Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:17

Қирғизлар мадраса кўпайганидан ташвишда


Қирғизистонда 60 та мадраса, 8 та Ислом институти ва битта Ислом Университети фаолият юритмоқда.
Қирғизистонда 60 та мадраса, 8 та Ислом институти ва битта Ислом Университети фаолият юритмоқда.

Қирғизистонда ўз фарзандини билим олиш учун мактабга эмас, мадрасага бераётган ота-оналар сони ортиб бормоқда. Мутахассисларга кўра, шу кунларда мамлакатда фаолият юритаётган 70 га яқин диний ўқув юртлари назоратга олинмаса, келажакда саводсиз одамлар кўпайиши мумин.

Сўнги 4-5 йил ичида кўплаб ота-оналар ўз фарзандига билим бериш учун мадрасаларни танлай бошлади. Ота-оналар ўз фарзандини одобли, иймонли бўлиб улғайишида мадрасанинг таъсири катта деб ҳисоблайдилар.

Айни пайтда Қирғизистонда 60га яқин мадраса, саккизта Ислом институти, битта Ислом университети мавжуд.

Айрим мутахассислар 5 миллион халқи бор Қирғизистон учун бу миқдордаги диний ўқув юрти кўплик қилишини айтиб келадилар. Масалан, 26 миллион аҳоли яшовчи Ўзбекистонда, айни пайтда саккиз мадраса, бир Ислом Универститети борлиги айтилади.

Мутахассислар Қирғизистонда мавжуд мадрасалар талабга жавоб бермаслигини айтиб, бу тизимни тартибга солиш кераклигини таъкидлашмоқда.

- Билим бериш қонуни бўйича бизда 9 йиллик ўқиш мажбурий бўлиб ҳисоблангани билан айрим ота-оналар болаларини мактабдан чиқариб, мадрасаларга беришмоқда.

Кўп мадрасаларимиз Қуръон ва ҳадис ўқитишдан бошқа ҳеч қандай билим бермайди. Бундан ташқари бир мадрасанинг иш режаси иккинчисиникига тўғри келмайди. Бирови Покистон таъсирида, иккинчи мадраса арабларнинг таъсирида, учинчиси эса туркларнинг таъсирида,- дедиДавлат Дин комиссияси раҳбари Қанибек Ўсмўналиев.

Қирғизистонда мингдан ортиқ бола мадрасаларда билим олади. Бундан ташқари чет давлатларга мадрасаларда билим олиш учун кетганлар ҳам бор. Ўтган йили ўттизга яқин бола диний билимини мустаҳкамлаш мақсадида чет давлатлардаги мадрасаларга ўқишга кетган. Уларнинг аксарияти Араб Амирлиги, Миср, Иордания ва Туркияга кетган, орасида Покистонга кетганлар ҳам бор.

- Афсуски Покистонга даъватчилик курсларига боришмоқда, Райвант ва Лахўр шаҳарларига. Бу ҳам ҳукумат ва муфтият назоратидан чиқиб кетган. У ерга турист қатори бориб, ўша ерда қолиб ўқишмоқда ва турлича фикрлар билан келишмоқда, - деди Қанибек Ўсмўналиев.

Қанибек Ўсмоналиев бундай ҳолларнинг олдини олиш учун умумтаълим мактабларида дунё динлари тарихи дарсини киритиш бўйича чоралар кўрилаётганини қўшимча қилди.

Қирғизистон мусулмонлари бошқармаси эса 60 мадраса малакат учун кўплик қилмайди ва хавф туғдирмайди, деб ҳисоблайди.

- 60та мадраса Қирғизистон учун кўп эмас. Айни пайтда айрим сабабларга кўра ишламай турган мадрасаларимиз ҳам бор, - деди муслмонлар диний бошқармаси вакили Қубат Имаров.

Айни пайтда дин масалалари бўйича изланишлар олиб борган маҳаллий мутахасисларга кўра, ёшларнинг динга қизиқиши ва мадрасаларда билим олиши биргина Қирғизистонда эмас, умуман постсовет давлатларида кузатилмоқда. Бундай изланишларни “Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” таҳлилий маркази олиб борган.

Марказ директори Қодир Маликов ҳукумат бу жараённи тартибга солиши керак, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, мадрасада билим олаётган ёшларнинг кўпайишига бир қанча омиллар сабаб бўлмоқда.

- Бу табиий, мадрасаларда мактабдагидай рэкет тушунчаси йўқ. У ерда тарбия бошқа. Иккинчидан, қишлоқда ёки шаҳарда бўладими, болалар ота-онаси, яқинларига ёрдам бериш мақсадида бозорларда ишлашади ёки мардикорлик қилишади. Улар мактабга боролмайди ва ҳеч бўлмаганда мадрасада билим олишни истайди. Учинчидан, ёшларнинг кўпчилиги дунёқарашини бойитиш учун динни танламоқда. Шу сабабли ҳукумат мадрасаларни ёпишга шошмай, уларни талабга жавоб берадиган даражага етиши учун ёрдам бериши керак. Мадрасаларга мактаблардаги фанларни ҳам киритиш керак, - деди Қодир Маликов.

Мутахассислар Қирғизистон ҳукумати мадрасаларни модернизациялаб, уларда дунёвий фанлар ўқитилишини ҳам жорий этса яхши натижаларга эришиш мумкинлигини таъкидлашмоқда.
XS
SM
MD
LG