Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:48

Хайрулла Ҳамидовнинг "Xолислик сири"


Хайрулла Ҳамидовни эл орасида машҳур қилган дастур ҳукумат чиғириғидан ўтгач¸ эфирга узатилган.
Хайрулла Ҳамидовни эл орасида машҳур қилган дастур ҳукумат чиғириғидан ўтгач¸ эфирга узатилган.

Ўзбекистонда ўз фаолияти учун ҳуқуқ фаоллари¸ мухолифат вакиллари қамалмаган ойни топиш қийин бўлиб қолди. Одатда у ëки бу фаолнинг қамалиши ҳақдаги хабарни совуққина қарши оладиган Озодлик аудиториясини Хайрулла Ҳамидовнинг ҳибсга олиниши қаттиқ жунбушга солди.

"Хайруллa Ҳамидовни фақат мен эмас, бутун ўзбек халқи яхши кўради. Унинг диний-маърифий эшиттиришларини яхши кўради халқ".

"Эшиттиришларини мазза қилиб эшитардик Хайруллaнинг. Фикрлари чуқур йигит эди".

"У диний қадриятларимизни тиклашга, ахлоқ-одобга ундарди. Хайруллa Ҳамидов дастурлари орқали кўпчилик одамлар ўзини тўғрилаб олганларини биламан".

Бу - Xайрулла Ҳамидов қўлга олиниши билан боғлиқ воқеалар тўғрисидаги хабарларимиз кетидан тингловчиларимиз билдираётган юзлаб муносабатлардан баъзилари.

Хўш, Хайрулланинг муваффақияти сири нимада?

Хайрулла Ҳамидовни машҳур қилган нарса унинг “Холислик сари” эшиттириши эканлиги таҳририятимизга телефон қилаётганларнинг фикрларидан, сайтимизда қолдирилаётган фикрлардан яққол кўриниб турибди.

Хабарларга қараганда, асосан Рамазон ойларида Тошкентдаги “Наврўз” радиосида чиқиб турган бу эшиттириш эфирдан тушиб кетганига бир-икки йил бўлиб қолди.

Лекин “Холислик сари”нинг парчаларини Youtubeда ҳам кўплаб топиш мумкинки, айнан шу ҳолат ҳам Ҳамидов тайёрлаган эшиттиришларнинг мухлислари кўп эканлиги белгисидир.

Оддий ўзбекистонликларнинг бу эшиттиришга муносабатини юқорида келтирилган парчалардан билдингиз. Қолганларини сайтимиздаги Хайрулла ҳақидаги мақолаларга келган шарҳларни ўқиб¸ билишингиз мумкин.

Биз Хайрулланинг эшиттиришларига диний ва дунёвий уламолар, шоир ва адиблар, социологлар муносабатини ўрганишга ҳаракат қилдик.

Шоира, Ўзбекистон ТВси бошловчиларидан бири Хайрулла Ҳамидовни бундан 3-4 йил муқаддам таниганини, ўшанда анча серғайрат, билимдон бола бўлиб кўринганини айтди.

“Холислик сари”дан хабари йўқ экан шоиранинг.

Шоира Хайрулланинг қамалганини биздан эшитди.

Овозини ёзиб олишга рухсат бермагани учун исмини ҳам айтмоқчимасмиз.

Тошкентлик адабиётшунос олим “Хайрулла Ҳамидов деган исмни эшитганини” билдирди. “Холислик сари”дан хабари йўқ экан олимнинг. Хайрулланинг қамалганини биздан эшитди.

Овозини ёзиб олишга рухсат бермагани учун бу суҳбатдош исмини ҳам айтмоқчимасмиз.

Бошқа бир адабиётшунос олим Хайрулла Ҳамидовнинг бир шеърини автобусда кетаётганида эшитганини, лекин ўша шеърда хотинини корхона-ташкилотларда ишлашга изн берган эркаклар даюсдир, деган гапни эшитиб дили оғриганини айтди.

“Холислик сари”дан хабари йўқ экан бу олимнинг.

Олим Хайрулланинг қамалганини биздан эшитди.

Овозини ёзиб олишга рухсат бермагани учун исмини ҳам айтмоқчимасмиз.

Хотини бозорда беибо сўзлар¸
Синглиси Дубайда жазманин кўзлар¸
Келини шим кийган қалбингиз бузлар¸
Қизғаниш нелигин билмас беюзлар¸
Қиëматга беор қалби маюслар¸
Аҳли аëлини сотган даюслар.

Хайрулла Ҳамидовнинг Даюслар деган шеъридан парча бу. Бу шеър “Холислик сари” эшиттиришида берилганми-йўқми – аниқлай олмадик.

