Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:30

Гулнора Каримова ёмон қизлар рўйхатида


Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова Ғарбда ижобий имижга эга бўлиш ҳаракатларига қарамай, "ёмон қизлар рўйхати"дан жой олди.
Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримова Ғарбда ижобий имижга эга бўлиш ҳаракатларига қарамай, "ёмон қизлар рўйхати"дан жой олди.

Америкада чиқувчи "Foreign Policy" журнали Ўзбекистон президентининг тўнғичи Гулнора Каримовани "Дунёнинг энг ёмон қизлари" рўйхатига киритди.

Ўтган ҳафта “жаҳоннинг энг ёмон ўғиллари” ҳақда ёзган “Foreign policy” журнали бу ҳафта “жаҳон етакчиларининг ёмон қизлари” хулқ-атворига тўхталди. Журналда келтирилган “ёмон қизлар”нинг бири Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовадир.

"37 ёшли Гулнора Каримова Европада хушбичим қоматли, саховатпеша аёл сифатида танилган. Уни катта давраларда Шарон Стоун, Элтон Жон каби буюк номлар ва ҳатто АҚШ нинг собиқ президенти Билл Клинтон билан бирга кўриш мумкин. Ватани Ўзбекистонда эса Каримова хоним қаттол диктатор отасининг вориси бўлишга тиришаётган ва йирик молия орттириш йўлида отасининг мавқеидан фойдаланаётган шахс" экани ҳақда ёзади журнал.

Гулнора Каримова 2001 йилда турмуш ўртоғи билан ажрашганидан сўнг унинг бойликларию бизнес доиралардаги таъсири ҳақидаги гап-сўзлар эл оғзига тушди. Ўшанда нуфузли “Файненшл таймс” газетаси Гулнора Каримованинг отаси мавқеидан фойдаланиб¸ қисқа давр ичида Ўзбекистондаги етакчи мобил телефон ширкатидан тортиб, мамлакатдаги энг йирик цемент заводидаги улушлари эвазига кенг қамровли бизнес империясини яратишга муваффақ бўлгани ҳақда ёзган эди.

Узоқ йиллар Гулнора Каримованинг молиявий директори бўлиб ишлаган Фарҳод Иноғомбоев президент қизининг ноқонуний орттирган бойликлари ҳақида далилий ҳужжатларни тақдим қилган.

- Ҳозирги пайтда ҳақиқатан ҳам ўзининг номида қанчалик компания қолган ëки қолмаганлигини мен айта олмайман. Ўз вақтида “Файненшл таймс” ва бошқа Ғарб оммавий ахборот воситалари Гулнора Каримованинг компанияларию¸ унинг компанияларининг оригинал лицензияларини кўришган. Ўзбекистоннинг ҳозирги шароитида, қолаверса¸ Гулноранинг отаси яратган ҳозирги шароитда ҳамма нарса мумкин¸ дейди Фарҳод Иноғомбоев.

“Ўзбекистонда “Кока-кола”ни идишга қуйиш билан шуғулланиб келган эри Мансур Мақсудий билан ажрашганидан сўнг Каримова Нью Жерси суди қарорига зид тарзда фарзандларини эридан тортиб олди, эрига тегишли бўлган Ўзбекистондаги ширкатлар ёпилди, Мақсудийнинг учта қариндоши қамалди, бошқалари қурол тиркалиб, Афғонистонга депортация қилинди”, деб ёзади “Foreign policy” журнали.

Бугунги кунда Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг БМТдаги элчиси. Айни пайтда у ўзини мода ва дизайн оламида ҳам намоён этмоқда.
- Гулнора Каримованинг ҳатти-ҳаракатларини кузатадиган бўлсак, ҳаддан зиёд талтайган бу аёл бир қарсангиз, халқаро ҳуқуқ соҳасининг етук мутахассиси ва айни вақтнинг ўзида подиумда. Европанинг “De Colte”, “Chopard” каби энг қимматбаҳо дўконларида дуру-жавоҳирларини кўз-кўз қилади.

У ватанига муҳаббати ҳақида гапиради, лекин ватанидаги қийноқлар, пахта далаларида болалар мажбурий меҳнатга жалб этилиши унинг кўзига кўринмайди, дейди Франциядаги Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева.

Шу йил Швейцариянинг Базел шаҳрида очилган соатлар ва заргарлик буюмлари кўргазмасида Гулнора Каримованинг заргарлик йўналишидаги, махсус Chopard ширкати учун тайёрланган Guli брендининг илк тақдимоти бўлди.

Тақдимот арафасида ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Абдужалил Бойматов Chopard заргарлик ширкатини Гулнора Каримовага бўлган муносабати ва қонли бриллиантларни ёдга солувчи унинг Guli брендини қўллаб-қувватлашни қайта кўриб чиқишга чақирган эди.

- Ҳақиқатда Гулнора Каримова ҳозирги пайтда Ўзбекистонда энг бой аëлга айлангани¸ шунинг баробарида Ўзбекистон аҳолисининг жуда кўп қисми қашшоқ бўлиб қолганлиги бу Ўзбекистонда Ислом Каримов яратган диктатурадан¸ Ислом Каримов режимидан Гулнора Каримованинг фойда олаëтгани кўриниб турибди.

Мен ҳақиқатан Chopard фирмасининг президентига Гулнора Каримова билан ҳамкорлик қилгани учун хат ëзган эдим. Хатда Ўзбекистонда болалар меҳнатидан кенг миқëсда фойдаланилаëтгани¸ баҳор ва кузда мактаблар ëпиб қўйилиб¸ болалар икки-уч ойлаб пахта теримига¸ қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилинаëтганлиги¸ Андижонда тинч намойишга чиққанлардан камида 1000 киши отиб ўлдирилганлиги¸ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқ ҳимоячилари¸ журналистлар доим таъқиб остида эканлиги¸ уларнинг қамоқда қийноққа тутилаëтганлиги¸ уларга нисбатан ноинсоний муносабатлар бўлаëтганлиги¸ Ўзбекистонда коррупция ниҳоятда ривожланганлиги ҳақида ëзган эдим.

Бунинг жуда катта таъсири шундаки¸ бутун дунë жамаотчилиги Гулнора Каримованинг кимлигидан хабар топди. Унинг қанақа қилиб бойиганлиги¸ қандай қилиб бизнес билан шуғулланаëтганлиги¸ Ўзбекистоннинг БМТдаги элчисининг қандай одам эканлиги ҳақида хабар топдилар¸ дейди Абдужалил Бойматов.

Ўтган йилларда эса Гулнора Каримова поп-хонанда сифатида ҳам кўринган. Отаси эркалаб кўйган “Гугуша” тахаллуси билан ёзиб олинган Каримованинг видео-клиплари Марказ-ТВ телеканалида қайта-қайта айлантирилади.
XS
SM
MD
LG