Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:34

Пахта термаган талаба ўқишдан ҳайдалаяпти


Маълумотларга кўра, пахтага чиқмаган талаба ўқишдан ҳайдалмаслик учун 1 миллион сўмгача пора беришга мажбур бўлмоқда.
Маълумотларга кўра, пахтага чиқмаган талаба ўқишдан ҳайдалмаслик учун 1 миллион сўмгача пора беришга мажбур бўлмоқда.

Ўзбекистондаги олий ўқув юрти талабалари ва айрим ўқитувчилардан олинган маълумотларга кўра, ҳар йили ҳар бир олий ўқув юртидан камида 5-10 талаба пахта теримида қатнашмагани ёки пахта теримини ташлаб кетгани учун ўқишдан ҳайдалади.

Озодлик таҳририятига Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалардан мактублар келмоқда.

Улардан бирида шундай дейилади:

“Мен 4 –курс талабасиман, исмим Жамол. Шу йил пахтага бормай қўйган эдим. Бу ҳақда ҳеч қанақа ҳужжат ҳам қилмадим. Шунинг учун талабалик сафидан чиқаришмоқчи. Нима қилсам бўлади?”

Бу савол шу кунларда кўпчилик талабаларнинг бош муаммосига айланган бўлиши мумкин ва шу боис биз талабалари пахтага олиб чиқилган бир неча олий ўқув юртларига мурожаат қилдик.

Олинган жавоблар мазмуни деярли бир хил бўлди : "Бундай талаба ўқишдан ҳайдалади".

- Бизда пахта амалиëт сифатида қабул қилинган. Пахтага бормаган талабалар¸ ўзбошимчалик қилган талабалар, конечно, талабалар сафидан чиқарилади. Қочган талабалар¸ пахтага бормаганлар. Бу бўйича Олий таълим вазирлигининг буйруғи бор. Бу бўйича инструкция бор. Ҳеч бир институт ҳеч кимни бекорга қувиб юбормайди.

Озодлик: Пахтага бормагани учун талабалар сафидан ҳайдалиши қанчалик асосли, дейман-да.

- Яна сизга қайтараман: биз ҳеч қачон асоссиз ҳайдамаймиз. Буйруқ бор деяпманку, сизга¸ дейди бизнинг суҳбатдош.

Университет, институт ва ўрта махсус касб-ҳунар таълим даргоҳлари бунинг масъулиятини Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига юкламоқда.

Вазирлик мулозими эса Озодлик билан суҳбатда буни тасдиқлади ва аниқ-тиниқ қилиб: “Пахта теримида сабабсиз қатнашмаган талаба ўқишдан ҳайдалади”, деди.

Аммо "Нега энди талаба пахта теримида қатнашмагани учун ўқишдан ҳайдалиши керак ва бу расман қандай изоҳланади?" деган саволга вазирлик расмийлари жавоб бермади.

Талабалар эса пахта теримига бормагани учун ўқишдан қувилмоқда.

Ўзбекистондаги вилоятларнинг бирида университет ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган Бобур Рашидовга кўра, шахсан у ишлайдиган университетда пахта теримига чиқмайдиган 5-10 талаба бу йил ўқишдан ҳайдалиши аниқ.

У бу йилги пахта терими мисолида бу борада ўз университетида кузатилган аҳволни тасвирлаб берди.

- Бизнинг университетда 3000 нафар талаба бор. Бир домла билан ўзимизча ҳисоб-китоб қилиб кўрдик. Олтита факултет бўладиган бўлса¸ 1000 нафар бола пахта даласида йўқ. Бу ҳолатни деярли ҳамма олий ўқув юртларида кузатиш мумкин, дейди Бобур Рашидов.

Аммо пахта терими якунига етганидан сўнг университет раҳбарияти терим мавсуми бўйича якуний ҳисобот тайёрлайди ва бу маҳаллий раҳбарият ҳамда Олий таълим вазирлиги назорати боис амалга оширилади.

Чунки:

Бобур Рашидов: Барибир текшир-текширлар бўлади¸ суриштиришлар бўлади¸ ҳокимиятдан кимлар пахтага келди, кимлар келмади текширилади. Талабалар пахта даласида саналади.

Озодлик: Қайси талаба борган ёки бормаганини ҳокимият ҳам суриштирадими?

