Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:33

“Қутурган итни отишга ўқ йўқ”


“Тингловчи минбари” эшиттиришининг бугунги сони мавзуига Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Ҳаққулобод қишлоғидан бўлган мурожаат асос бўлди.

Туманнинг Соҳилобод қишлоғидан қутурган ит чиқибди. Ит 9 кишини қопган. Ит қопганлар орасида ёш бола ва бир ҳомиладор аёл ҳам бор. 2 киши ўлган. Яна бирининг аҳволи оғир.

Энг муҳими, қутурган итнинг эгаси шу ит қопган бир сигирни сотиб юборибди. Энди тумандаги Соҳилобод-у унга қўшни қишлоқларда ваҳима: ит қопган сигирни сўйиб сотишган бўлса-чи?!

Бизга 10 август куни сим қоққан ҳаққулободлик Улуғбек Қорабоевни ҳам шу савол ўйлантираяпти.

- Тўрақўрғон тумани Соҳилобод қишлоғида битта одамнинг ити қутуриб¸ тўққиз кишини тишлаган. Ҳозирда шундан икки киши ўлди. Буларнинг биттаси ëш бола ва биттаси катта ëшли аëл. Қолган олти кишининг тақдири жуда аянчли аҳволда бўлса керак, деб ўйлайман. Яна бир киши касалхонада ëтибди экан.

У одамнинг моли ҳам шунақа бўлган экан, деб эшитган эдим. “Сотибди” деб ҳам эшитдим. Биз қўни-қўшни қишлоқдалигимиз учун мен ҳозир бундан жуда ҳам хавотирдаман. Сизларга телефон қилишдан мақсадим - шунинг бир чорасини кўриш керакмикан¸ ташкилотлар ëки идоралар бу билан шуғулланиб¸ итларни отиш керакми ëки дорилаш керакмикан?.. Ҳар ҳолда, инсонлар тақдирига бунақа бефарқ қарамаслик керак, деб ўйлайман¸ деган эди Улуғбек Қорабоев.

Ҳаққулободлик Улуғбек билан ана шу суҳбатдан кейин биз бу хабарнинг тафсилотларини ўрганишга ҳаракат қилдик.

Тўғриси, таҳририятимизга бу мазмундаги мурожаат яқин йиллар ичида бўлмаган эди. Аҳолиси нисбатан зич бўлган Наманган вилоятидан олинган бу хабар бир тарафдан хавотир уйғотди.

Иккинчи тарафдан, шу хабар баҳона аҳолининг шундай юқумли касалликлардан ҳимояси аҳволи билан ҳам қизиқиб кўриш истаги туғилди.

Бу истак ортидан биринчи бўлиб боғланганимиз ҳаққулободлик бир аёл Улуғбек аканинг гапларини тасдиқлаб, яна баъзи қўшимча тафсилотларни ҳам сўзлаб берди.

- Ит турган уйнинг иккита моли касал бўлган экан. Битта молини кўмиб юборибди¸ битта молини сотиб юборибди, деб эшитдик. Ҳозир шунга хўжайиним “Мол гўшти олмаймиз” деяпти. Одам қўрқадию барибир.

Озодлик: Битта-иккита одам ўлган, дейишаяпти. Бу ҳам бор гапми?

- Ҳа¸ тўғри. Битта тўрт яшар бола ва битта катта ëшли аëл ўлди.

Озодлик: Уларнинг ўлгани аниқми?

- Аниқ. Биринчи бўлиб ит тишлаганидан 10-15 кунлардан кейин тўрт яшар бола ўлди. Ўша куни 1952 йилда туғилган аëлни ҳам тишлаган экан. Бу аëл ит тишлаганидан бир ойлар ўтиб ўлди.

Озодлик: Улар бошқа касалдан ўлмадимикан?

- Унисини билмадим. Иситмаси кўтарилган. 40 градусгача иситмаси чиқиб кетган. Тўрт яшар боланинг жасадини дорилаб беришган. Жасадини очишмаган ҳам. Қабристонга ҳам бетонлаб кўмилибди¸ деб эшитдик.

Озодлик: Касал ëтганлар борми яна?

- Битта аëл ëтибди экан.

Озодлик: Маҳаллаларда ит отарлар бўларди-ю. Шунақа итотарлар ҳалигача борми йўқми?

- Йўқ¸ унақа ит отарлар йўқ. СЭСдан “Итларни ўлдиринглар”, деган буйруқ келибди. Одамларнинг ўзлари бўғиб¸ тош билан ўлдираяпти экан. Қишлоқдаги итларни шунақа қилиб ўлдиришаяпти экан. Медпунктдан шунақа буйруқ келган. Медсестралар одамларнинг бошларида юриб¸ шунақа қилиб ўлдиришаяпти экан¸ деб эшитдик.

Озодлик: Сизларнинг қишлоқда унақа қилишмаяптими?

- Йўқ¸ бизларнинг қишлоқда унақа йўқ.

Озодлик: Олдин бу яқин атрофда бунақа воқеа бўлганми?

- Йўқ¸ бўлмаган¸ дейди ҳаққулободлик аëл.

Демак, ҳаққулободлик аёл ва Улуғбек Қорабоевнинг сўзларига кўра, бу қишлоқдан 3 километр наридаги Соҳилобод қишлоғида пайдо бўлган қутурган ит жами 9 кишини қопган. 2 киши – бир ёш бола ва 1 кекса аёлга қутуриш касаллиги юқиб, вафот этган. Яна бир аёлнинг аҳволи оғир. Яна 4-5 киши шифохонада даволанмоқда.

Ҳаққулободликлардан олганимиз шу хабарлар ортидан аввал Тўрақўрғон туман шифохонасига боғланиб, беморларнинг аҳволини суриштиришга шошилдик.

Шифохона қабулхонасида телефон гўшагини кўтарган ходим эса бизни янада хавотирга солган жавобни берди. Маълум бўлишича, қутурган ит Соҳилобод қишлоғидан чиқмаган. Соҳилобод қишлоғидан қутурган ит қопти, деган ташхис билан касаллар ҳам келтирилмаган.

Лекин шундай ит туманнинг Бураматут қишлоғидан чиққан ва бу ходима билан суҳбатдан кейин аҳвол ҳаққулободликлар ҳикоя қилиб берганидан кўра ҳам хавотирлироқмикин, деган фикр туғилди.

- Ҳозир қутуриш роса кучайган-да. Ҳайвонлар ўртасида қутуриш бор. Эмлаш бору¸ тишлаб ўлди, деган нарса йўқ.

Озодлик: Соҳилободда ҳам ҳайвонлар ўртасида қутуриш борлиги тўғрисида гап бўлдими?

- Ҳозир кўпроқ Бураматутга қараяпти. Бураматутда қутуриш кўпайиб¸ ўша ерда ит тишлашлари роса кўпаяяпти.

Озодлик: Одамларга ҳеч нарса қилмабдими?

- Йўқ¸ тирналган, холос. Ҳозир ëтиб даволанаяпти. Озгина тирналган бўлса ҳам вакцинани олиб тузалиб кетаяпти. Яхши ҳаммаси. Биз кунлик сводкани қабул қиламиз¸ нечта одам ит тишлаган ва шунга ўхшаганларни.

Озодлик: Ўша қутурган итлар тишлаганми?

- Кўпроқ дайди итлар тишлаяпти экан.

Озодлик: Бу дайди итларнинг қутурган касалига учраган ëки учрамаганлиги номаълум-а?

- Аниқмас. Ўша ит ҳам қидирилаяпти. Бураматут¸ Есин томонларда кўпроқ. Ўзи битта дайди ит экан¸ ўша тишлаяпти. Бу ит ҳали топилгани йўқ¸ дейди Тўрақўрғон тумани шифохонасининг ходимаси.

