга шу нарса керак. Шунинг учун шунча кино чиқаряпти Ҳиндистон. Бўлмаса аллақачон кино сонини камайтирган бўларди.

Озодлик: Ҳиндистонда ҳозиргача “чайқов бозор” бор. Яъни билетни қўлдан оласиз. Кассада билет қолмаяпти...

Афзал Рафиқов: Энди Ҳиндистоннинг одами ҳам кўп. Шунинг учун уларда бунақа кино саноати кўтаради.

Озодлик: Ўзбек кино ижодкорлари ҳам кейинги 15 йил ичида ҳиндчага тақлид қилиб фильмлар олишяпти.Ўша севги, можаро,ота-она қаршилиги.

Афзал Рафиқов: Ўзбек киноси алоҳида мавзу. Бу тўғрисида узоқ гаплашиш керак.

Озодлик: Ҳинд киноси биз учун тақлид қилиш намунаси бўла оладими?

Афзал Рафиқов: Кимгадир бўлиши мумкин. Чунки, дейлик, биз шарқ халқларимиз. Бизнинг маданиятимиз яқин, лаҳжамизда бир-бирига ўхшаш сўзлар кўп. Албатта, тақлид қилиши мумкин. Совет даврида ҳам Америка¸ Италия киноларига тақлид қилиб олинган фильмлар бўлган.

Озодлик: Раж Капур ўз китобида “Дайди” фильмини олишда мутлақ Чарли Чаплиндан таъсирландим, дейди. Баъзи бир жойларини шундоқ олиб қўя қолдим, дейди.

Афзал Рафиқов: Лекин шу билан бирга барибир дунëга Раж Капур бўлиб танилди-ку. Шахс сифатида ўзини тақдим эта билди. Тақлид ëмон нарса эмас. Бу куфр эмас, қусур эмас.Тақлид орқали янги нарсаларни кашф қилиш мумкин. Бу нарса ҳар бир инсоннинг ўз истеъдодига боғлиқ.

Озодлик: 1973 йилда мен 10 яшар бола эдим ва мен онам билан кинога борганда онам роса йиғлар эди. Мен ҳайрон қолардим. Кинодан йиғлаб кўнглини бўшатиб чиқарди.

Афзал Рафиқов: Биз ўзимиз ҳам киноларга тушиб йиғлардик. Содда эдик. Ҳозир биласизми ҳар бир одамнинг бошига қанча маълумотлар ëпирилган? Интернет деган бир яхши маънодаги “бало” бор. Маълумотлар кўп. Дунëнинг турли бурчакларида ишланаëтган фильмларни кўриш имконияти бор. Шунча нарсани кўргандан кейин сиз ҳар бир кўрган фильмингизга содда кўз билан қарамайсиз. Орттирган тажрибангиздан келиб чиқиб қарайсиз. Албатта ҳозир кўп ҳинд фильмлари содда бўлиб кўринади. Уларнинг кино техникаси унча ривожланмаган. Буни Голливудга таққослаб бўлмайди.

Озодлик: Юқорида кинонинг вазифаси тўғрисида гапирдингиз. У йиғлатсинми, кулдирсинми ëки ўйга толдирсинми?

Афзал Рафиқов: Аввало тарбияласин. Кинонинг биринчи вазифаси тарбия. Ота-она, мактаб, маҳалла қила олмаган ишни баъзан кино қолиб юборади. Кинодан таъсирланиб одамлар нималар қилмаган, дейсиз.
XS
SM
MD
LG