Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:26

Ўзгандаги отишма бўйича суд бўлиб ўтди


Воқеа гувоҳлари Ўзган амалиётида ўқ фақат бир томондан, яъни қирғизистонлик милиционерлар томонидан отилганини айтмоқдалар.
Воқеа гувоҳлари Ўзган амалиётида ўқ фақат бир томондан, яъни қирғизистонлик милиционерлар томонидан отилганини айтмоқдалар.

Жорий йилнинг 5 декабр куни Ўзган туман суди Қирғизистоннинг уч ва Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси устидан ҳукм ўқиди ҳамда уларни узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилди.

Ўзган туман судидаги маҳкамага раислик қилган судя Қушчибай Султанов айбланувчиларни 3 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси белгилаш тўғрисида ҳукм чиқарди. Бу борада Озодлик радиосига айбланувчилардан бири Мухторжон Мамадалиевнинг адвокати Улуғбек Усмонов маълум қилди.

Унинг айтишича, судланувчилар Қирғизистон Республикаси жиноий кодексининг 4 моддаси билан айбланган:

- Биринчиси, 226-модда (террорчилик) - 8 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Иккинчиси, 229-модда (ноқонуний қуролли гуруҳ тузганлик) - 15 йилгача. Учинчиси 230-модда (бандитизм) - 8 йилдан 15 йилгача. Тўртинчи модда, бу суд жараёнида судя томонидан олиб ташланди, 340-модда (ҳуқуқ-тартибот идораси ходимини ўлдирганлик) - у ерда ҳеч қандай ўлим бўлмагани учун бу моддани судянинг ўзи олиб ташлади, деди Улуғбек Усмонов.

Унинг айтишича, маҳкамада давлат қораловчиси томонидан судланувчиларга умрбод қамоқ жазоси берилиши сўралган.

Маҳкама сўнгида суд раиси Қушчибай Султанов судланувчиларни айбдор деб топди ва айбланувчи Мухторжон Мамадалиевга 10 йил, унинг ўғли Абдушукур Мамадалиевга 9 йил, Заиджан Тўхтар ўғлига 10 йил, Толибжон Солиевга 12 йил, Манзура Йўлчиевага шартли равишда 3 йил қамоқ жазоси белгиланди.

Улуғбек Усмоновнинг айтишича, судланганлар суд қароридан қониқмаганлар ва Ўш вилоят судига шикоят аризаси билан мурожаат қилишмоқчи.

Айбланувчилардан 43 ёшли Толибжон Солиев ва 29 ёшли Манзура Йўлчиевалар Ўзбекистон фуқаролари, қолганлари эса Қирғизистон фуқароларидир.
Уларнинг барчаси маҳкамада ўз айбларини тан олмасликларини билдиришган:
- Куёвимни ҳам сўраб-суриштирмай отиб юборишди, энди эса йўқ нарсани ўлиб кетган одамга юклаб қўйишди. Менга ҳам бу аҳволда қамоқда ётиш осон эмас, деди маҳкама чоғида Манзура Йўлчиева.
Аёлга ҳукм ўқилишида унинг икки фарзанди борлиги ва ҳозирда ҳомиладорлиги инобатга олинган. Манзура Йўлчиевага чегарани ноқонуний бузиб ўтган ва жиноятни яширган, деган айблов қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон куч ишлатар тизимлари томонидан 27 июндан 28 июн кунига ўтар кечаси Ўш вилоятининг Ўзган туманида “Исломий жиҳод иттиҳоди” аъзолари деб айтилаётган уч кишидан иборат қуролли гуруҳ йўқ қилинганди. Айбланувчилар ўша воқеадан сўнг уларга шерикликда гумон қилиниб қўлга олинган.

Расмийлар ўша пайтда жанггариларнинг ўқотар қурол қўллаш орқали қаршилик кўрсатганини маълум қилгандилар.