Тўрақўрғон тумани шифохонасининг ходимаси тўлиқ маълумот олиш учун шифохонанинг Травматология бўлими бош шифокори телефон рақамларини берди. Аммо шифокор билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмади.

Демак, туман шифохонасидан олинган маълумотга кўра, бир дайди ит Бураматут қишлоғида кетма-кет одамларга ҳужум қилиб, қопаяпти. Бу итнинг қутурган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Ит қопган бир неча киши Тўрақўрғон шифохонасида даволанмоқда. Уларнинг аҳволи яхши. Соҳилободдан эса беморлар йўқ.

Бу икки хабар ортидан Тўрақўрғон тумани Санитария эпидемиология бўлимига боғландик. Бўлим бош шифокори Аҳмадали Худойберганов ҳар икки қишлоқ — Соҳилобод ва Бураматут қишлоқларида аҳолига ит ташлангани, қопгани, одамлар шифохонага тушганини тасдиқлади.

Аммо одамларни қопган итларнинг қутурган бўлиши мумкинлиги эҳтимолини бутунлай инкор қилди.

Аҳмадали Худойберганов: Бир ит ҳақиқатан беш кишини тишлаган. Назоратга олинган. Ҳеч қанақа қутуриш-путуриш деган жойи йўқ.

Озодлик: Икки киши ўлибди-ку. Бир тўрт яшар бола¸ бир катта ëшли аëл.

Аҳмадали Худойберганов: Йўғ-е¸ унақа гап йўқ.

Озодлик: Тўрақўрғон шифохонасига телефон қилганимизда: “Бураматут қишлоғида ит чиққан, бир неча одамларни тишлади, ҳозир даволанаяпти”, деб айтди.

Аҳмадали Худойберганов: Бир неча эмас¸ у ҳам учта одамни тишлаган. Ўшалар ҳозир назоратда.

Озодлик: У итда қутуриш касаллиги бўлганми?

Аҳмадали Худойберганов: Йўқ¸ ҳеч қанақа қутуриш деган нарса йўқ.

Озодлик: Бирданига беш-олтита одамни тишлагани қандай бўлган унда? Бу итда бирор-бир касаллик борми?

Аҳмадали Худойберганов: Соҳилободда боқилаëтган ит бўлган. Шу бўшалиб кетган. Кўчадаги болаларни¸ уйидаги ҳалигисини тишлаган.

Озодлик: Демак¸ қутуриш касаллиги деган хавф йўқ.

- Йўқ. Ҳеч қанақа қутуриш йўқ¸ дейди Аҳмадали Худойберганов.

Тўрақўрғон тумани Санитария эпидемиология бўлими бош шифокори билан мана шу суҳбатдан кейин кўнглимизда яна шубҳа айлана бошлади.

Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Одамлар ҳақиқатда ҳам ваҳима қилаётган бўлса бордир. Соҳилободдаги бир хонадондан чиққан гап қўшни қишлоқларга етгунча шишиб, каттагина ваҳимага айланган бўлса ажаб эмас, деган фикрга бордик.

Ҳақиқатда ҳам занжиридан бўшатилмаган қўриқчи ит кутилмаганда бўшаб кетиб, одамларни қопган бўлса-чи, деб турган эдик, яна Ҳаққулободдан телефон қўнғироғи бўлиб қолди. Улуғбек Қорабоев бизга сим қоқиб, шубҳаларимизни ёқиб юборди.

Маълум бўлишича, Улуғбек Қорабоев Тўрақўрғон тумани Санитария эпидемиология бўлимига шахсан борган. Бўлим шифокорлари билан суҳбатлашибди. Шифокорлар Соҳилободда қутурган ит одамларни қопганини тан олибди.

