Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:37

Ëнмоқда ўзбекнинг туққан онаси


“Нимага мен давлат жиноятчиси бўламан? Нима қилдим мен?.. Бу дунëда ҳақиқат борми ўзи?.. Ë битта шунга ҳуқуқ берилганми ҳеч кимнинг айтганини қилма, деб?.. Бормаган ерим¸ кирмаган гўрим қолмади...”

“Тингловчи минбари” эшиттиришининг бугунги қаҳрамони Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида ўзига ўт қўйган ва ҳозир оғир аҳволда шифохонада ётган 70 ёшли деҳқон аёл Ҳалима Ўлжаева.

Бу аёлнинг яқинлари таҳририятимизга мурожаат қилди. Уларнинг мурожаати ортидан Ҳалима аянинг ўзига боғландик, кейин эса бу аёлнинг муаммосига масъул бўлган ҳокимлик расмийларига.

“Тингловчи минбари” эшиттиришининг бугунги сонида шу мурожаат асосида ҳозирланган ҳикояни тинглайсиз.

Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида яшайдиган Ҳалима Ўлжаева исмли 70 ёшли деҳқон аёл ўзига ўт қўйганининг асосий сабаби – ерларни оптималлаштириш қарори ортидан унинг 10 гектар ери олиб қўйилганидир.

Аёл қарийб 7 ой Самарқанд ва Тошкент ўртасида зир қатнади. Аммо унга ер қайтиб берилмади. Бунинг устига бу аёлни туманнинг баъзи мутасаддилари меҳнатга лаёқатсиз, руҳий хаста, деб атаганидан сўнг у ўзига ўт қўйди.

Бу воқеа 16 апрел куни бўлди. Ҳозир аёл шифохонада. Аҳволи оғир, танасининг 35 фоизи куйган. Унинг яқинлари бизга хабар юборганидан сўнг биз уларга сим қоқдик.

Биз боғланганимиз вақтда аёлнинг ёнида, шифохонада бўлган яқинлари телефон гўшагини унга берди.

Ҳалима Ўлжаева: Алло.

Озодлик: Ассалому алайкум. Ҳалима опа, яхшимисиз? Соғликларингиз яхшими? Яхши бўлиб қолдингизми?

Ҳалима Ўлжаева: Билмасам. Шуларни агар радиога чиқарсангиз¸ дунëдан беармон ўтаман. Менга шундай азоб берди булар.

Озодлик: Нимага ўзингизга ўт қўйдингиз?

Ҳалима Ўлжаева: Олти ойдан бери югураман. Булар "ерингни чорвачиликка айлантириб берамиз", деб айтишди. Ўтган йил кредит олсин¸ чорвачилик қилсин, деб қарорлар берилди.

Озодлик: Қанча ерингиз бор эди?

Ҳалима Ўлжаева: 10 гектар. Менинг оëғим синган эди. Оптималлаштириш қароридан сўнг бориб: “Менинг еримни нима қилдингизлар¸ қолдирдингизларми?” десам¸ “Кетаверинг, сизнинг ерингиз қолган, сизнинг ерингизга тегмаймиз”, дейишди.

Шундан кейин олти ой қатнадим. Эртага келинг¸ индинга келинг, деди. Кейин қаëққа борсангиз боринг, деди.

Кейин мен Тошкентга қатнай бошладим. Деярли ҳар кун Тошкент-Самарқанд ўртасида қатнадим. Совуқларда сарсон-саргардон бўлдим.
Буни “Халқ сўзи” газетаси ҳам¸ бошқаси ҳам ҳаммаси билади. Лекин ҳеч ким ëрдам қилишни ўйламади.

Озодлик: "Халқ сўзи" газетасида мақола чиқдими?

Ҳалима Ўлжаева: Чиқмади ҳам¸ чақирмади ҳам. "Халқ сўзи" газетасига¸ "Ҳуррият" газетасига бордим. Ҳамма матбуотга кириб чиқдим. Телевидениега бордим. Охирги умидим сизлардан.

Шу ëқда ҳал қилиб берсин, дейди. Юқоридан қанча марта: “Момо қийналиб кетди, совуқ қотиб кетган, мана олдимда ўтирибди” деб айтишди буларга. Келсам, булар қабул қилинмайди¸ дейди.

Самарқанддан келиб, хулоса қилиб кетди¸ молларимни кўриб кетди. Дониëров дегани “Битта ҳам моли йўқ”, деб ëзиб кетди.

Нима мен давлат жиноятчисиманми? Уларнинг ëзганининг ҳаммаси тўғрими? Мен қаерга борай? У бировнинг айтганини қилмаса. Россиядан иккита боламнинг ўлигини олиб келдим.

Озодлик: Улар Россияга ишлагани кетганмиди?

Ҳалима Ўлжаева: Ҳа. 7¸5 миллион қарз кўтариб болаларимнинг ўлигини олиб келиб кўмдим. Бошимда хўжайиним бўлмаса. Э¸ бошимдан нима савдолар ўтмади.

Қаранг, ҳозир ҳам туҳмат қилиб турибди. Тошкентга: “Келини билан уришган, шунинг учун ўзига ўт қўйган”, деб ëзипти.

Булар Каримовнинг қарорига қулоқ солмаса¸ президент девонининг қарорига қулоқ солмаса¸ прокуратуранинг қарорига қулоқ солмаса.

“Сен жиннисан¸ сени жиннихонага топширамиз. Сени у қиламиз¸ бу қиламиз. Ҳаëтинг хавф остида¸ болаларинг хавф остида”, дейди.

Нима қилдим мен? Бу дунëда ҳақиқат борми ўзи? Ë битта шунга берилганми ҳеч кимнинг айтганини қилма, деб.

Озодлик: Нимани талаб қилаяпсиз улардан?

Ҳалима Ўлжаева: Шу 10 гектар еримни чорвачиликка айлантираман, деб жуда ҳам кўп югурдим мен. Шу невараларимга бир нарса қолсин¸ уларнинг олдидаги қарзимдан қутулиб кетай¸ бир чорвачилик қилсин, деб бир амаллаб олган эдим.

Давлатга фойда келтираман¸ ғоз¸ товуқ боқаман деб ўйлаган эдим. Буларга эса ерни пулга сотса бўлди. Менинг унчалик пулим йўқ.

Озодлик: Неча пулга сотибди?

Ҳалима Ўлжаева: Мен қаердан биламан¸ менга айтадими булар. Долларга сотган. Менда доллар нима қилсин.


Суҳбатдан англаганингиздек, нарпайлик деҳқон аёл фермер хўжаликларни йириклаштириш қарори ортидан ери олиб қўйилганидан сўнг қарийб 7 ой ташкилотма-ташкилот югурган ва ерининг қайтиб берилишини талаб қилган.

Зеро, унинг оиласи жуда оғир аҳволда ва уларни боқиб турган ягона манба мана шу ер. Ҳалима Ўлжаеванинг қарамоғида Россияга ишлагани бориб, вафот этган икки фарзандидан қолган 3 набира бор экан. Бундан ташқари, ногирон бўлган ўғлининг 3 фарзанди ҳам бор.

Шу олти набира, бир ногирон ўғилни Ҳалима ая ва унинг келини боқаётган эди. “Менда доллар нима қилсин?!” деб зорланиб турган бу аёлда ўз оиласини таъминлаш учун етарли ўзбек сўми ҳам йўқ экан.

Бунинг устига оилани боқиб турган ер ҳам олиб қўйилди. Бунга эътироз тариқасида ўзига ўт қўйган аёлнинг иши билан эса шу кунларда Нарпай туман ҳокимлиги шуғулланаётган экан.

Ҳокимликка сим қоққанимизда ҳокимликдаги вакил воқеани тасдиқлади.

Озодлик: Нарпай туманида ўзига ўт қўйиб юборган аëл Ҳалима Ўлжаеванинг иши бўйича телефон қилаëтган эдик. Ҳозир аҳволи яхшими¸ муаммоси ҳал бўлаяптими?

- Чиққанини эшитган эдим¸ лекин бошқа нарсаларини билмайман. Яхши бўлиши керак¸ деди биз билан гаплашган ҳокимлик вакили.

Нарпай туман ҳокимлиги вакили бизга Ўлжаева ишидан хабардор бўлган мутасаддини топиб берди.

Туман ҳокимлигининг ўзини таништиришни истамаган мутасаддисига кўра, Ҳалима Ўлжаева туман ҳокимлигига жуда кўп бор келган ва бир неча бор уни ҳокимнинг ўзи қабул қилган.

- Биз бу аёлга ёрдам беришга ҳаракат қилдик. Аммо, президент фармонига кўра, фақат 100 гектар ери бўлган фермер хўжаликларига тегилмайди.

Яна ҳам биз шароитдан келиб чиқиб, бу кўрсаткични 50 – 60 гектарга туширдик. Лекин Ўлжаевалар оиласининг ери 10 гектар эди. Бундан ташқари, бу оиланинг иқтисодий аҳволи жуда ночор.

Фермер хўжаликни юритиш учун эса катта маблағ, техника керак. Бу оилада бунга имкон йўқ. Бундан ташқари, "деҳқончилик қиламан" деяётган момо 70 ёшга кирган, ахир?!

Шу боис, биз ерни бошқа фермерга қўшиб беришга мажбур бўлдик. Момо эса ҳеч буни тушунмади, у ёққа чопди, бу ёққа чопди.

Охири эшитдикки, келини қайнонасига ўт қўйиб юборганмиш, деди Нарпай туман ҳокимлиги расмийси.

Ҳали Ҳалима Ўлжаеванинг ўзидан эшитганингиз каби аёл буни "туҳмат" деб атамоқда.

- Қаранг, ҳозир ҳам туҳмат қилиб ўтирибди. Келини билан уришган деб, Тошкентга ëзиб юборипти. Мен келиним билан умримда бир марта ҳам урушган эмасман¸ деди Ҳалима Ўлжаева.

Ҳалима аянинг келини Озодахон ҳам бу гапни "туҳмат" деди.

Нарпай туман расмийси Ўлжаевага келини ўт қўйиб юборган, деяпти. Аммо расмий: “Бу гапни Ўлжаева туҳмат, деяпти. Бунга нима дейсиз?” деган саволимизга жавоб бермади.

Кейин биз бу расмийга бошқа саволни бердик: “Хўп, Ўлжаевага ким ўт қўйгани масаласини бир четга сурайлик. Аслида аҳволи оғир бўлган бу деҳқон оилага истисно тариқасида ён босиб, ерини унинг ўзида қолдирса бўлмасмиди?! Ваҳоланки, мамлакат президентининг деҳқон хўжаликларини оптималлаштиришдан мақсади, охир-оқибатда, шу деҳқоннинг манфаати учун хизмат қилиш эмасмиди?!”

Нарпай туман ҳокимлиги расмийси бу саволимизга шундай жавоб қилди:

“Энди биласизми, опа, агар битта шу момога ён боссангиз - ҳали ўзингиз айтганингиздек, бутун республикада оптималлаштириш бораяпти - кейин ҳамма бирдан кўтарилади-да, нега унга ён босдингиз-у, бизга ён босмадингиз, деб.

Шунинг учун ҳозир унинг талабини қондиришнинг иложи йўқ-да, опа. Агар шу момога “хўп” десак, кейин бошқа фермерлар ҳам ерни эпласа-эпламаса, "бизникини ҳам қайтариб беринг", деб кўтарилади-да!

Туман ҳокими момони чақириб, унга бир ярим гектар ер ҳам таклиф қилди. "Нима ҳоҳласангиз, экинг", деди. Момо "хўп" деб чиқиб кетди-да, кейин яна норози бўлиб қайтиб келди. Тушуниб бўлмайди-да уни!"

Ҳалима Ўлжаева ҳали суҳбат чоғида эшитганингиздек, бутун умидини шу ерга қадаган. Боиси, унинг турмуш ўртоғи йўқ, Россияга иш излаб кетган икки фарзанди вафот этган. Қарамоғида ногирон ўғли, келини ва уларнинг 3 фарзанди ҳамда Россияда вафот этган фарзандларининг 3 фарзанди қолган.

“Бу етим набираларга қолдирадиганим фақат шу ерда!” деб зорланди Ўлжаева Озодлик билан суҳбатда.

- Шу 10 гектар еримни чорвачиликка айлантираман деб, жуда ҳам кўп югурдим мен. Шу невараларимга бир нарса қолсин¸ уларнинг олдидаги қарзимдан қутулиб кетай¸ бир чорвачилик қилсин деб, бир амаллаб олган эдим.

Давлатга фойда келтираман¸ ғоз¸ товуқ боқаман деб ўйлаган эдим. Буларга эса ерни пулга сотса бўлди. Менинг унчалик пулим йўқ¸ деди Ҳалима Ўлжаева.

Нарпай туман ҳокимлигининг биз билан суҳбатлашишга рози бўлган, аммо, овозини ёзиб олинишини истамаган ходимига яна битта савол бердик: “Хўп, 10 гектар ерни ҳам бир четга қўяйлик. Аммо, иқтисоди жуда оғир аҳволда қолган бу оила Нарпай туманида яшамоқда, бу оила аъзолари Ўзбекистон фуқаролари. Жилла қурса, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мажбурияти юкланган туман ҳокимлиги ёрдам кўрсатаяптими?”

- Ҳа, ёрдам бераяпмиз. Ўтган йили бу оилага битта қорамол берилди. Бир ёрдам бўлса, шунчалик бўладида ахир, деди Нарпай туман ҳокимлиги мутасаддиси.

6 та гўдак ва 3 нафар катта ёшдаги аъзоси ишсиз қолган оилага 2008 йилда ҳокимлик битта қорамол берибди. Бу ёрдамнинг нечоғлик эканига эса, азиз ўқувчи, ўзингиз баҳо беринг.

Аммо ўтган йили эшигидан битта қорамол кириб келганда бу оиланинг тирикчилиги учун югуриб юрган 70 ёшли момо соғлом эди. Ҳозир эса хаста, танасининг 35 фоизи куйган.

“Энди бу оилага қандай ёрдам бўлади, ё шу ўтган йилги битта қорамол ҳануз кифоями?” деб савол бердик ҳокимлик мутасаддисига.

- Йўқ, албатта. Ҳозир ҳокимлик бу масалани ўрганиб кўраяпти. Ҳеч ким момо ёрдам сўраб келса, кўкрагидан итармайди-ку?! Лекин ўзи муомала қилишни истамаяпти-да, нима қилайлик?! Ҳеч кимга унга ўзингизга ўт қўйинг, демайди-ку, ахир?!

Шунда ҳам ташлаб қўймаймиз, ўрганиб кўрамиз, албатта. Бизнинг гапга ўзи кўнса бўлди, деди Самарқанд вилояти Нарпай туман ҳокимлиги мутасаддиси.

"Бир ҳисобда туман ҳокимлигининг гапида жон борга ўхшайди, муаммони бу тариқа аянчли йўл билан ҳал қилмасликнинг имконини топса бўлар эди-ку?" дея ўзимизга ўзимиз савол бердик.

Аммо, ўзингиз ўйланг, агар товонимизга тикон кирса, бутун вужудимиз зирқирайди. Ҳаётнинг 70 йилини яшаб қўйган бу момо оз-мунча аччиқ-чучукни кўрмагандир?! Бу аёл бошдан кечирган кўргуликларни санасангиз, узун рўйхат бўлар экан.

Биргина бугун унинг оғзидан эшитганларимиз: икки фарзандининг ўлигини кекса боши билан қарз ҳавола қилиб, Россиядан келтириб кўмган. 6 набирани бағрига босиб, уларни боқиш учун шу мункиллаган ёшида оғир меҳнатни бўйнига олаяпти. Уларга бир парча мерос қолдириш учун 7 ой Самарқанд ва Тошкент ўртасида совуқ, қорли-қировли кунларда қатнаган.

Шунча синовларга дош бериб келаётган аёл ўзига ўт қўйган экан, бу қарор калтабинликдан ёки айрим маҳаллий расмийлар айтганидек, руҳий хасталикдан, ё туман ҳокимлиги мутасадди гумон қилганидек келини билан жанжаллашганидан сўнг келган қарормикин?!

Аммо аянинг ўзига бу ҳақда савол берганимизда, олган жавобдан англадикки, ўзига ўт қўйиш қарорининг сабаби булар эмас.

Озодлик: Нимага ўзингизга ўт қўйдингиз? Ўзингизга ўт қўймасдан муаммони ҳал қилса бўларди-ку.

Ҳалима Ўлжаева: Бўлмайди¸ айланай, бўлмайди. Етти ой чопиб кўрдим¸ ялиниб ҳам кўрдим. Самарқандда ëмғирларда¸ Тошкентда қорларда қолиб кетдим. Каримовнинг қарорига¸ президент девонининг қарорига¸ прокуратурага қулоқ солмаса булар. “Сен жиннисан¸ сени жиннихонага топширамиз. Сени у қиламиз¸ бу қиламиз. Ҳаëтинг хавф остида¸ болаларинг хавф остида” дейди. Нима қилдим мен? Бу дунëда ҳақиқат борми ўзи? Қилмайди булар. Булар одам эмас.

Мен сизга сингилман¸ мен сизга қизман¸
Мен сизни азобда туққан онангиз.
370 та ўт ичра қолдим¸
Қай бирида ëнай мен парвонангиз?

Бизга йўқ кечирим¸ бизга йўқ тўзим¸
Ëнмоқда ўзбекнинг туққан онаси¸
Бизга йўқ кечирим¸ бизга йўқ тўзим¸
Ëнмоқда ўзбекнинг туққан боласи.

Ëнмоқда ўзбегим - жоним ëнмоқда¸
Бўғзимда қолмоқда айтилмай айтим¸
Аëллар ўзини ўтга бермоқда¸
Йигитлар кимлардан сўраркан қайтим?

Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида ўзига ўт қўйган ва ҳозир оғир аҳволда шифохонада ётган 70 ёшли деҳқон аёл Ҳалима Ўлжаева ҳақидаги ҳикоя “Тингловчи минбари” рукнининг бугунги сонидан ўрин олди.

Самарқанд вилояти Нарпай тумани ҳокимлиги аччиқ қисматга учраган бу аёлнинг иши юзасидан тўғри қарор беради, дея умид билдирамиз.
XS
SM
MD
LG