- Пахта йиғим-терими даврида ҳокимият тарафидан ҳамма ташкилотларда ҳисоб-китоб олиб борилади. Вакиллар қўйилади¸ комиссия жўнатилади¸ қанча бола тераяпти¸ қанча бола ишлаяпти¸ дейди Бобур Рашидов.

Кейин эса пахта теримида қатнашмаган ёки пахта теримидан қочган талабалар рўйхатга олиниб, университет раҳбарияти ҳар йилги чора-тадбирларини бошлайди.

Бобур Рашидов: Бу ерда масала шундай ҳал қилинади. Масалан, бизнинг олийгоҳда пул билан ҳал қилинади. Деярли камдан кам,бир-икки талаба пахтага бормагани учун ҳайдалади.

Озодлик: Ҳайдалганда уларнинг қўлига қанақа қоғоз беради?

- Университет билан алоқасини узди, деган баҳона қилинади-да¸ энг ашаддийлар ҳайдалади. Бу энди жуда суриштирилади. Кимга қарашлилиги¸ нима учун келмаганлиги¸ бошқа-бошқа¸ кейин охирида шунақа қилиниб ҳайдалади. Етти,саккиз, ўн нафари ҳайдалади. Қолгани ҳайдалмайди. Бу олди-бердилар билан ҳал қилинади¸ дейди Бобур Рашидов.

Бобур Рашидовга кўра, бу ҳар йили ҳеч бир ўзгаришсиз такрорланадиган процедура.

Ўрта ҳисобда 3-4 минг талаба ўқийдиган ўқув юртида камида 500, аксарият ҳолларда эса 1000 нафаргача талаба пахтага чиқмайди.

- Система шунга қурилган. Улар турли хил йўллар билан яширилади¸ раҳбариятга боради¸ ана шунинг орқасидан жуда кўп одамлар фойда кўраяпти. Жуда кўп талабалар пахтага бормайди. Пахтага бормасдан масалани ҳал қилади¸ дейди Бобур Рашидов.

Бу ўқитувчининг сўзларига кўра, бу системадан келадиган манфаат каттагина маблағни ташкил қилади.

Пахта муаммоси орқали ўқишдан ҳайдалиш таҳдиди остида қолган талаба ўз муаммосини ҳал қилиши учун шу кунларда 200 минг сўмдан 1 миллион сўмгача пора беришга мажбур бўлмоқда.

Шунингдек, ўзбекистонлик талабалардан яна бирининг Озодликка айтишича, соғлиги пахта теримида қатнашиши учун тўғри келмагани учун махсус маълумотнома олишда ҳам талаба кўпинча пора беришга мажбур ва бу йил бундай пора қиймати ўртача 200 минг ўзбек сўмини ташкил қилди.

Қорақалпоғистонлик талаба Улуғбекнинг сўзларига кўра, бундай маълумотномани берар экан, шифокор талабанинг соғлигига жиддий эътибор қилмайди.

- “Пахтага боришнинг иложи йўқ, соғлиги йўл бермайди. Қўли синган”, дейлик-да. Шуни доктор кўра била туриб ҳам пул сўрайди. Фойдаси йўқ. Ҳамма жойда ҳам ҳал қиладиган нарса пул-да¸ дейди қорақалпоғистонлик талаба Улуғбек.

Агар талаба тегишли миқдордаги пулни келтириб беролмаса, ўқишдан қувилади ёки энг камида билим юртининг "харидори" оз бўлган факултетларига ўтказиб юборилади. Бундай амалиёт кўпроқ ўрта махсус касб-ҳунар коллежларида учрайди, дейди Улуғбек.

- Мен бухгалтерия бўлимида ўқийман. Масалан, автога ўтказиб юбориши мумкин. Ўзингиз биласиз¸ бухгалтерияга қараганда авто пастроқ бўлади. Шунга ўтказиб юборишади, мажбурлаб. Ўқисанг¸ ўқийсан. Ўқимасанг¸ паттангни қўлингга тутқазишади¸ дейди қорақалпоғистонлик талаба Улуғбек.

Шу тариқа пахта термагани боис ўқишдан қувилар экан, талаба бир неча йиллик ўқиши ва янги ўқув йили учун тўлаган контракт пулига ҳам куйиб қолаверади.

"Нега энди шундай?" деган навбатдаги саволимизга ҳам университет маъмуриятлари ҳамда Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими вазирлигидан жавоб ололмадик.
XS
SM
MD
LG