Улуғбек Қорабоев: Вилоятдан вакцина олиб келаяпти экан. Вакцина олиб келиб¸ ит тишлаган одамларга укол қилиб, даволашни бошлабди. Итларни йўқ қилиш учун уларга ҳеч қандай ëрдам бермаяпти экан. Илгари итларга бериладиган таблетка Украинадан келтирилган экан. Ҳозир буни таъқиқлашибди. Ўқотар милтиқларни ҳам беришмас экан. Шунинг учун итларни эскичасига бешлик милтиқлар билан¸ яна уриб ўлдиришаëтган экан. Бунинг натижаси бўлмаяпти экан. Ҳокимият томонидан ҳам уларга яхши ëрдам бўлмаяпти экан.

Озодлик: Улар итнинг ҳақиқатан қутурганини тан олдими?

Улуғбек Қорабоев: Ҳа. Албатта тан олишди. Буни тан олиб: “Ўша билан курашаяпмиз, Соҳилободда биз одам ажратганмиз, улар ҳозир шу ëқда итларни уриб ўлдиришаяпти”, дейишди.

Озодлик: Мана шу суҳбатдан кейин сизнинг кўнглингиздаги хавотир тарқалдими ëки хавотир ҳали ҳам қолдими?

Улуғбек Қорабоев: Мутлақо тарқалгани йўқ. Мен бугун буларнинг кураша олмаëтганига имоним комил бўлди. Вазиятни ўзим кўриб келдим. Уларнинг қўлларида на маблағ бор¸ на итларни отгани милтиқ бор. Вакциналарни зўрға топиб келиб¸ касалланган одамларга укол қилишаяпти. Бир киши касалхонада ëтибди экан. Битта гўдак билан битта аëл киши вафот этди. Қолган олтитасининг биттаси ҳомиладор аëл экан, деб эшитдим. Уларнинг оиласи ҳозир қанақа аҳволда экан? Ëшлигимда битта ўртоғим шунақа бўлиб ўлган-да. Ëмон касал экан.

Озодлик: Сиз нимадан қўрқаяпсиз? Бир сигирни сотиб юборганидан қўрқаяпсизми?

- Биз энди ëнма-ëн қишлоқдамиз-да. Бизники Қурама қишлоғи бўлса¸ уларники Соҳилобод. Биринчидан¸ бозорчаларимиз ҳам ëнма-ëн. Иккинчидан¸ молини сотиб юборган одам уни қассобга сотганми¸ бошқага сотганми... Бу мол халқнинг орасида сотилиб кетса¸ эпидемияга айланиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Ҳозир итлар ҳам кўпайиб кетган-да¸ дейди Улуғбек Қорабоев.

Хуллас, оддий одамлар ва туман шифохонаси-ю, эпидемиология бўлими вакили билан суҳбатлардан сўнг аҳоли орасида тарқалган ваҳималарда асос бордир, деган хавотиримиз аримади.

Лекин муҳими бу эмас. Муҳими, вазият ҳақиқатда ҳам шифокорлар назоратида. Ит қопган одамлар шифохонада. Дайди итлар ортидан эса ов бошланган. Бошқа гап-сўзларнинг қанчалик ҳақ эканини тугал аниқлаш биз учун имконсиз бўлди. Зеро, манзил йироқ, воқеа жойида эмасмиз.

Аммо бошқа қизиқ савол туғилди. Суҳбатдошларимизнинг ҳаммаси кейинги пайтларда дайди итларнинг кўпаяётгани, уларни йўқ қилиш мушкул экани, одамлар дайди итларини ўзлари ўйлаб топгани хонаки усуллар билан ўлдиришга мажбур бўлаётганини айтди.

Ўз вақтида бу иш билан “Комхоз” деб аталган ташкилотнинг махсус бўлимлари шуғулланар эди. Маҳаллий аҳоли “итотарлар” деб атайдиган бу бўлимлар вазифасига жиддий эътибор қаратилар эди. Зеро, ҳовлимизнинг нари-берисида юрган хонаки ёхуд дайди итлардан инсон ҳаётига жиддий таҳдид бўлган касалликларнинг юқиш эҳтимоли ҳар доим ҳам катта.

