Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:32

"Ҳукумат устидан жиноий иш очиш керак!"


"Тингловчи минбари"да ўз овозингиз билан иштирок этиш учун¸ бизга телефон рақамларингизни билдирсангиз¸ кифоя. Манзил ва рақамларимизни матн остидан топишингиз мумкин.
"Тингловчи минбари"да ўз овозингиз билан иштирок этиш учун¸ бизга телефон рақамларингизни билдирсангиз¸ кифоя. Манзил ва рақамларимизни матн остидан топишингиз мумкин.

Ўғлининг буюртма қотиллик қурбони бўлганига ишонаëтган тошкентлик она¸ мамлакатда адолат топа олмагач¸ бутун ҳукуматни халқаро судга беришга ҳозирланмоқда. Оддий халқ ва ҳукумат ўртасида ошиб бораëтган кескинликдан сўзловчи ҳикоялар яна "Тингловчи минбари"да!

- Новқатлик оддий фуқаро уйини тинтув қилгани келган милиционерлар ҳийласини фош қилди: “У давлат хизматчиси бўлса¸ уйимнинг хўжайини менман".

- 7 йилдан бери ўғлининг қотилларини қидираётган она Ўзбекистон давлат раҳбарларини судга бермоқчи: "Мен БМТ Инсон ҳуқуқлари олий комиссарлигига ëзиб¸ бутун ҳокимиятни судга бермоқчиман".

- Самарқанднинг кўп қаватли уйида яшовчи тингловчилар ҳокимлик вакиллари ҳаракатларидан арз қилди: “Онам¸ дадам йўқ¸ тўхтаб туринглар¸ дейишига қарамасдан деворни йиқитиб кетган. Уйда одам бўлмаса¸ минг давлатнинг ери бўлган билан шунақа қилиш керак эмас эдику!”.


"Ҳийлаи шаърий" фош бўлди

Қирғизистон жанубида жойлашган Новқат туманида истиқомат қилувчи Козимжон Тўрақуловдан таҳририятимизга қўнғироқ бўлди ва у уйига тинтув ўтказиш учун келган милиционерлар ҳийласини фош қилганини сўзлаб берди.

Козимжон Тўрақулов сўзларига кўра, битта жиянини диний экстремизмда айблаб қамаган хуқуқ-тартибот идораси ходимлари тунги соатларда тинтув ўтказиш учун унинг уйига келган.

Козимжон уларнинг яхши ниятда келмаганини гумон қилган. Шу боис, уйига киришга уринган милиционерлардан чўнтакларини кўрсатишни талаб қилган. Шунда улардан бирининг ёнида “Ҳизбут -Таҳрир”нинг варақалари ва китобчалари борлигини аниқлаган.

Бунинг ортидан чиққан жанжал чоғида эса милиционерлардан бири Козимжоннинг отасига қарата ўқ узган. Ўқ отага тегмаган ва охир-оқибат, милиционерлар бу хонадондан қочиб чиқиб кетган.

Шу пайтга қадар тингловчи ва муштарийларимиз кўп ҳолларда ҳуқуқ-тартибот идоралари қўлга олинган шахсларнинг ёнига махсус тарзда ашёвий далил, масалан, гиёҳванд модда ёки варақа ташлаб қўйиши ҳақда кўп ҳикоя қилган.

Козимжон Тўрақулов эса унинг уйига шу ниятда келган милиционерларнинг ҳийласини фош қилганини айтмоқда.

Козимжонга суҳбатимиз аввалидаёқ: “Буни қандай қилиб фош қилдингиз ва бундай қилишга милиционерлардан ҳайиқмадингизми?” деган савол билан мурожаат қилдик.

Козимжон туман милиционерларининг изига тушишига сабаб бўлган воқеа билан суҳбатни бошлади.

Козимжон Тўрақулов: Опамнинг ўғли¸ менинг жияним Ўрозбоев Исмоилжон 1 октябрда подстава бўлиб¸ Ҳизбут -Tаҳрирда айбланиб бекордан-бекорга 19 йилга қамалиб кетди. Мен у пайтда бу ерда бўлмаганлигим сабабли жиянимни ўз вақтида 5000 ëки 10 000 долларга сотиб ололмаганман.

