Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:48

Қирғизлар ўзбек газига муқобил ёнилғи изламоқда


Қирғизистон газ берилиши тўхтатиб қўйилиши айтилганидан сўнг Ўзбекистондан бўлган қарзининг бир қисмини тўлади.
Қирғизистон газ берилиши тўхтатиб қўйилиши айтилганидан сўнг Ўзбекистондан бўлган қарзининг бир қисмини тўлади.

Қирғизистон парламенти ҳукумат олдига ўзбек гази қарамлигидан қутилиш, газни Россия ва Қозоғистондан сотиб олиш ҳамда мамлакат жанубида мавжуд, лекин катта заҳирага эга бўлмаган газ конларини ишга тушириш масаласини қўймоқда.

“Қирғизгаз” очиқ ҳиссадорлик жамияти матбуот хизматининг маълум қилишича, “Ўзтрансгаз” ҳисобига ўтказиб берилган 4,8 миллион доллар Қирғизистоннинг Ўзбекистон олдидаги газ учун бўлган қарзининг 90 фоизини ташкил этади.

Ўзбекистондан бўлган қарзни тўлаш баробарида Қирғизистонда ўзбек газига муқобил ёнилғи излаш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда.

12 феврал куни Қирғизистон парламенти депутатлари ўзбек газининг ўрнига Россиядан суюлтирилган газ ёки Қозоғистон газини сотиб олиш масаласини кўтаришди.

Қирғизистон энергетика вазири Илёс Давидов айни пайтда бу масала ҳам кўриб чиқилаётганини, бироқ Ўзбекистон газидан бутунлай воз кечиш имкони йўқлигини айтди:

- Бир неча йил олдин биз 2,5 миллард куб газ олар эдик. Бу йилда эса Ўзбекистондан фақат 200 миллион кубметр газ сотиб олиш кўзда тутилган.

Бизнинг ёнилғи-энергетика балансида табиий газдан фойдаланишни озайтириш бўйича йўналишлар бор. Бироқ яқин йилларда табиий газдан тўла бош торта олмаймиз. Негаки бунинг учун жуда катта пул керак, - деди Илёс Давидов.

Парламентдаги социал-демократлар фракцияси раҳбари Рўза Ўтунбаева Қирғизистон газни қўшни мамлакатларга нисбатан ўта қиммат баҳода сотиб олаётганини айтди:

- Ўша газни Қозоғистон жанубий ҳудудлари учун 84 доллардан сотиб олади. Белорус Россиядан газни 168 доллардан сотиб олади. Биз олаётган 200 миллион кубметр газ Ўзбекистон йил бўйи ундираётган 54 миллиард кубметр газнинг бир томчиси, - деди Рўза Ўтунбаева.

Қирғизистон парламенти депутатларидан бири Алмаз Каримов газ муаммоларини бир мунча ҳал қилиш учун қирғиз ҳукумати мамлакатда мавжуд бўлган газ конларига эътибор қаратиши керак, деб ҳисоблайди:

- Боткенга борсанглар газ бекордан чиқиб ётибди. Ўшани қарагани ҳеч ким йўқ. Нима учун ўшанга инвесторларни жалб қилиб бермайсиз? Қачонгача биз Ўзбекистондан сўраб юрамиз? Ўзимизнинг газдан фойдаланишни бошлаш керак, -деди Алмаз Каримов.

Қирғизистон парламентида бўлиб ўтган йиғинда “Қирғизгаз” компанияси томонидан аҳолига сотилаётган газ нархини 2010 йилнинг ўрталарида 16 фоизга қиматлатилиши ҳам тилга олинди.

Айрим депутатларга кўра, аҳоли газнинг ҳозирги нархидан ҳам норози бўлмоқда. Агарда унинг нархи яна қимматласа, аҳоли орасида катта норозилик юзага келиши мумкин.

Парламент депутатлари, шунингдек, қишнинг совуқ кунларида одамларни газсиз қолишига сабабчи бўлган “Қирғизгаз” раҳбарларига нисбатан тегишли чоралар кўрилиши кераклигини ҳам айтишди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта сўнггида Ўзбекистон қарз тўланишини талаб қилиб Қирғизистонга газ беришни 50 фоизга камайтирган. 11 феврал куни эса, “Ўзтрансгаз” агарда қарз тўланмаса Тошкент вақти билан соат 17.00дан бошлаб газ берилиши бутунлай тўхтатилиши тўғрисида телеграмма жўнатган.

Қирғиз расмийларинг Ўзбекистон билан олиб борилган музокаралари натижасида Қирғизистон қарзни яқин 2-3 кун ичида тўлашга ваъда берган ва газ ўчирилмаган.
XS
SM
MD
LG