Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:27

"Наманганни ҳам сўранглар..."


Озодликка қўнғироқ қилаëтган ўзбекистонликларга кўра¸ газини Европага сотишни кўзлаëтган мамлакатнинг аксар қишлоқларида ëзу қиш газ йўқ¸ аҳоли кун кечиришнинг яна ибтидоий усулларига қайтишга мажбур қолган.
Озодликка қўнғироқ қилаëтган ўзбекистонликларга кўра¸ газини Европага сотишни кўзлаëтган мамлакатнинг аксар қишлоқларида ëзу қиш газ йўқ¸ аҳоли кун кечиришнинг яна ибтидоий усулларига қайтишга мажбур қолган.

Тўрт томонга елиб-югуриб¸ бузилган ҳақ-ҳуқуқларини тиклай олмаган ўзбекистонликлар¸ сўнгги чора сифатида¸ одатдагидай¸ Озодликка мурожаат қилишмоқда.

“Тингловчи минбари” эшиттиришининг бугунги сонида:

- Андижонлик пенсионер сотиб олган автомобилни милиционерлар изоҳсиз олиб кетиб, 9 ойдан буён қайтиб бермаяпти: “Мен ҳаққимни ундириб берадиган жой, қонунни тополмай ҳалакман. Тошкентдаги пошшойимиз бундан бехабар бўлса керак...”

- Бешариқлик ногирон пенсионер Озодликка яна кўп бор сим қоқди: “Мурожаатимни яна қайтариб эшиттиринглар, илтимос, бирда бўлмаса, бирида амалдорлар эшитиб ва ниҳоят, арзимга жавоб берар, ахир?!”

- Наманганлик тингловчи Озодликдан норози: “Нега Марғилонни, Андижонни, Қўқонни гапирасизу, Наманганни гапирмайсиз. Бизда ҳам газ йўқ, свет йўқ!”


Давлатнинг одами халқни таласа¸ дардингизни кимга айтасиз?

Таҳририятимизга Андижон вилояти, Андижон шаҳри, Обод кўчаси, 141-хонадонда яшовчи Расулжон Саидназаров сим қоқди. У Андижон шаҳри ички ишлар бошқармаси ходимларидан норозилигини билдирди.

Саидназаровнинг сўзларига қараганда, милиция ходимлари асоссиз равишда унга тегишли бўлган енгил автомобилни олиб қўйган. Бунинг сабабини аниқлаш ва автомобилни қайтиб олишга бўлган ҳар қандай уриниш натижасиз бўлаяпти, камига милиция ходимлари бизга тазйиқ ўтказаяпти, дейди Расулжон Саидназаров биз билан суҳбатда.

Расулжон Саидназаров: 2008 йил апрел ойида битта Тико машинаси сотиб олган эдим. Бу машинани андижонлик битта йигитдан олган эдим ва у менинг номимга ўтказилган эди.

Бу машина 24 кун қўлимизда бўлди. Ундан кейин милиция ходимлари келиб машинани олиб кетгандан бери мана 9 ой бўлди машинани бермаяпти.

Энди улар давлатнинг одами¸ бир нарса дея олмаймиз экан. Шундан бери бормаган жойим¸ бормаган идорам қолмади.

Озодлик: Сиз ҳамма ҳужжатларни тўғрилаб¸ нотариусга тасдиқлатиб¸ қонуний қилиб сотиб олган эдингиз.

Расулжон Саидназаров: Ҳа ¸ менга ДАН ходимлари номер берган эди. Нотариус номимга ўтказиб берган.

Озодлик: Уни қаернинг милицияси олиб кетди? Туман милициясими¸ шаҳар милициясими?

Расулжон Саидназаров: Вилоят милицияси олиб кетди.

Озодлик: Демак¸ Андижон вилояти ИИБси олиб кетди.

Расулжон Саидназаров: Вилоят ИИБнинг Азизбек Қамбаров деган ходими олиб кетди. Яна Раҳматилла деган номер берадиганларнинг бошлиғи бор. Шуларнинг ишида бу.

Озодлик: Машинани олиб кетаëтганда бирор-бир сабаб кўрсатдими?

Расулжон Саидназаров: Ходим “Бошлиқ машинани текшириб кўрамиз экан” деб айтди деди. Мен “Мен олмасимдан олдин ҳам текширгансизларку” десам¸ “Билмайман¸ бошлиқ шунақа деди” деб ....

Озодлик: Уйингизда текширишдими машинани?

Расулжон Саидназаров: Йўқ¸ ўзлари билан олиб кетишди. “Энди текшириб бўлдинглар. Олиб кетсак бўлдими?” десам¸ “Нимага олиб кетасиз? Биз берсак олиб кетасиз. Бўлди¸ кетаверинг” дейди.

Мен “Ие¸ мен уни пулга олганманку. Унақа бўлса¸ сизлар менга пулини беринглар” десам¸ “Нимага пулини берамиз экан? Нимага дўқ қиласиз?” дейди.

“Ие¸ мен ўзимнинг мулкимни ўзим сўраяпманку” десам¸ “Э ўзингизни ҳам¸ ўғилларингизни ҳам кўчага чиқмайдиган қилиб қўяман. Машина тўғрисида ортиқча гап очманг” деди. “Ҳа¸ давлат одамлари учун бу ëқдагилар одам эмас эканда” дедим. Хуллас¸ барибир машинани бермади.

Озодлик: Сизга нимага текширгани¸ текширгандан кейин нима бўлгани тўғрисида ҳеч нарса айтмадими?

Расулжон Саидназаров: “Бу Қирғизистоннинг машинаси. Қирғизистондан ўтган. Кореянинг машинаси” деб айтган эди. Лекин мен “Бу 2000 йилда ўзимизда чиққан машина экан. Мана ҳужжатлари” десам¸ “Бунинг ҳужжатлари сохта” дейди.

Ахир уларнинг ўзи менга ҳужжат қилиб бердику. Нега бунинг учун улар давлатнинг одамини жазоламайди? Мен уни қонуний қилиб болаларимнинг¸ невараларимнинг пулига сотиб олган бўлсам. Қаëққа боришни ҳам билмай...

Озодлик: Машинани неча сўмга сотиб олган эдингиз?

Расулжон Саидназаров: 8 миллион 875 мингга олган эдим. Номимга ўтказишга 100 мингдан ошиқ пул кетди. Бундан ташқари ремонт қилдириб¸ 9 миллион сўм пулнинг бошига сув қуйгандек бўлдикда.

Ўғлимни чақириб олиб “Сенга машина керакми¸ даданг керакми?” деб дўқ қилади. Ўғилларим¸ келинларимнинг кечалари ухламасдан ишлаб топган пулларига олиб берган эдим бу машинани.

Давлатнинг одами шунақа қилиб тургандан кейин¸ биз давлат одами учун одам эмас эканмизда.

Озодлик: Сиз нимага бунақа қилишган деб ўйлаяпсиз? Сиздан машинани ўзлаштириб олиш учун шундай қилишган деб ўйлаяпсизми?

Расулжон Саидназаров: Гапнинг қисқасини айтайми?

Озодлик: Айтинг.

Расулжон Саидназаров: Бу ДАН ходимлари ҳам¸ машинани сотганлар ҳам бир гуруҳми дейманда. Менинг номимга давлатнинг одами нотариус ўтказиб берса¸ машинага номер берган бўлса.

Давлатнинг одами халқни таласа¸ дардингизни кимга айтасиз? Ўз ҳақимни ундиргани аниқ бир жой топа олмаяпман¸ ҳақиқатни¸ қонунни топа олмаяпман.

Тошкентдаги бизнинг пошшойимиз бу ишлардан бехабар. Андижондаги милицияхонаю прокуратураларга бизга ўхшаган оддий одамларни қўймайди. Хатимиз кирса¸ жавоб берса беради¸ бўлмаса у ҳам йўқ. Тажовуз қилгани алам қилади.

Андижон вилояти, Андижон шаҳри, Обод кўчаси, 141-хонадонда яшовчи Расулжон Саидназаров билан суҳбатни эшитдингиз. 9 ой аввал харид қилган автомобилини Андижон шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари текширамиз, деган сабаб билан уйидан олиб кетган.

Шундан буён милиция ходимлари нимани текширди, нега текширди ва нега энди автомобилни қайтиб беришмаяпти — шуларни билолмай доғда юрган Саиданазаров унинг дардига қулоқ соладиган идора, ҳаққини ундириб берадиган мутасаддини тополмай ҳалак.

"Ëзишдан тўхтамайман"


Ўтган галги эшиттиришларимиздан бирида Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан таҳририятимизга телефон қилган ногирон пенсионер Нишонбой Ўрозалиев мурожаатини эишттирган эдик.

“Ўз акам бизга онамиздан мерос қолган ҳовлининг менга теккан улушини тортиб олаяпти ва бунинг ноқонуний эканини кўра-била туриб, маҳаллий суд ишни акамнинг фойдасига ҳал қилиб берди”, дея арз қилган эди Нишонбой Ўрозалиев.

Шундан бери ўтган бир ой давомида у таҳририятимизга яна кўп бор қўнғироқ қилди ва қайта ва қайта мурожаатлари сабабини шундай изоҳлади.

Нишонбой Ўрозалиев: Менга қаранг. Мен бу телефонни атайлаб сиз билан гаплашаман деб олдим. Айтиб қўяй¸ мен кириб ўтирмагунча ëзавераман.

Алишер Шарофиддиновга¸ Рустам Иноятовга¸ Рашид Қодировга¸ Светлана Ортиқовага¸ Мавжуда Ражабовага¸ Сайëра Рашидовага¸ “Ҳаëт ва қонун”га¸ “Қармоқ”қа¸ Адлия вазирлигига¸ Ички ишлар вазири Баҳодир Матлюбовга ëздим¸ аммо ҳеч биттасидан натижа чиқмаяптида.

Шунинг учун сизлар ëрдам қилинглар¸ иложи бўлса¸ кўп-кўп қўйинглар. Балки инобатга олиб қолар бу болалар.

Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан бизга сим қоққан пенсионер Нишонбой Ўрозалиевнинг сўзлари эди. У ҳали айтганимиздек, онадан мерос қолган ҳовлисини тортиб олган ўз акасидан арз қилган ва умид қилмоқдаки, унинг Озодлик радиоси орқали мурожаатлари бирда бўлмаса, бирда унга эшигини очмаётган амалдорларнинг қулоғига етиб боради.

Гулқишлоқда яшаб бўлмай қолди...

Озодлик радиоси орқали Ўзбекистонда электр ва газ танқислиги, аҳоли тортаётган қийинчиликлар, хусусан, Марғилонда аёлларнинг норозилик намойиши бўлгани ҳақидаги лавҳамиздан сўнг таҳририятимизга Россияда юрган меҳнат муҳожири сим қоқди.

У асли наманганлик экан. Қўнғироғига “лаббай”, дейишимиз билан гапни: “Наманган ҳақида нега гапирмайсизлар?!” деган эътироздан бошлади.

- Радиода ҳамма вилоятни гапирдингизлар¸ лекин нимагадир Наманганни гапирмадингизлар. Ҳар сафар радиони эшитаман¸ худди Наманганда ҳаëт яхшидай Наманганни ташлаб кетасизлар.

Озодлик: Қайси масалада Наманган тилга олинмади?

- Мана ҳозиргина “Газ бўйича Қўқонда¸ Марғилонда аëллар кўчага чиқиб намойиш ўтказди. Уларда газ йўқ” деб гапирдинглар. Наманганда газ яхшими? Мен ҳар кун эшитаман бу радиони.

Уйдагилар билан ҳам гаплашиб тураман¸ ҳолатни биламан. Кеча мана шу пайтда телефон қилсам ўғлим “Ҳозир ëтибман” дейди. Нимага ëтибсан¸ десам¸ “Свет йўқ¸ совуқ. Нима қиламан ҳозир туриб? Хуфтонни ўқиб олдик¸ энди ëтибманда” дейди.

Озодлик: Демак¸ Наманганда ҳам электр тез-тез узиб қўйилади.

- Тез-тезмас¸ умуман узиб қўйилади деса ҳам бўлади. Ҳозир Ўзбекистон вақти билан соат неча бўлди? Соат саккиз бўлди. Свет ўчди ҳозир.

Энди шу билан эрталаб саҳар пайтида¸ намоз пайтида ëнади. Шу билан болалар мактабга жўнайдиган пайтда ўчади. Шу билан кечгача свет йўқ. Масалан¸ мен яшайдиган қишлоқда опажон¸ яшашга ҳожат қолмади.

Озодлик: Сиз яшайдиган қишлоқнинг номи нима?

- Тўрақўрғон тумани¸ Гулқишлоқ деган қишлоқ. Ëзда сув бўлмайди¸ қишда газ¸ свет бўлмайди.

Озодлик: Биласизми¸ Ўзбекистонда бизнинг мухбирларимиз йўқ. Масалан¸ агар ҳозир Марғилон ҳақида гапирган бўлсак¸ демак кимдир бизга бу ҳақда айтган бўлади. Мана сиз ҳозир Наманганнинг Гулқишлоғи ҳақида хабар бераяпсиз. Энди демак Наманганнинг Гулқишлоғи ҳақида ҳам гапиришимиз мумкин.

- Гапиринглар. Олиб чиқинглар шунақа мавзуни. Мен сизларнинг радиони ўз қишлоғимда эшитган эмасман. Мана шу ерга келиб эшитаяпман. Мен бундай радио борлигини бизнинг қишлоқда ҳеч эшитмаганман. Ë бизнинг радио олиб бермайди ëки бошқа сабаб бор.

Мана ҳозир Москвада эшитиб¸ телефон номерларни ëзиб олиб¸ сизлар билан алоқа қилаяпман. Агар мен олдинроқ билганимда¸ сизларга Ўзбекистонда пайтимда телефон қилиб ҳақиқий аҳвол ҳақида айтган бўлардим.