Отам ва онам кекса¸ улар ҳаракат қила олмаган. Опам касалванд. Ўзи у жияним етим. Ким пул тўлаган бўлса¸ чиқиб кетган¸ пул тўлай олмаганлар ҳизбут-таҳрирчи бўлиб қолаверган. Биз унинг айбсизлигини исботлаб берамиз¸ Худо хоҳласа. Мен шу боланинг изидан тушиб юрганимга “бу ҳам Ҳизбут- Таҳрир¸ қамаймиз” деб изимдан тушишган ва мени подставка қилишга келган. Биз уларни ушлаб олдик.

Озодлик: Қандай қилиб ушлаб олдингиз?

Козимжон Тўрақулов: Улар келганда онамга “Онажон¸ булар бизни подставка қилади. Героин ëки бошқа нарсалар буларда бўлиши мумкин” десам¸ онам “Унда бирма-бир текшириб киргизамиз” деди.

Биттаси подозреват қилиб мени тутмасин деб қочди. Онам унинг курткасидан ушлаб олди. Унинг ичида мени подставка қилгани варақалар¸ дафтарлар бўлган. Улар мени ҳам Ҳизбут-Таҳрир деб¸ 20 йилга қамаб юбормоқчи бўлишган.

Озодлик: Мен онангизнинг шижоатига қойил қолаяпман. Лекин фуқаронинг милиция чўнтагини ковлашга ҳаққи борми?

Козимжон Тўрақулов: Албатта ҳаққи бор¸ қандоқ ҳаққи йўқ.

Озодлик: Биласизми¸ сиз Қирғизистон фуқаросисиз. Ўзбекистон Жиноят кодексида давлат идораларида ишловчи шахсларга бўйсунмаслик¸ деган модда бор. Унинг чўнтагини ковласангиз ëки унга дахл қилсангиз¸ сиз жиноятчи бўлиб қолишингиз мумкин.

Козимжон Тўрақулов: Улар давлат органининг одами бўлса¸ бу ерда уйимнинг хўжайини менман.

Озодлик: Биласизми¸ Ҳизбут-Таҳрир деган масала Қирғизистон жанубида жуда жиддий масала. Ҳақиқатан ҳам Ҳизбут-Таҳрирнинг аъзосиман...

Козимжон Тўрақулов: Мен кўчанинг боласиман. Менга кимнинг Бин Ладин эканлигининг¸ кимнинг террорист эканлигининг¸ кимнинг ҳизбчи ëки ваҳобий эканлигининг қизиғи йўқ. Менинг ўзимнинг ҳаëтим¸ ўзимнинг оилам¸ ўзимнинг болаларим бор. Мен ўзимнинг йўлимда юраман. Бизда эркаклик ғурури бор¸ қўрқиш йўқ. Биз ўзимизнинг ҳаққимизни¸ любой жойда талаб қилаверамиз.


"Бузғунчи ҳокимлар"

Таҳририятимизга ўзини Самарқанд шаҳрининг Сартепа маҳалласи яшовчисимиз, деб таништирган икки аёл қўнғироқ қилди.

Уларнинг айтишича, улар яшайдиган туманда вилоят ҳокимлиги расмийлари кўп қаватли биноларнинг олдидаги майдончаларда аҳоли томонидан экилган гулзорлар, томорқалар, атрофини ўраб, қуриб қўйилган кичиккина ҳовлиларни бузмоқда.

Баъзи ҳолларда яшовчиларни огоҳлантириб, баъзида эса огоҳлантирмай бузаётган ҳокимлик вакиллари бунга эътироз билдирган оилаларни қамоқ билан қўрқитмоқда, деди бизга мурожаат қилган аёллар.

- Биласизми¸ одамлар домларнинг олдида ҳовлилар қуриб¸ ўзига шароит яратиб олган эди. Мен энди бир гуруҳ аëллар номидан айтаяпман. 128¸ 129¸ 130 домларнинг аëллари ҳам айтишаяпти.

Озодлик: Домларнинг олдида одамлар ўзларига уй қуриб олишганми?

- Уй эмас¸ кичкина деворча қилиб ҳовлига ўхшатиб қўйишган.

Озодлик: Ошхона¸ тандир қуришган ëки ташқарига чиқиб ўтирамиз деб сўри қўйиб атрофини ўраб олишган¸ шунақами?

- Ҳа. Бу ерлар авваллари чиқиндилар ташланган бўлиб¸ ëмон бўлиб ëтарди. Одамлар шуни тоза қилиб олган эди. Ҳозир келиб кўрсангизлар ҳамма ер расво бўлиб¸ ахлатхона бўлиб кетган. Ҳамманикини йиқиб ташлашган. Мана телефонни, битта қўшнимизга бераяпман.