Диний олим, Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг масъул лавозимли амалдорларидан бири Хайрулла Ҳамидовни шахсан танимаслигини, лекин “Холислик сари”га “бир – икки бор қулоғи тушганини” айтди.

“Лекин бу эшиттириш муаллифининг диний илми мукаммал эмаслигини билганим учун унинг эшиттиришларини пойлаб эшитган эмасман”, деди.

Диний олимнинг Хайрулланинг қамалишидан хабари бор экан.

Овозини ёзиб олишга рухсат бермагани учун исмини ҳам айтмоқчимасмиз.

Тилга олинган 4 кишининг 3 нафари Озодлик саволларига баъзи-баъзида жавоб бериб турар, овозларини ёзиб олишимизга рухсат беришар эди.

Бу галги рад жавобининг боисини вазиятнинг нозиклигидан, деб тушундик.

Хайрулла Ҳамидовнинг яна бир шеъридан парча.

Шоирлари мансаб талашар,
Пешволарни мақтаб талашар,
Мўминлари мазҳаб талашар,
Ўзбекларга нима бўляпти?

Отилгандек мисли палахмон,
Ватангадо ҳолида ҳамон,
Рус ерида хор-у саргардон,
Ўзбекларга нима бўляпти?

Фарзларига амал қилмайди,
Суннатларни писанд илмайди,
Ҳаққин талаб қилиш билмайди,
Ўзбекларга нима бўляпти?

Хайрулла Ҳамидовнинг “Ўзбекларга нима бўлаяпти?” шеъридан парча бу. Бу шеър “Холислик сари” эшиттиришида берилганми-йўқми – аниқлай олмадик.

Шундай қилиб, Ўзбекистондан “Холислик сари” эшиттириши тўғрисида холис фикр билдира оладиган олим топа олмадик.

Узоқ йиллар Ўзбекистондаги нашриётларда диний адабиётлар муҳаррири бўлиб ишлаган, ҳозирда Европа мамлакатларидан бири яшаётган сиёсий қочқин Муқимжон Маҳмудов Хайрулла Ҳамидовнинг “Холислик сари” эшиттиришлари тўғрисида мана бундай деди.

Муқимжон Маҳмудов: "Холислик сари" деган эшиттириш ўз номи билан холисликда. Хайрулла Ҳамидовнинг гапларида қайсидир даражада самимият бор эди. Холислик бор. Холис тушунтиришга ҳаракат қилган бола. Гаплари дилга яқин¸ инсоннинг юрагига таъсир қиладиган. Шу таъсири билан одамларни ўзига тортган. Унинг илмий савияси олинадиган бўлса¸ унақа жуда чуқур олим эмас. Лекин оддий нарсаларни оддий гаплар билан тушунтиришга ҳаракат қилган ва ўзига хос чиройли натижаларга эришган.

Озодлик: Хабарингиз бор¸ бу йигитни диний ташкилотга аъзоликда айблаб ҳибсга олишди. Ўша эшиттиришларида экстремистик оҳанглар бормиди?

- Мен бир қанча эшиттиришларни эшитганман. Экстремизмга мутлақо алоқаси йўқ. Кўпроқ насиҳатомуз гаплар. Сўфийликка кўпроқ алоқадор нарса. Ўзбекистонда энди ҳамма нарсани ҳам сиëсийлаштириб юборадию. Бу шунақа нарса. Унинг гаплари насиҳатомуз гаплар эди холос. У ерда мен нимага қарши бўладиган нарсани эшитмаганман. Мен энди ҳамма эшиттиришларини эшитган эмасману¸ айримларини эшитганман. Ўша айримларидан хулоса қилиб айтиш мумкинки¸ бу унинг йўналиши эмас. Яъни жанговар йўналиш эмас. Унинг йўналиши оддий одамларга оддий насиҳатлар¸ одамнинг дилини уйғотиш¸ яхшиликка¸ эзгуликка чорлаш. Шу нарса холос. Бошқа нарсани кўрмаганман¸ дейди Муқимжон Маҳмудов.

Аслида, суҳбатдошимизга берганимиз иккинчи савол ортиқча эди. Ўзбекистонда ишлаб турган оммавий ахборот воситасида расмий позицияга эмас, унинг бир четига зид келадиган гапнинг чиқиб кетиши мутлақо иложсиз эканлиги ҳеч кимга сир эмас.

Яна шуни ҳам айтиб қўйишимиз керакки, шу пайтгача Хайрулла Ҳамидов “Холислик сари” эшиттириши учун ҳибсга олинди, деган гап ҳам ҳеч қаерда пайдо бўлгани йўқ.

Эслатиб ўтаман, биз Хайрулла Ҳамидовнинг муваффақияти сирини ўрганишга ҳаракат қилаяпмиз.

Ҳозирда муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик социолог олим Камолиддин Раббимовни ҳам суҳбатга тортдик.

Хайрулла Ҳамидовнинг муваффақияти сирлари тўғрисида гапирар экан, социолог мана бундай деди:

- Ўзбек жамиятининг қўшнилардан фарқи шундан иборатки¸ 99 фоиз аҳолиси ўзини эътиқод қилувчи¸ яъни Худога ишонаман деб билади. Дин билан идентификация қилиш борган сари йилдан йилга кучайиб бораяпти. Ўзбекистонда диндорлик даражаси йилдан йилга сифат жиҳатидан ўзгариб бораяпти. 1990 йилларнинг охирида тахминан 10-11 фоиз аҳоли диний фаол ҳисобланар эди. Кейинги йилларда мана шу 14-15 фоизга кўтарилди. Хайрулла Ҳамидовнинг эшиттиришлари ўзбек жамиятига қаратилган кенг аудиторияли эшиттиришлар эди¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Камолиддин Раббимовнинг бу гапи, принципда, янги гап эмас: Ўзбекистонда диннинг позициялари йилдан-йилга кучайиб бораётгани сир эмас.

Масжидлар домлаларининг бир хилда зерикарли мавъизалари олдида Ҳайрулланинг мусиқа фонида ўқийдиган эҳтиросли матнлари анча жозибалики ва уни тингловчи эшитса ҳам эшитади, эшитмаса ҳам эшитади.

Камолиддин Раббимов билан суҳбатга қайтамиз. Хайрулланинг эшиттиришлари ҳақида гапирар экан, социолог эътиборимизни мана буларга қаратди:

- Ҳамидов ўзининг эшиттиришларидан бирида бир ҳикоя айтиб берди. Зўрлик билан¸ куч билан балиқчининг қўлидан балиқни тортиб олган инсон Оллоҳнинг ғазабига учраб¸ бутун бир қўлини йўқотади. Биласизми¸ бу жуда ҳам қизиқ бир ҳолат. Мана Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари бор¸ газеталари бор. Цензура бўлган ҳолатда оммавий ахборот воситалари¸ журналистлар тўғридан тўғри гапира олмайди. Шунинг учун айтилаëтган фикрнинг остидаги ғояларга¸ фикрларга эътибор берилади. Жамият мана шу орқали озуқа олади ва мана шу орқали сигналлар олади¸ дейди Камолиддин Раббимов.

Балки, ана ўша, социолог айтаётган “сигналлар”дадир Хайрулла Ҳамидовнинг муваффақияти?!

Эшиттиришларининг бир-икки Рамазондагина эфирга узатилган бўлишига қарамай, ёзуви ҳануз дисклари интернет орқали эшитилаётгани сири ана шу “сигналлар”дадир?

Хайрулланинг қўлга олинганидан ғазабга тушган юзлаб мухлисларини компьютер олдига ўтириб муносабат битишга мажбур қилган нарса ўша “сигналлар”дир?

Балки Хайрулланинг қўлга олинишига қандайдир икки чинозликнинг қандайдир чақувимас, балки унинг ўша “сигналлари” сабаб бўлгандир?

Холислик саридан парча:

"Оллоҳ таоло Қуръони Каримда ҳам “Оллоҳга итоат қилингиз. Оллоҳнинг Расулига итоат қилингиз ва ўзингиздан чиққан раҳбарга ҳам” қабилида хитоб қилади. Эътибор берган бўлсангиз¸ буйруқ феъли Оллоҳ ва унинг Расулига боғланмоқда. Чунки Оллоҳнинг ҳукми ва Расулуллоҳнинг ҳадисларига ўйланмай итоат қилинади. Бироқ раҳбарлар масаласида ўйлаб кўрилади. Оллоҳнинг йўлидан тўсувчи ишларга итоат қилмаслик шарти билан парвардигор ўзининг китобига итоат қилмоқ¸ яъни буйруқ феълини раҳбарга нисбатан қўлламаган. Яна бир дақиқ назар. Ўзингиздан чиққан раҳбар. Ушбу калимадан оддий хулоса. Раислар ҳамиша қавм ичидан чиқади. Ҳадиси шарифда айтилганидек¸ қавм қандай бўлса¸ унинг бошлиғи ҳам шундай бўлади. Муовия ҳазратларининг олдига кирган аъробий Оллоҳнинг каломини ҳамма нарсадан олий деб билгани учун ҳам унинг амири улуғ саҳобий Муовия (р.а) эди. Бизнингча¸ энди бошқа гапнинг ҳожати йўқ. Токи биз ўзимизни тўғирламас эканмиз¸ бизни идора қилаëтган инсонлардан шикоят қилишга ҳақли эмасмиз".

Азиз муштарий¸ Сиз нима дейсиз:

Хайрулланинг муваффақияти сири нимада?
XS
SM
MD
LG