Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:47

Тошкент газ қарзини талаб қилаяпти


Ўзбекистон Қирғизистон жанубига газ беришни 50 фоизга камайтирди. Бу борада Қирғизистон энергетика вазири ўринбосари Қубаничбек Жусупов парламент қўмитасида 9 феврал куни қилган чиқиши чоғида маълум қилди.

Қирғизистон энергетика вазири ўринбосари Қубаничбек Жусуповнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Қирғизистон жанубига газ узатишни 4,5 миллион долларлик қарз сабабли камайтирган.

“Ўшгаз” бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Тоҳиржон Алимовнинг Озодликка маълум қилишича, айни пайтда қирғиз газчилари мазкур қарзни тўлаш чораларини кўрмоқдалар:

- Газ дебиторлик қарз сабабли 50 фоизга қисқартирилган. Бироқ бугун 4,5 миллион пулни Ўзбекистонга ўтказиб беришадиган бўлган. Пул ўтказилганидан кейин эртадан яна очиб берса керак. Депутатлар бизнинг вазирликка: “эртага қайси маблағ, қайси резервдан бўлса ҳам пулни тўланганлар”, деб топшириқ берган. Биз ҳам бугун пул ўтказилса, эртага газ бўлади, деб ишониб турибмиз, деди Тохиржон Алимов.

Шу йилнинг 9 феврал куни Қирғизистон парламентининг иқтисодий тармоқларни ривожлантириш қўмитасида бўлиб ўтган йиғилишда депутатлар Ўзбекистондан олинажак газ масаласини муҳокама қилишди.

Қирғизистон парламенти депутатлари “Қирғизгаз” акционерлик жамиятининг йил бошидан буён Ўзбекистон олдидаги газ учун қарзи 4,5 миллион долларга етиб қолгани, қарз яқин орада тўланмаса, Қирғизистоннинг жанубигина эмас, шимолий ҳудудлари ҳам газсиз қолиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Қирғизистон энергетика вазирлиги расмийларига кўра, ўзбек гази муаммоси фақат дебиторлик қарзлари билангина боғлиқ эмас. Сўнгги йилларда Қирғизистонда истеъмолчилар томонидан газ ўғирлаш ҳоллари кўпайиб, “Қирғизгаз” раҳбарияти камомад ўрнини ҳукуматдан олинган маблағ эвазига тўламоқда.

- 360 миллион сўм (қарийб 8,2 АҚШ доллари – таҳр.) дебиторлик қарз бор. Бу қарзлар асосан аҳоли, саноат корхоналари ва бюджет муассасаларига тегишли, дер экан Қирғизистон энергетика вазирининг ўринбосари Қубаничбек Жусупов сўнгги пайтда йиғилиб қолган газ қарзини узишда ҳам қирғиз газчилари ҳукумат кўмагига муҳтож эканини қўшимча қилди.

“Қирғизгаз” акционерлик жамияти раҳбари Саламат Айтикеевнинг айтишича, 2010 йилда Ўзбекистон газни ўтган йилга нисбатан 20 долларга арзонлатган бўлса-да, қирғиз сўмининг долларга нисбатан қиймати пасайиши оқибатида табиий газ ўтган йилга нисбатан қимматга тушмоқда.

- Газ нархи 2-3 баробар қимматлагани учун газнинг миқдори бир қанча озайди. Масалан, 2008 йилда 750 миллион куб метр газ олинган бўлса, 2009 йилда атиги 315 миллион куб метр газ олинди, деди Саламат Айтикеев.

“Қирғизгаз” раҳбари йирик саноат корхоналари мазутга ўтиб, Ўзбекистоннинг қиммат газини асосан аҳоли ва айрим бюджет муассасаларигина фойдаланаётганини ҳам қўшимча қилди. Унинг айтишича, газ учун қарзи энг кўп экани айтилаётган Ўш вилоятида газ қувурларидаги йўқотишлар 47 фоизга етиб, тармоқ бундан йилига 500 минг доллар зиён кўраяпти.

Айтиб ўтиш керакки, Қирғизистонлик истеъмолчилар айни пайтда газни 13,5 сўмдан сотиб олмоқда. Маълумотларга кўра, Қирғизистон энергетика вазирлиги ҳозирда ушбу нархни 15,5 сўмга кўтариш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.

“Қирғизгаз” акционерлик жамияти газ ўғирлашга қарши олиб борилган ишлар доирасида 20 мингдан зиёд истеъмолчига газ ҳақи олдиндан тўланиши кўзда тутилган ҳисоблагичлар ўрнатмоқда. Расмийларга кўра, 2010 йилда бу ишлар якунига етса, аввалги йиллардагидай Ўзбекистондан сотиб олинган газнинг ярмига яқини ўғирланмай, тармоқ фойда келтирувчи энергетик компанияга айланиши мумкин.

Парламент депутати “Ақ жўл” фракциясининг аъзоси Арзибек Бурқанов фикрича, бу жабҳадаги салбий кўринишлар ошишига ҳукуматнинг “Қирғизгаз”даги ўз акцияларини Россиянинг “Газпром” ширкатига сотишга урингани сабаб бўлди.

- “Газпром” акционерлик жамияти келади” дейилгач, яна газ ўғирлашлар бошланди. Буни одамлар ҳам айтмоқда. Биз ҳам ўша одамларнинг орасида яшаймиз. Бугун чора кўраяпсизлар. Бироқ чора кўриш учун энди кеч бўлди, деди Арзибек Бурқанов.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 5 февралидан “Ўшгаз” акционерлик жамияти мамлакат жанубидаги айрим ҳудудларга газ беришни озайтирган, айрим ҳудудларига эса батамом тўхтатганди.

“Қирғизгаз” раҳбарияти буни газ берилиши тўхтатилган ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг газ учун қарзи кўпайиб кетгани билан изоҳлаган.
XS
SM
MD
LG