Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:22

Қирғиз сиëсий маҳбусларига озодлик сўралмоқда


Олойда йўлни тўсганлар Бакиев олдига жиддий талаблар қўйилган шиорларни ҳам кўтариб чиқдилар.
Олойда йўлни тўсганлар Бакиев олдига жиддий талаблар қўйилган шиорларни ҳам кўтариб чиқдилар.

Қирғизистонда сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби билан ўтказилаётган очлик акцияси давом этмоқда. Бишкекда норозилар очлик эълон қилган бўлса¸ Олойда мухолифат тарафдорлари магистрал йўлни тўсиб қўйишди.

Очлик акциясига қўшилганлар собиқ Мудофаа вазири, президент Бакиев сиёсатига норозилик сифатида мамлакат Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимдан истеъфо берган Исмоил Исақовнинг 11 январ куни Бишкек гарнизон суди суди томонидан 8 йилга озодликдан маҳрум қилинганига норозилик билдирмоқдалар.

- Биз Исақовни бўшатишмагунича очликни тўхтатмаймиз, ўтираверамиз, деди Бишкекда очлик эълон қилган одамлардан бири Жибек Бўкушева.

Ҳукуматга қўйилган талаблар бажарилмагунича норозилик намойиши тўхтатилмаслигини айтаëтган 9 киши бошларига “Бакиев репрессияни тўхтат!”, “Сиёсий маҳбуслар озод қилинсин!”, деб ёзилган оқ лента боғлаб олган.

Мазкур тадбир ташкилотчиси Тўпчубек Турғуналиевнинг маълум қилишича, акция иштирокчилари хавфсизлиги ва соғлигини таъминлаб бериш талаби билан Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига мактуб юборилган:

- Шаҳар милицияси бошлиғи Азамат Бектенов билан участка милиционери Жирғалбек Эргешов бугун эрталаб келиб кетишди. Биз улар орқали Ички ишлар вазирлигига “бизнинг хавфсизлигимизни таъминлаб беринглар”, деб ёзилган хатни бериб юбордик.

Бундан ташқари Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам “муддатсиз очлик акцияси бошланди, бизнинг соғлигимиздан ҳабардор бўлиб туринглар”, деган хат юбордик. Бу ерда ўзимизнинг шифокор бўлгани билан қўққисдан бировнинг аҳволи ёмонлашиб қолса, тез ёрдам келиши керак, деди Тўпчубек Турғуналиев.

Сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби билан Олой тумани Сўпиқўрғон қишлоғида ҳам норозилик намойиши давом этмоқда. 13 январ куни Олой туманида қарийб 500 киши норозилик намойишига чиққан ва Ўш – Сари Таш – Эргаштом йўлини тўсиб қўйган. Натижада йўлнинг ушбу участкасида юзга яқин автомашина тўхтаб қолган.

- Эргаштом йўлини тўсдик. Охири чидамаганимиздан йўлни тўсишга тўғри келди. Бакиев Қирғизистоннинг ишонган одами бўлса, бизга бошчилик қилса, нима учун халқдан хабар олмайди, деди намойиш иштирокчиларидан бири Шайназар Ўтўров.

Маълумотларга кўра, милициянинг махсус қуролланган гуруҳи аралашуви билан Ўш-Эргаштом йўли қайта очилган.

Сиёсий маҳбуслар¸ хусусан собиқ Мудофаа вазирини озод қилиш талаби билан бўлиб ўтаётган норозиликларга ҳозирча давлат раҳбарияти ўз муносабатини билдирмади.

13 январ куни Олойда тўпланган халқ олдига туман ҳокими ва прокурори бориб, норозилик намойишини тўхтатишни сўраган. Бироқ халқ уларни эшитишни ҳам истамаган.

Президент Қурмонбек Бакиев бошчилигидаги “Оқ йўл” партияси аъзолари эса собиқ амалдорлар устидан қўзғатилган жиноят ишлари ва суд ҳукмига сиёсий тус бериш тўғри эмаслигини таъкидлашмоқда.

“Оқ йўл” партиясининг парламентдаги вакили Айнура Кенжебаева ҳар ким қилган ишига яраша қонун олдида жавоб бериши керак деган фикрда:

- Ўзи қонунни талаб қилиб, ўзи шу қонунни бузганидан сўнг ўз жазосини олиши керак. Очлик эълон қилган опа-акаларимга “бунга сиёсий тус беришнинг кераги йўқ”, деб айтмоқчиман. Ўзларининг соғлиғини сақлашсин. Энг аввал бизга уларнинг соғлиғи керак, деди Айнура Кенжебаева.

Норозилар озод қилиниши ва оқланишини талаб қилаëтган сиёсий маҳбуслар рўйхатида собиқ Мудофаа вазири Исмоил Исақовдан бошқа судланаётган Аликбек Жекшенқулов, Эркин Бўлўкбаев, Сапар Арғинбаев, Уран Рисқуловлар бор. Уларнинг барчаси мухолифатдаги Бирлашган халқ ҳаракати аъзоларидир.
XS
SM
MD
LG