Суҳбатдошларимизга кўра, кейинги йилларда “итотар” гуруҳлар кўринмай қолган. “Қани бу гуруҳлар?” деган савол, шунингдек, “Кейинги пайтларда уй ҳайвонлари ўртасида қутуриш касаллиги эҳтимоли борми-йўқми, агар бўлса, аҳоли қандай эҳтиёт чораларини кўриши керак?” деган саволлар билан биз Тўрақўрғон тумани Ветеренария бўлимига сим қоқдик.

Бўлим бош шифокори ўринбосари Раҳимжон Нишонов саволларимизга жавоб берар экан, суҳбат аввалидаёқ Соҳилобод қишлоғида қутурган ит чиққани ҳақидаги маълумотни инкор қилди.

Раҳимжон Нишонов: Авваламбор у ерда ит қутурмаган. Ит қутурган бўлса¸ у лаборатория тасдиғидан ўтиши керак. Қутуриши гумон қилинган итларнинг калласини вилоят эпидимология лабораториясига жўнатамиз. У ердан бизга “қутурган” ëки “қутурмаган” деб хулоса келади. Битта ит текширувдан ўтказилди ва “қутурмаган” деган хулоса келди. Чунки бу яшириб бўлмайдиган маълумот-да. Унинг орқасида одамнинг саломатлиги турибди.

Озодлик: У ит унда нимадан ўлган?

Раҳимжон Нишонов: У итни ўзлари одам тишлагандан кейин уриб ўлдиришган. Фақат қутурмаган.

Озодлик: Халқнинг ўртасида: “Ўша ит битта сигирни тишлаб олган экан, ўша сигирни олиб чиқиб сотиб юборишибди, уни сўйиб гўштини ҳам сотиб юборишган бўлса-чи?” деган хавотир юрибди.

Раҳимжон Нишонов: Йўқ. Ўша ҳайвонни қутурган ит тишлаган бўлса¸ у ҳайвон беш кун ичида сўйилиб¸ гўшти истеъмолга чиқарилади. Беш кунгача мумкин. Бизнинг қонун бўйича беш кунгача мумкин. Ветврачимиз бориб албатта сўйдиради. Сўйдирмай қўймайди. Агар беш кундан ўтиб кетса¸ ўлдириб¸ ëқиб ташлайди.

Озодлик: Бизгача телефон қилишибдими, демак, одамлар ўртасида ваҳима¸ миш-миш кўпайган. Сиздан илтимос қилардик, ветврач сифатида бизга маълумот берсангиз. Эҳтимоли борми¸ бунинг аломатлари неча кунда чиқади?

Раҳимжон Нишонов: Қутуриш аслида юқумли касаллик ҳисобланади. Қутурган ит, агар у ҳақиқатан ҳам қутурган бўлса¸ ўлдирилиб¸ калласи вилоят ветеренария лабораториясига жўнатилади. Натижаси бир ой ичида чиқади. Қутурган ит чиққан ҳудудни денгиз каламушларига қўяди. Аҳолига қарашли қўй борми¸ қорамол борми – ҳаммаси мажбурий вакцинация қилинади. Агар ўша қутурган ит одамни тишлаган бўлса¸ уни медицина ходимлари олиб бориб ëтқизиб¸ ўзларининг вакцинаси билан эмлашади. Агар қутурган ит бир одамни тишласа ва у одам ўз вақтида мурожаат қилмаса¸ унда бу одамда қутуриш белгиси намоëн бўлиши мумкин.

Озодлик: Белгилари қанча вақтда намоëн бўлади?

Раҳимжон Нишонов: Унинг инкубацион даври¸ яширин даври бўлади. Бу қаердан тишлашига боғлиқ. Оëқ томонлардан тишлаган бўлса¸ бу тахминан олти ойгача давом этиши мумкин. Бу хавфли ҳисобланади. Мияга яқинроқ ëки бошқа жойдан тишласа¸ бу 10-15 кун ичида намоëн бўлиши мумкин.