Озодлик: Сизга ўз фикрларингиз учун¸ кечроқ бўлса ҳам биз билан боғланганингиз учун раҳмат. Демак бутун республикада бўлиб турган электр¸ газ муаммоси Гулқишлоқда ҳам бор.

- Бу нафақат менинг қишлоғимда ҳамма қишлоқда¸ шаҳарларда бор.

Озодлик: Сиз ҳозир Россияда мардикорлик қилаяпсиз.

- Ҳа¸ бировнинг уйида дачада қоровул бўлиб ишлайман. Иккита ëш-ëш қизларим бор. Кеча хотиним телефон қилиб газ йўқ¸ свет йўқ¸ совуқ деяпти.

Ëқишга ўтин йўқ. Барча дарахтларни кесиб ëқиб бўлдик. Ўтган йилги совуқни кўрдингизку. Кўмир йўқ. Ҳозир ўша қишлоқда пулинг бўлса ҳам яшай олмайсан.

Озодлик: Яъни пул бўлса ҳам кўмир топиш қийин.

- Илгари Россия пайти келарди. Одамлар олиб келишарди. Ҳозир йўқ.

Озодлик: Марғилонда аëллар ҳаққини талаб қилиб “Бизга газ беринглар. Электр таъминотидаги узилишни тўхтатинглар” деб чиқибди. Сиз яшаëтган ўша қишлоқдаги¸ унга қўшни қишлоқдаги одамлар чиқиб “Нимага бизга газ йўқ¸ свет йўқ” деб сўрашадими?

- Сўрайвериб зерикиб кетди одамлар. Сув тўғрисида бизнинг қишлоқнинг одамлари туман ҳокимига¸ вилоят ҳокимига чиқди. Ҳеч ким ҳал қилиб бермади. Газни ҳам ҳал қилиб беришмади. Трубалар бўм-бўш. Ҳеч қанақа газ бўлмайди. Ëзда ҳам бўлмайди¸ қишда ҳам бўлмайди.

Иккала ëш қизим¸ хотиним¸ ўғлим тўртталаси ҳозир совуқ уйда яшаяпти. Мен шунинг учун телефон қилиб айтаяпманда. Наманганда газ ҳам йўқ¸ свет ҳам йўқ¸ сув ҳам йўқ.

Қишлоқни ташлаб кетишдан бошқа илож қолмаяпти. Ташлаб кетай десанг қолганларнинг ҳаммаси чолу кампир. Менга ўхшаган ëш¸ куч-қувватли болаларнинг¸ мен сизга кафолат бераман¸ 75 фоизи Москвада.

Бизнинг қишлоқда пул кўп. Нимагаки¸ ҳамма Москвада ишлаяпти. Пул кўп бораяпти. Бор пулга мазза қилиб яшай олмагандан кейин алам қиладида.

Менинг давримда чол кампирлар яшасин десак¸ чўнтагида пули бўлиб овқат олиб ея олмайди. Мазза қилиб иссиқ чой ича олмайди. Совуқда кўрпага ўраниб¸ нима қилишини билмай ўтирган бўлса керакда. Шунга жаҳлим чиқадида.

Ҳамма жойни гапирасизлар¸ Наманганни ташлаб ўтасизлар. Наманганни ҳам сўранглар. Бордир сизларга телефон қиладиганлар.

Асли Наманган вилоятининг Гулқишлоғидан бўлган суҳбатдошимиз суҳбат якунида Наманган вилояти ва у ердаги аҳоли муаммоларидан ҳам кўпроқ гапиринглар, дея таъкидлади.

Бизни тинглаётган наманганлик тингловчилар, хусусан, гулқишлоқлик тингловчиларимизга айтамизки, бизга исталган вақтда сизни ўйлантирган масалалар, фикр-мулоҳазалар ва истаклар билан қўнғироқ қилишингиз, мактуб ёзишингиз мумкин.

Имкон қадар мурожаатларингизни ёритишга, муаммоларни ўрганишга ва фикрларингиз Озодлик орқали тингловчиларга тақдим қилишга ҳаракат қиламиз.

Ана шу истак билан яна бир бор телефон рақамларимиз ва манзилимизни ёдингизга соламиз.

uzbek@rferl.org Бу бизнинг электрон манзилимиз¸ мактуб ëзинг.
www.ozodlik.org Бу бизнинг интернет саҳифамиз¸ ташриф буюринг.
Vinohradska 1, Praha 1, 11 000 , Czech Republic Бу бизнинг почта манзилимиз.
Телефон рақамларимиз: (мамлакат чиқиш кодидан сўнг) 42 02 21 12 34 37

Марҳамат қўнғироқ қилинг. Қўнғироқларингизни кутамиз.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.
XS
SM
MD
LG