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Ассалому алайкум¸ яхшимисиз? Сизнинг нимангизни бузишаяпти?

- (хўрсиниб) Эҳҳҳ¸ умуман яшашга қўймай¸ ҳамма жойни сўроқсиз¸ худди бомба тушгандай бузиб ташлашди¸ бундай пайтда одам ўз ҳуқуқини нима қилолмай қоларкан. Мустақил бўлсак ҳам¸ ҳеч мустақилга ўхшамадикда. Ҳамма ëқда хотинини жиннихонага олиб бориб тиқ¸ эрини қамоққа тиқ¸ бир яхши гап эшитмадик. Секция давлатники¸ бу ер сенинг уйингмас¸ дейди.

Орқамиздаги уч метр ерни тозалашга¸ уч метр ерда яшашга ҳаққимиз йўқми¸ десак¸ “Орқангга умуман чиқмайсан¸ яшамайсан” дейди. ЖЭКнинг одамлари умуман супурмайди. Икки томонни ҳам ўзимиз тозалаймиз.

Биз йўқлигимизда ҳамма ëқни сўроқсиз вайрона қилиб ташлаган. Наҳотки бир оғиз айтиш мумкин бўлмаса? Иссиқ сув йўқ¸ шароит йўқ. Ўзимиз қандайдир кичкина шароит қилсак¸ шуни ҳам қўйишмаяпти. Бунақада яшаб бўладими?

Масалан¸ бизнинг уйимиз биринчи қаватда. Қўй ҳам¸ эшак ҳам¸ ит ҳам¸ мушук ҳам эшигимизнинг тагида ҳожатини қилиб кетади. Уйимиз қишлоқнинг олдидада. Лекин бизнинг умуман чиқишга ҳаққимиз йўқ экан. Ҳаром бўлиб ëтса ëтадики¸ ҳақларинг йўқ деб¸ ҳамма нарсани бузиб¸ ҳамма жойни бомба тушгандай қилиб кетди.

Озодлик: Огоҳлантиришмаганмиди?

- Огоҳлантиришган. Одамлар вақтида ярмигача бузиб¸ чиройликкина қилиб¸ гул-пул экишга¸ кириб-чиқишга деб бир-икки метр қолдирса¸ “Мумкин эмас. Бу сизларга ҳовли эмас¸ дом бу” деб қолган жойларни ҳам вайрона қилиб кетишди.

Биласизми¸ тепамиздагилар кирини уйига ëйсин¸ ахлатини уйига қилсин. Деразаларимиз оппоқ. Ҳамма ахлат биринчи этажнинг деразасининг олдида ëтади. Шуларни тозалаш учун жой қилиб қўяйлик десак¸ унга ҳам рухсат йўқ.

Мен ҳайронман. Бу қаердан чиққан қонун? Биз кўчиб келганимизда шу ерлар расво бўлиб¸ ахлат бўлиб ëтарди. Биз бу ерларни ободонлаштириб¸ дарахт билан гул экканмиз.

Озодлик: Ўша дарахт ва гулларни ҳам бузиб кетдими?

- Ҳа¸ дарахтлар гулларнинг устига тушди. Шуни яхши гап билан қилса бўладику! Ахир вақтида биз шу нарсаларга харажат қилганмиз. Қўполлик билан¸ ҳақорат билан тепишаяпти. Яхши гап билан айтса¸ биз қилардик шуни. Оғзига келган гапни гапириб¸ ҳақорат қилиб кетишди.

Ўзини Самарқанд шаҳрининг Сартепа маҳалласи яшовчиси, деб таништирган тингловчиларимиз мурожаатидан сўнг биз Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва вилоят ҳокимлигига мурожаат қилиб, бу борада изоҳ олишга ҳаракат қилдик. Аммо, мурожаатларимиз жавобсиз қолди.


"Бутун ҳукуматни судга бераман!"

Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Глинка кўчаси, 14 уй, 14-хонадонда истиқомат қиладиган 70 ёшли Римма Акимбаева таҳририятимизга сим қоқди.

У Ўзбекистон ҳукумати устидан жиноий иш қўзғатилишини талаб қилиб, халқаро жамоатчиликка мурожаат қилаётганини айтди.

“Мен БМТ га тўлиқ ҳукумат устидан жиноий иш очишини сўраб мурожаат қилаяпман”, деди Римма Акимбаева.

Ундан бундай даъвосининг сабаби нима эканини сўрадик. Ойдинлашишича, бу аёлнинг ўғли Артур Акимбаев 7 йил муқаддам хусусий ташкилот очиб, яхшигина бизнесни йўлга қўйган вақтда рақиблари унинг жонига қасд қилган.

Римма Акимбаева: Булар ўғлимни қаердадир бўғиб ўлдириб¸ травматалогияга олиб келишган. Успенский мактабининг ëнида троллейбус остановкаси бор. Бу ўша ерда содир бўлганда. Менга ҳеч нарсага рухсат беришмади. Айтган гаплари бутунлай ëлғон бўлиб чиқди. ГАИда бошқа ëзув¸ травматалогияда бошқа ëзув.

Мана шуларнинг ҳаммасини ўзимнинг топган фактларим билан¸ расмлар билан бир ойнинг ичида аввал шаҳар прокуратурасига¸ кейин Бош прокуратурага исботлаб бераман. Биринчидан булар жиноий иш очмаяпти¸ иккинчидан ўғлимнинг ўлими ва ўғирланган нарсалар тўғрисида РОВД ҳозиргача бекитиб юрибди.

Олий Мажлис¸ Сенат¸ Вазирлар маҳкамаси¸ Адлия вазирлиги – ҳеч қайсиси Бош прокуратурага юборишдан ташқари ҳеч нарса қилмайди. Шаҳар прокуратураси ҳам¸ Бош прокуратура ҳам мени киргизмайди¸ ҳеч қайси саволларимга жавоб бермайди.

Озодлик: Нима учун прокуратура жиноий иш қўзғамаяпти, деб ўйлайсиз?

Римма Акимбаева: Биринчидан¸ бу буюртма қотиллик. Булар онаси ҳеч нарса билмайди¸ ҳеч нарса топа олмайди¸ ҳеч нарса исботлаб бера олмайди, деб ўйлаган. Каримовга бир неча марта телеграмма йўллаганман. Биз ëзган нарсалар Каримовга етиб бормайди.

Олий Мажлис¸ Сенат¸ Вазирлар маҳкамаси¸ Адлия вазирлигига юборсам¸ улар Бош прокуратурага юборади. Бош прокуратура эса шаҳар прокуратурасига юборади. Шунақа қилиб булар 7 йилдан бери бошимни қотираяпти.

Озодлик: Энди нима қилмоқчисиз?

Римма Акимбаева: Яна бир марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссарлигига юборишим керак. Улар бутун ҳукумат устидан жиноий иш қўзғаши керак. Олий мажлис фақат Бош прокуратурага юборади¸ Бош прокуратура шаҳар прокуратурасига. 100 мартадан кўп судга бердим. Аввал жиноят ишлари бўйича судга бердим¸ кейин фуқаролик ишлари бўйича судга бердим.

Озодлик: Адвокатингиз борми?

Римма Акимбаева: 9 та адвокатга учрашдим. Улар ҳеч нарса қила олмайди¸ чунки жиноий иш очилмаган. Жиноий иш очилмаса¸ адвокат ишлай олмайди.

7 йилдан буён Ўзбекистонда дардини тинглайдиган қулоқ тополмаган тошкентлик Римма Акимбаева энди Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлари устидан жиноят иши қўзғатишини сўраб, БМТ га мурожаат қилиш қарорида қатъий эканини таъкидламоқда.

***************************************
Азиз мухлис! Имкон қадар мурожаатларингизни ёритиш, муаммоларни ўрганиш ва фикрларингизни Озодлик орқали тингловчиларга тақдим қилиш истаги билан яна бир бор телефон рақамларимиз ва манзилимизни ёдингизга соламиз.

uzbek@rferl.org Бу бизнинг электрон манзилимиз¸ мактуб ëзинг.
www.ozodlik.org Бу бизнинг интернет саҳифамиз¸ ташриф буюринг.
Vinohradska 159а, Praha 10, 100 00 , Czech Republic Бу бизнинг почта манзилимиз.
Телефон рақамларимиз: (мамлакат чиқиш кодидан сўнг) 42 02 21 12 34 37


Марҳамат қўнғироқ қилинг. Қўнғироқларингизни кутамиз.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.
XS
SM
MD
LG