Озодлик: Мен ëш бўлган пайтларимда итотарлар бўларди. Маҳаллага келиб¸ қаровсиз қолган итларни отиб кетишарди. Биз уйларимизни беркитиб қўярдик. Шунақа амалиëтлар ҳозир ҳам борми?

Раҳимжон Нишонов: Ҳозир ҳар бир туманнинг ветеренария бўлимида дайди итларни тутиш бригадаси ташкил қилинган. Улар ҳозир дайди итларни¸ эгаси йўқ итларни қўл билан¸ тўқмоқ билан ўлдираяпти. Илгари ит отиш бригадаси ва милтиқлар бор эди. Ҳозир буни таъқиқлаб қўйган. Хавфсизлик мақсадида милтиқ бермай қўйган. Ҳозир ҳам ҳар ойда 20-30 та ўлдириб келиб¸ бизга отчëтга кўрсатади. Қулоқларини кесиб олиб келади. Лекин жуда қийин бўлаяпти. Милтиқ йўқ¸ бермаяпти. Ички ишлардан таъқиқлаб қўйган. Ит кўпайиб кетаяпти ҳозир. Заҳари Грузиядан келарди¸ ҳозир у ҳам келмай қўйган. Манаторин деган дори тайëрлар эдик. Ўшани гўштга қўшиб, итга берардик. Ит ўшани еб икки соат ичида ўларди. Ҳозир бу ҳам келмай қўйди. Ҳозир ҳам бу заҳарга пул ўтказганмиз¸ лекин ҳал бўлмай турибди. Мана шу кунларда ҳал бўлиши керак.

Озодлик: Эгаси йўқ итлар нимага кўпаяяпти ҳозир?

- Оилада ëш болалар ит олиб келади. Яна битта ит олиб келишса¸ ота-онаси: “йўқот”, дейди. Шу билан бу итни олиб бориб бирор жойга ташлаб кетишади. Шунақа қилиб кўпайиб кетаяпти. Битта-иккитасининг товуғини еса¸ дарров кўчага ҳайдаб юборади¸ дейди Раҳимжон Нишонов.

Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани Ветеренария бўлими бош шифокори ўринбосари Раҳимжон Нишонов гарчи аҳолиги юқумли касалликлар тарқатиши мумкин бўлган дайди ҳайвонлар, жумладан, эгасиз қолган итларни йўқ қилишда бироз қийинчиликлар бўлаётган бўлса-да, бирор юқумли касаллик тарқалиши мумкин, деган хавотирга асос йўқлигини таъкидламоқда.

Аммо дайди итларни йўқ қиладиган гуруҳларнинг меҳнати бугун янада машаққатли бўлибди. Бутун бошли тумандаги қаровсиз ҳайвонларни ўлдириши керак бўлган гуруҳнинг 3 кишидан иборатлиги-ю, бу гуруҳнинг иши тўқмоққа қолгани, эҳтимол, аҳолининг хавотирини ошираётгандир.

***

Азиз мухлис! Имкон қадар мурожаатларингизни ёритиш, муаммоларни ўрганиш ва фикрларингизни Озодлик орқали тингловчиларга тақдим қилиш истаги билан яна бир бор телефон рақамларимиз ҳамда манзилимизни ёдингизга соламиз.

Бизнинг электрон манзил: uzbek@rferl.org¸ марҳамат, мактуб ëзинг.
Бизнинг почта манзилимиз, эътибор қилинг - у ўзгарган: Vinohradska 159-а, Praha 10, 100 00, Czech Republic.
Телефон рақамларимиз: +42 02 21 12 34 37

Марҳамат қўнғироқ қилинг. Қўнғироқларингизни кутамиз.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.
XS
SM
MD
LG