Бироқ ўзганлик воқеа гувоҳларидан бири ўқни фақат ҳарбийлар отганини айтганди:

- Соат етти яримларда Ўзганда ўқ овозлари эшитилди. Қўшқўрғон деган қишлоқда. Биз у ерга борганимизда бизни милиционерлар воқеа бўлган жойга ўтказишмади. Биз бошқа йўл билан ёнаётган уйдан икки кўча нарига бордик. У ердаги милиция ходимларидан нима бўлаётганини сўрадик. Улар: “Тўртта мужоҳид икки боласи ва бир аёл киши билан келган экан. Ўшалар қаршилик кўрсатаяпти, биз отаяпмиз”, деди. Биз у ерга воқеа бошланганидан 25 минут кейин борганмиз. Биз борганда у уйдан ҳеч қандай ўқ чиққан овоз эшитилмади. Фақат бир томонлама, яъни милиция ходимлари отишди, холос.
Отишма 5-6 соат давом этди. Милиция ходимлари пушка, БТРда отишганини кўрдим. Пушка отилганидан сўнг ўша уй ёниб кетди, деган эди воқеа гувоҳларидан бири.

Қирғизистонлик айрим ҳуқуқ ҳимоячилари куч ишлатар тизим ходимларининг амалиётларини ва суд маҳкамаларини сиёсий ўйин ўлароқ баҳоламоқдалар.

Қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова террорчи деб айбланаётганлар махсус лойиҳа қурбонлари бўлмоқда, деган фикр билдиради:

- Новқат воқеасидан кейин “Қорасувда, Ўзганда террорчилар, экстремистлар бор” деб айтилганида менда “бунинг ортида бир лойиҳа йўқми?” деган шубҳа пайдо бўлганди. Қирғизистонда террорчиликка қарши марказ очилмоқда. Америка ўзининг ижтимоий, иқтисодий томондан бераётган ёрдамларини озайтириб, террорчиликка қарши бераётган ёрдамларини кўпайтирди. Пул олиш учунгина бечора одамлар террорчи бўлмаса ҳам “террорчи” деб қамаб қўяверса, шу террорчиликка қарши кураш бўлиб қоладими, деди Азиза Абдурасулова.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон куч ишлатар тизими ходимлари мамлакат жанубида шу йилнинг 22 июнидан буён қатор махсус амалиётлар ўтказди.

2009 йилнинг 22 июнидан 23 июн кунига ўтар кечаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тарафидан Жалолобод шаҳри ташқарисида Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларини қўлга олиш бўйича аксилтеррорчилик амалиёти ўтказилди. Амалиёт натижасида қуролли гуруҳнинг 5 нафар аъзоси йўқ қилинганди. Амалиёт чоғида миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг бир ходими яраланган, махсус топшириқлар бажарувчи бўлинманинг бир зобити вафот этган.

27 июндан 28 июн кунига ўтар кечаси эса Ўш вилоятининг Ўзган туманида “Исломий жиҳод иттиҳоди” аъзолари деб айтилаётган уч кишидан иборат қуролли гуруҳ йўқ қилинган.

Расмий маълумотларга кўра, ўлдирилган уч киши Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларидир. Уларнинг 23 июн куни Жалолобод вилояти Сузоқ туманида махсус хизматлар томонидан йўқ қилинган 5 кишидан иборат террорчи гуруҳга алоқадор бўлгани айтилган.

Мазкур амалиёт Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматининг “Алфа” махсус бўлинмаси томонидан амалга оширилган. Отишма пайтида махсус хизмат бўлинмаси талафот кўрмаган.

2009 йилнинг 29 июнида кечга яқин Ўзган туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан яна бир қуролли жангари ўлдирилгани ҳам айтилади.

Айни амалиётлар ўтказилган бир пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари топшириғига биноан жорий йилнинг 26 июн куни Ўш шаҳрида икки давлат куч ишлатар тизимлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтганди.
XS
SM
MD
LG