Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:45

Ўшда гастролчи фоҳишалар ушланди


Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида фоҳишабозликка қарши кураш бўйича ўтказилган рейдлар доирасида кўплаб сауна ва меҳмонхоналар текширилди. Рейд чоғида қўлга олинган фоҳишаларнинг кўпи ўзбекистонлик қизлар экани айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўшда жинсий хизмат кўрсатаётган қизларнинг аксарияти қўшни мамлакатлардан келган. Уларнинг кўпчилигини Ўзбекистондан келган қизлар ташкил қилади. Улар орасида Гулнора каби катта “стаж”га эга бўлганлар ҳам бор.

- 10 йилдан бери юрибман, дейди Гулнора ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг “Ўшда қанчадан бери бу иш билан шуғулланиб юрибсиз?” деган саволига жавоб бераркан.

Ўшда 2009 йилда жинсий хизмат кўрсатувчиларга қарши 11 маротаба “Тунги капалак” рейди ўтказилган. Мазкур рейдлар чоғида Ўшда 600 нафар фоҳиша борлиги аниқланган.

Мутахассисларга кўра, фоҳишаликка қарши курашда қизларнинг бошқа мамлакат фуқароси бўлгани ҳам катта муаммо туғдирмоқда.

- Биз у ердан келаётган фуқароларнинг ОИТС касалига чалинган ёки чалинмаганини текшира олмаймиз. Негаки, уларнинг Қирғизистонга қандай мақсадда келганини билмаймиз, деди Ўш шаҳар ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори Элмира Норматова рейд натижалари бўйича шаҳар ҳокимиятида ўтган йиғин чоғида.

Мутахассисларнинг айтишларича, жинсий хизмат кўрсатувчи қизлар асосан сауналарда фаолият юритади. Шаҳар ҳокимияти қарори билан ўтказилган текширувлар натижасида шаҳардаги 58 саунадан 47 таси санитар талабларга жавоб бермагани учун иши тўхтатилди:

- Жинсий хизмат кўрсатувчи қизлар ўз фаолиятида дам олиш жойларидан фойдалангани учун биз йил бошидан буён 12 сауна раҳбарига маъмурий жазо белгиладик, деди Ўш шаҳар санэпидемиология маркази раҳбари Уулқан Қаратаева.

Айтиб ўтиш жоизки, Қирғизистон қонунчилиги бўйича бундай дам олиш жойлари бир йилда бир марта текширувдан ўтказилиши мумкин, холос. Мутахассислар бу ҳолат фоҳишаларга қарши курашда қийинчилик туғдираётганини айтмоқдалар.

Ўш шаҳар ҳокимияти мудофаа ва ҳуқуқ-тартибот бўлими раҳбари Турсуной Айтматованинг айтишича, бундан буён Ўшдаги сауна ва бошқа дам олиш жойларида фоҳишабозликка чек қўйилмаса, уларнинг раҳбарлари омма олдида шарманда қилинади:

- Агарда улар бундай ишларини тўхтатмаса, биз уларнинг суратларини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб, уларни бола-чақаси, қариндош-уруғи, қуда-андаси олдида шарманда қилишга тайёрмиз, деди Турсуной Айтматова.

Маълумотларга кўра, Ўшда жинсий хизмат кўрсатиш хизмати мавжуд бўлган дам олиш жойларини текширишда яна бир муаммо бор. Бу мазкур дам олиш жойларига ҳуқуқ-тартибот тизимида ишловчи айрим юқори лавозимли шахсларнинг “ҳомий”лик қилаётганидир.

Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Адил Қуланбаев, агарда бундай шахслар аниқланса, уларга қарата тегишли чоралар кўрилишини маълум қилди:

- Милиция ходими бўладими ёки ҳукумат ходими бўладими - уларнинг айби ошкор бўлиб, исботланса, тегишли чоралар кўрилади, деди Адил Куланбаев.

Маълумотларга кўра, фоҳишабозлик катта даромат келтирувчи манбалар орасида гиёҳванд моддалар, қурол-аслаҳа ва одам савдосидан кейин 4-ўринда туради.

Ўшлик айрим мустақил кузатувчиларнинг айтишларича, Қирғизистонда асосан қўшни мамлакатлардан келган қизлар фоҳишалик қилса, қўшни мамлакатларда бунинг аксини кузатиш мумкин. “Шу сабабли мамлакат куч ишлатар тизимлари фоҳишаларга қарши курашни ўзларининг қўшни давлатлардаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда олиб боришлари керак”, демоқда кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG